Даврон Файзиев: "Агар раҳбарият..."

“Қўқон-1912” жамоаси ҳамон ғалабасиз сериясини давом эттиряпти. Бу сафар “Локомотив”ни қабул қилган қўқонликлар 0:0 ҳисобида дуранг натижани қайд этди. Учрашувдан кейин “Қўқон-1912” бош мураббийи Даврон Файзиев матбуот анжуманилда қатнашди.

- Бундай асабий ўйиндан кейин бир нима дейиш ҳам қийин. Гол урмасанг футболда ютмайсан, бу аниқ. Жамоамиз учун охирги турлар жуда оғир ўтяпти. Майдонда ҳатто дарвозабонни ҳам алдаб ўтиб тўп кирмаслик, билмадим...Изоҳ беролмайман. Йигитлар ўйнашди, ҳаракат қилишди. Ҳозир биз “Локомотив” ва “Сурхон” пастки ўринларда ёнма-ён турибмиз. 3 очко жуда зарур эди. Аммо яна муроса кўчасини танладик. Ўйинни такроран кўриб чиқиб, кейин бирор нима дейишим мумкин. Ҳозир эса нимадир деб айта олмайман. Ўйин давомида кўп вазиятларни кўкка совуриш ҳар қандай жамоани оғир аҳволга тушириб қўяди. Иккинчи давра бошланганидан бери ва бугунги ўйинни ҳам қўшиб ҳисобласак камида 15-20 та голли вазиятларни яратяпмиз. Бундан бошқа бирор нарса дейишга ожизман.

- Кетма-кет ғалабасиз серияларни бир сўз билан қандай ифодалаган бўлардингиз?

- Қандай ифодалашим мумкин? Ҳозир бу саволингизга жавоб берсам баҳона бўлиши мумкин. Агар жавоб бермасдан очиқ қолдираман десам бу ҳам нотўғри бўлади. Шу нарса мураббий сифатида пешонамга ёзилган экан. Футболчиларни айбдор қилишга ҳаққим йўқ. Чунки улар ҳаракат қилишяпти. Эътибор берсангиз, иккинчи даврада жамоа билан 6 та дуранг ва 2 та мағлубиятга учрадик. Бизга ҳар қандай вазиятда ҳам охирги 5 та ўйинда камида 3 та ғалаба керак. Ишлашда давом этамиз. Агар раҳбарият қандайдир қарор қабул қиладиган бўлса, буни ҳам тўғри қабул қилишга тайёрман. Чунки ҳар бир мураббийни пешонасида бор. Жамоа ўйнамаганида ёки вазиятларни ярата олмаганида унда мураббий айбдорликни 100 фоиз бўйнига олиши мумкин. Барибир раҳбарлар ҳар бир мураббийнинг ишини таҳлил қилишади. Улар қандай қарор қабул қилишса ҳам бунга ҳеч қанақа эътироз билдирмайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!