“Пахтакор” футболчиси Европага йўл олмоқда
Оммавий ахборот воситалари Беларусь чемпионати олий лигаси иштирокчиси “Энергетик-БГУ” яна бир ўзбек футболчиси Ҳумоюнмирзо Иминовни ўз сафига таклиф қилгани ҳақида хабар тарқатмоқда.
Маълумотларга қараганда, 20 ёшли футболчи айни пайтда минскликлар билан музокара ўтказмоқда ва тез орада янги жамоа таркибига қўшилиши мумкин.
“Энергетик-БГУ” жорий мавсумда “Пахтакор”дан Жасур Яхшибоевни, АГМКдан Шаҳбоз Умаровни ижарага олган эди. Ҳар икки футболчи бу жамоа таркибида ўз маҳоратини намойиш эта олди. Жасур Яхшибоев чемпионатнинг энг яхши футболчиси ва энг кўп гол урган ҳужумчи сифатида Беларуснинг қудратли жамоаларидан бири “Шахтёр”га таклиф этилди.
Шаҳбоз Умаров ҳам мамлакатнинг кўпкарра чемпиони БАТЭ билан шартнома имзолади ва келаси мавсумда борисовликлар сафига қўшилади.
Жасур ва Шаҳбознинг муваффақиятли ўйини хорижлик экспертлар ва мураббийлар эътиборини ўзбек футболига қаратди.
Ҳумоюнмирзо Иминов 2019 йилдан “Пахтакор” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. У миллий чемпионатдаги дебютини ўтган йили 19 октябрь куни Самарқанднинг “Динамо” жамоасига қарши учрашувда нишонлаган ва кейин яна учта ўйинда майдонга тушган.
Бу йилги суперлига баҳсларида Ҳумоюнмирзо “Бухоро” ва “Бунёдкор”га қарши учрашувларда захирадан ўйинга қўшилди.
Ҳумоюнмирзо Иминов Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ баҳсларида Эроннинг “Шаҳр Ходро” жамоаси билан бўлган ва “шерларнинг” йирик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланган беллашувда Сардор Собирхўжаев ўрнига майдонга чиқиб, қитъамиз клубларининг энг нуфузли турнирида ҳам дебют қилди.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоси ҳисобланган Ҳумоюнмирзо марказий ярим ҳимоячи ва ҳужумкор футболчи вазифаларини бажара олади. Трансферларга ихтисослашган transfermarkt портали Иминовнинг трансферини 125 минг еврога баҳолаган.
Фикрлар