“Челси”: Сен клубдан тез кет!
Англия Премьер-лигасида иштирок этаётган “Челси” клуби жамоанинг машҳур футболчиси Раҳим Стерлинг билан хайрлашишга қарор қилган. “Аристократлар” катта маош олаётган юлдузнинг январь ойидаёқ кетишини истаяпти.
Бу ҳақда Sky Sports News Х ижтимоий тармоғида хабар берди.
Манбага кўра, Лондон клуби айни пайтда футболчи ва унинг вакиллари билан музокаралар олиб бормоқда. Кутилишича, у қишки трансфер ойнаси ёпилгунига қадар жамоани тарк этади.
Январь бошида Раҳим Стерлинг ижара асосида “Вест Хэм”га ўтиш таклифини рад этгани ва “Фулхэм”га қўшилишни исташи ҳақида хабарлар чиққан эди.
Жорий мавсумда 31 ёшли футболчи “Челси” сафида бирорта ҳам ўйин ўтказмади, у асосий жамоадан алоҳида машғулот ўтказмоқда. Унинг Лондон клуби билан шартномаси 2027 йил июнигача амал қилади. Ўтган мавсумда Раҳим ижара асосида “Арсенал”да ўйнаган эди.
Фикрлар