Бугун Яхшибоев Европа Лигасида дебют қилади
Бугун “кўҳна қитъа”нинг кўплаб жамоалар Европа Лигаси саралаш турнирининг биринчи босқич учрашувларини ўтказади. УЕФА томонидан жорий қилинган қоидага биноан, бу раунд битта ўйиндан иборат бўлади ва кучлар тенг келган тақдирда қўшимча вақт белгиланади. Шунда ҳам ғолиб аниқланмаса, пенальтилар серияси ўтказилади. Ғолиблар иккинчи босқичга йўлланма олади.
Қитъанинг икки нуфузли турниридан бири бўлган мусобақа финалига 2021 йилнинг 26 май куни Польшанинг Гданьск шаҳри мезбонлик қилади.
Ўзбекистонлик легионер Жасур Яхшибоев тўп сураётган Солигорскнинг “Шахтёр” жамоаси саралаш турнирининг дастлабки учрашувида ўз майдонида Молдованинг “Сфинтул-Георге” жамоаси билан куч синашади.
Айни пайтда Беларусда футбол экспертлари, журналистлар ва мухлислар жамоаларнинг имкониятларини таҳлил қилишга эътибор қаратмоқда. Ушбу мамлакат футболини ёритишга ихтисослашган “Прессбол” нашри мутахассислари мамлакатнинг энг қудратли клубларидан ҳисобланган “Шахтёр” дастлабки босқичдан қийинчиликсиз ўтишига ишонч билдирмоқда.
Нашр журналисти Николай Иванов жамоа имкониятлари ҳақида гапирар экан ўзбек футболчиси Жасур Яхшибоевнинг ўйинига юқори баҳо берди.
- “Шахтёр” Молдовадан келган рақибидан ҳар томонлама устун. Улар ўйинда молдоваликларни жарима майдонига “қамаб” қўяди. Чунки “Шахтёр” ҳужум қилишни биладиган жамоа. Ҳужумчилардан Жасур Яхшибоевнинг ажойиб дриблинглари, Архиповнинг аниқ зарбалари ғалабани таъминлайди, - деб ёзади Иванов.
“Сфинтул-Георге” жамоасида тўп сураётган Беларуснинг машҳур футболчиларидан бири Роман Волков ҳам мезбонлар молдоваликлардан ўйин борасида устунлигини тан олди. Бу футболчи ўз вақтида “Славия” жамоаси таркибида Беларусь чемпионати тўпурарлари баҳсида иккинчи бўлган ва “Минск” жамоаси билан мамлакат кубогида зафар қучган. У ҳар икки чемпионатда ўйнагани боис жамоалар имкониятини яхши билади.
- Пандемия даврида фақатгина Беларусь чемпионати давом эттирилган пайтда бутун дунёдаги мухлислар каби биз ҳам ушбу мамлакат жамоалари ўйинларини томоша қилдик. “Шахтёр” ҳозир Беларусларнинг энг кучли жамоаси эканини биламиз. Айниқса, солигорскликларнинг ҳужуми жуда кучли. Аслида бу хусусият Беларусь футболига хос эмас. Лекин бу жамоанинг олдинги чизиғида ўзбекистонлик легионер Жасур Яхшибоев ўйнайди, - деди “Сфинтул-Георге” ҳужумчиси Роман Волков.
Европа Лигаси саралаш турнирининг биринчи босқичидаги “Шахтер” - “Сфинтул-Георге” учрашуви Тошкент вақти билан 22:30 да бошланади.
Фикрлар