“Челси” катта трансфердан воз кечди
Англия Премьер-лигаси вакили “Челси” раҳбарияти “Ювентус” клубиан ярим ҳимоячи Дуглас Луисни трансфер қилиш ғоясидан воз кечиб, эътиборини бошқа ўйинчиларга қаратадиган бўлди.
Бу ҳақда журналист Дэвид Орнштейн Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Манбага кўра, Лондон клуби 27 ёшли бразилиялик футболчини олиш масаласини кўриб чиққан, у жамоа тизимига мос келади, деб ҳисобланган. Бироқ “Челси” мутасаддилари барибир Андрей Сантос ва ҳозирги таркибдаги бошқа футболчиларга устувор аҳамият беришга қарор қилган.
Дуглас Луис аслида Турин грандига тегишли бўлса-да, мавсумни ижара асосида “Ноттингем Форест” жамоасида ўтказмоқда. Тажрибали ярим ҳимоячи Англия чемпионатининг жорий мавсумида саккизта ўйин ўтказиб, самарали ҳаракатларни амалга ошира олгани йўқ.
Шунингдек, унинг ҳисобида Европа Лигасида тўртта ўйин ва битта голли узатма бор.
Бразилиянинг “Васко да Гамма” клуби тарбияланувчиси бўлган Дуглас Европага 2017 йилнинг ёзида келиб, “Манчестер Сити” сафига қўшилган эди. Кейинчалик “Жирона”да ижара асосида ўйнади ва 2019 йили “Астон Вилла”га трансфер қилинди.
“Ювентус” Луисни 2024 йили 51,5 миллион евро эвазига ўз сафига қўшиб олганди. Бироқ моҳир чарм тўп устаси Италия футболига мослаша олмади.
Фикрлар