Шоҳжаҳон Эргашев энг ноқулай рақибга қарши жанг қилади!

  • 15 ноябрь, 2020, 17:05
  • 0
  • Бокс

16 ноябрь куни Красногорсдаги “Vegas City Hall” аренасида турли мамлакатлардан келган чарм қўлқоп усталари иштирокида профессионал бокс кечаси ташкил этилади.

Унда енгилмас боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев фаолиятидаги 19-жангини ўтказади. Бу гал ҳамюртимизга беларуслик Дмитрий Милюша рақиблик қилади.  Шоҳжаҳон шу кунгача 18 та жангнинг барчасида ғалаба қозонган, 16 та нокаут қайд этган. Фарғоналик чармқўлқоп устаси АҚШда ўтказилган жангларда Микал Фокс, Сонни Фредриксон каби енгилмас боксчиларнинг илк бор мағлубият аламини тотишга мажбур қилган. Шунингдек, Адриан Эстрелла, Абдиел Рамирез, Назарено Гастон Руиз, Жиминг Ванг сингари тажрибали ва кучли рақибларни ҳам таслим қилишни уддалаган.

hqdefault_4

Шоҳжаҳоннинг  бу галги рақиби Дмитрий Милюшанинг рекорди камтарроқ. У тўққизта ғалаба, учта мағлубият ва битта дуранг қайд этган.

Рекордларга қараганда, устунлик Шоҳжаҳон томонида. Лекин профессионал бокс мутахассислари бўлажак жангда ўзбек боксчисига осон бўлмаслигини ва мухлисларни ажойиб тўқнашув кутиб турганини таъкидламоқда.

Шоҳжаҳон Эргашев йил бойидан бери жанг қилмади. Орадан ўн ой вақт ўтди. Ҳозир унинг қандай формада эканини ҳеч ким билмайди. Ўзбекистонлик чарм қўлқоп устасининг жанг усули ҳаммага таниш. У тинмай ҳужум уюштиради ва кучли зарбаси билан рақибини нокаутга туширишга ҳаракат қилади. Чапақай бўлишига қарамай, ўнг қўлда ҳам кучли зарба бера олади.

Дмитрий Милюша Шоҳжаҳон учун ўта ноқулай рақиб. У ҳам чапақай боксчи. Бўй басти, қулочининг кенглиги Шоҳжаҳонники билан бир хил. Беларуслик боксчининг асосий устунлиги унинг жанг услубида. Бу боксчи очиқ жангга киришмайди. Асосий эътиборни мустаҳкам ҳимоя ва ўткир қарши ҳужумга қаратади. Дима ҳам  рақиби каби кучли зарбага эга. 

Дмитрий Милюша ҳаваскор боксда катта тажриба тўплаган. 2019 йили у ўз вазнида барча рақобатчиларини енгиб,  Беларусь чемпионатида ғолибликни қўлга киритди.

Бўлажак жангда ҳужумкор панчер билан қарши ҳужумлар устаси ўзаро тўқнаш келади. Бу беллашувнинг кескин ва муросасиз ўтишидан далолат бермоқда.

Шоҳжаҳон Эргашев жангга асосан Москва шаҳридаги ўзига тегишли бўлган "Shohjahon_Gym" спорт залида тайёргарлик кўрди.

- Россияда жуда кўп ҳамюртларимиз шуғулланади.  Уларга амалий ёрдам бериш мақсадида Москвада спорт зали очганмиз. Бу ерда бокс, профессионал бокс ва аралаш жанг санъатлари билан жиддий шуғулланаётган спортчилар беллашувларга тайёрланиши учун барча шароитлар бор. Ҳаваскор одамлар ҳам саломатлигини мустаҳкамлаш учун залга келиши мумкин.  

Ўзим ҳам "Shohjahon_Gym" залида машқ қиламан. Бўлажак жангга ҳам тайёрман, - деди Шоҳжаҳон Эргашев sports.uz мухбирига.

1546440653_d7b2558fd6f9a0d38276920c4e319f71

Шоҳжаҳон Эргашев Халқаро бокс федерациясининг (IBF) яқинда эълон қилинган рейтингида вазни 63,5 килограмм бўлган боксчилар рўйхатида бир поғона юқорилаб, 4-қатордан жой олди. Боксчимизнинг асосий мақсади профессионал бокс бўйича жаҳон чемпиони бўлиш. Коронавирус пандемияси туфайли протоутерлар бу йил Шоҳжаҳонга  чемпионлик жангларини ташкил қилиб бера олмади. Бироқ, Эргашев келаси йилга катта жангларда иштирок этишига ишонмоқда.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!