Бугун Шоҳжаҳон Эргашев бошчилигидаги профессионал боксчиларимиздан ғалаба кутамиз!

Россиянинг Красногорск шаҳрида “Vegas City Hall” аренасида профессионал бокс кечаси бўлади.

Асосий жанглардан бирида енгилмас боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев беларуслик Дмитрий Мишюла билан рақобатлашади.

Профессионал боксчилик фаолиятини 2015 йили бошлаган ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси шу кунга қадар, 18 та жангнинг барчасида зафар қучган ва 16 марта муддатидан олдин ғалабага эришган.  

Ol6QYrAsmJxcaRqK4Tf4smqC_c_mbwSV

Унинг рақиби Дмитрий Мишюла тўққизта ғалаба (тўртта нокаут), учта мағлубият ва битта дуранг қайд этган. Беларуслик боксчи ҳаваскорлар ўртасидаги фаолиятини ҳам давом эттирмоқда ва ўтган йили ўз мамлакати чемпионлигига сазовор бўлди.

Шоҳжаҳон Эргашев ва Дмитрий Мишюла ўртасидаги рейтинг жанги саккиз раунд қилиб белгиланди.

Красногорсдаги бокс кечасида яна икки нафар ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси ҳам рейтинг жангларида иштирок этади.

Ярим ўрта вазн тоифасида (66.6кг) фаолият олиб бораётган Мирзакамол Неъматов ўзининг иккинчи жангини ўтказади. Шоҳжаҳон  Эргашевга қарашли "Shohjahon_Gym" залида шуғулланаётган Мирзакамол профессионал боксчилик фаолиятини шу йилнинг сентябрь ойида бошлаб, дебют учрашувида Дмитрий Антиповни биринчи раунддаёқ нокаутга учратганди.

мирза

Унинг бу галги рақиби Россия шарафини ҳимоя қилаётган Алишер Ашуров бўлади. Бу Алишер учун фаолиятидаги ўттизинчи жанг ҳисобланади. Беллашув тўрт раунд қилиб белгиланди.

Россиядаги профессионал жангларда қатнашаётган яна бир ҳамюртимиз Алишер Шодиев учинчи маротаба рингга кўтарилади.

25 ёшли самарқандлик чарм қўлқоп устаси ўтган йили декабрь ойида ташкил этилган илк учрашувида бешта ғалабадан иборат рекордга эга бўлган россиялик Аслан Кабисовга очколар ҳисобида ютқазиб қўйган эди.

Алишер бу йил сентябрдаги иккинчи жангида  Мутриб Карамбахшовни мағлуб этиб, ғалабалар ҳисобини ҳам очди. Энди ўзбекистонлик боксчи учинчи жангида худди ўзи сингари биттадан ғалаба ва мағлубият қайд этган россиялик  Муҳаммадризо Муталибовга қарши жанг қилади.

Алишер Шодиев ва Муҳаммадризо Муталибов ўртасидаги рейтинг жанги олти раунд давом этиши режалаштирилган.

Ушбу профессионал бокс кечаси Sport TV канали тўғридан-тўғри олиб берилиши  режалаштирган. Жанглар Тошкент вақти билан 23:30 да бошланиши кутилмоқда. 

Шоҳжаҳон Эргашев энг ноқулай рақибга қарши жанг қилади!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)