“Челси” академияси – пухта ташкиллаштирилган юлдузлар фабрикаси
Декада бошида ўз академиясига эътибор қарата бошлаган лондонликлар раҳбарияти ортда қолган вақт мобайнида жуда катта ўсишга эришдилар. “Челси”нинг барча вакиллари ўз ишларига нисбатан талабчан ва танқидий руҳда ёндашгани эътиборга лойиқ. “Кўклар” ёш футболчиларни жамоага жалб қилиш, улар билан профессионал шартнома имзолаш борасида айбланган пайтда айнан академия уларни таркиблари сустлашмаслигига сабаб бўлди.Буларнинг самараси ўлароқ, биз бугун “аристократлар” асосий таркибида академиядан етишиб чиққан бир қанча юлдузларни кўрмоқдамиз. Ортда қолган мавсумда эса 8 нафар клуб тизимидан етишиб чиққан ёш истеъдодлар асосий таркибда дебют қилганлиги ҳам сўзимизнинг ёрқин исботи бўлиб хизмат қилади.
Мавсум аввалида жамоага трансфер тақиқи қўйилиши натижасида янги бош мураббий Фрэнк Лэмпард ўзи истаган трансферларни илк мавсумдаёқ амалга ошира олмади. Бу эса унга клуб ёшларидан фойдаланиш учун туртки бўлди. Ўша вақтда академияда “кўклар”нинг собиқ футболчилари Жоди Моррис ва Жо Эдвардс фаолият олиб борар эди. Улар ёш футболчиларни саралар, машғулот жараёнларига асосий жамоадан мутаҳассислар таклиф этиб, истеъдодларни уларга тавсия қилар эди. Шу сабабли Хадсон-Одои, Маунт, Абрахам, Жеймс, Гилмор каби ёшлар “аристократлар” таркибидан ўрин эгаллашга муваффақ бўлди.
“Биз болаларни руҳлантириш учун асосий жамоага саёҳатлар ташкиллаштирамиз”, - дейди Кобхэм футбол мактаби мураббийи Сэм Пейж. – “Ёш футболчиларимиз учун уларнинг тавсия ва йўл-йўриқлари жуда муҳим. Оз муддат аввал ёшлар таркибида ҳаракат қилиб, ҳозир катталар сафида ўйнаётган Мейсон, Темми, Рис каби футболчилар уларга ҳақиқий ўрнак бўлиши шубҳасиз.
Биз ёшларни нафақат истеъдоди учун қадрлаймиз, балки ёрқин келажак учун ҳаракат қилганларни устун деб биламиз. Лэмпард жамоа мураббийлигига келганида клуб ёшлари билан учрашиб, академиядаги футболчилар унинг учун нақадар муҳимлигини тушунтирган эди”.
“Челси” раҳбарлари кучли мутахассисларсиз яхши натижага эришиш қийинлигини тушунган ҳолда, академияга юқори савияли мураббийлар жалб қилишда давом этган. Жумладан, “Ливерпуль” ва “Лестер” клубларидаги фаолияти билан яхши таниш бўлган Брендан Рожерс, йиллар давомида Карло Анчелоттининг асосий ёрдамчиси вазифасида ишлаган Пол Клемент каби тажриба эгалари бир неча йиллар давомида “Кобхэм” академиясида фаолият юритган.
Буларнинг барчаси ўз самарасини беришни бошлади: “Челси” ёшлари 2015/2019 йиллар оралиғида 4 бор УЕФА Ёшлар лигаси финалига чиқиб, улардан 2 тасида зафар қучган. Шунингдек, ёшлар ўртасидаги Англия кубоги ҳамда 2 марта премьер-лига ғолиблигини қўлга киритишган.
Ва энди янада муҳим вазифа уларнинг олдида турибди: академия савиясини сақлаб қолиш. Бу борада уларга бир қатор мисоллар ҳам мавжуд. Масалан, бутун дунёда истеъдодлар етиштириш жиҳатидан энг олди ўринлардан бирида турувчи “Ла Масия” академияси сўнгги йилларда аввалгидек ишлай олмаяпти. Бунга сабаб “Барселона”нинг жуда юқори даражага кўтарилиб кетганлиги. Клуб супер ўйин кўрсата бошлаганидан кейин катта юлдузларга эътибор қаратишни бошлади. Табиийки, бу ҳолат ёшлар таркибидаги истеъдодларнинг “нонини яримта қилди”.
Яна бир ҳолат борки, бу кучли академияга эга клубларнинг асосий муаммоси. Яъни, “юлдузлар фабрикаси”га айланиб қолиш. Бир қатор жамоаларда бу вазият кузатилган. Хусусан, “Аякс”, “Бенфика”, “Милан” каби шонли тарихга эга клублар ўз вақтида юлдуз футболчиларини таркибда сақлаб қола олмаган ва бугунги кунда уларнинг даражасини юқори эмас.
Ўз навбатида, бошқа клублардан ҳам бир неча савияли футболчиларни мунтазам равишда сотиб оладиган “аристократлар” жамоада ажойиб мувозанат сақлай олган. Хусусан, янги мавсум олдидан ҳам бир қанча савияли футболчиларни олиб келган клуб президенти 2020/21 йилги мавсумда жамоасидан соврин талаб қилиши табиий. Дарҳақиқат, бундай кучли таркибга эга бўлган жамоа АПЛ чемпионлиги, Чемпионлар Лигаси бош соврини учун курашга қўрқмай кира олади.
Жавоҳир Азимов тайёрлади
Фикрлар