Дўсматовнинг мураббийлари ақлли экан...

Париж Олимпиадасининг бокс беллашувларида 51 килограммгача вазн тоифасидаги Ҳасанбой Дўсматов ва Сакен Бибоссинов тўқнашуви ҳали ҳам таҳлил қилинмоқда, жанг бўйича турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.

Чорак финалга тўғри келган ушбу беллашув Олимпиаданинг энг ёрқин жангларидан бўлди. Финал олдидан финал, деб таърифланган бокс “эл-класико”сида Ҳасанбой Дўсматов ашаддий рақибини мағлубиятга учратди.

Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий Жумабек Омурзаков Сакен Бибоссиновнинг мағлубиятига ҳакамлар қарорининг умуман дахли йўқлигини таъкидлаб, Дўсматов ниманинг эвазига устун келганини изоҳлаб берди.

- Дўсматов ўзини қийнагани йўқ. Ҳасанбой биринчи ва иккинчи раундларда хотиржам ўтказди. Лекин учинчи раундда ҳаммасини ҳал қилди. У “портлади”.  Чунки жангни тўғри ташкил қилди, унинг мураббийлари анча ақлли экан, - деди Жумабек Омурзаков.

Таниқли мураббий Дўсматов билан жангда Бибоссинов нега ўзини кўрсата олмагани, унга нима халақит қилганини ҳам таҳлил қилиб берди.

- Боксчига мутлақо ҳамма маслаҳат беради. Айниқса, маслаҳатлар керагидан ортиб кетса, одам “куяди”. Улар Сакенни шу даражада адреналин тузоғига тушириб қўйишдики, боксчи доим босим остида қолиб кетди.

Одам мунтазам адреналин таъсири остида бўлса, асаб тизимида тормозланиш юзага келади ва бу пасайишга сабаб бўлади. Бу ҳолатда спортчининг онги ортиқча нарсаларга тўла бўлгани учун диққатини жамлай олмайди. Ҳамма уни зўр, ютади, дейди.

Боксчиларни мағлубиятга етаклайдиган асосий иккита омил бор. Биринчиси – зарба ейиш. Иккинчиси – ютқазишдан қўрқиш. Сенга босим қилаверишса, мағлубиятга учрашдан чўчиб қоласан. Бу ҳолатда мияда тормозланиш бошланади. Сен бошқа нарса бўйича ишлашинг керак, лекин миянгга умуман бегона нарсаларни қуйиб қўйишади. Боксчи бунақада ўзи истаган тақдирда ҳам жангга мослаша олмайди.

Бундай бўлмасалиги учун олдиндан суткалаб у билан суҳбатлашиш керак. Бизда эса, психологлар йўқ, лекин ҳамма мукофот олади.

Бир гап: мен бир йиғилайлик ва ўша учрашувда мен боксчиларимиз нега уч раунд нафас ололмаслигини осонгина тушунтириб бераман, дегандим.

Бизда замонавий ускуна бор, у спортчи нафас оладими ёки йўқ, шуни ҳисоблаб беради. Илгари бунақа жиҳозларни ўз пулингга сотиб олишга мажбур бўлардинг, ҳаммаси қўлда ҳисобланарди. Ҳозир замонавий ускуналар бор, лекин ундан фойдаланишмайди. Улар ҳатто бу жиҳозлар нимага кераклигини, ундан қандай ишлатишни ҳам билишмайди.

Бу технологиялар боксчиларимизнинг нафаси нега уч раундга етмаётганини осонгина ҳисоблаб беради. Бу аппаратларда ҳамма нарсани ҳисоблаш мумкин. Фақатгина боксчининг психикаси заиф бўлса, бундан мустасно.

Йиғинга келасан, аппарат ёрдамида кўрсаткичларни оласан. Машғулотларни якунлайсан, яна боксчини аппарат ёрдамида текшириб, кейинги натижаларни оласан. Улар бундай қилишмай, буни хоҳлашмайди ҳам. Улар ўзларини жуда ақлли, деб билади.

Ҳозир ҳар қандай мураббийга беш жақиқа ичида ўз шогирдини ва унинг функционал тайёргарлигини қандай назорат қилишни тушунтириб бериш мумкин, - деди Жумабек Омурзаков.

Париж Олимпиадаси қозоғистонлик боксчилар учун муваффақиятсиз бўлгани таъкидланмоқда. Етти вазн тоифасида ўтган беллашувларда фақатгина Нурбек Оралбай ҳозиргача барча рақибларини енгиб, финалда қатнашиш имконига эга бўлди.

Қозоғистон терма жамоасининг ўз вазнида фаворит ҳисобланган қолган боксчилари Олимпиададаги иштирокини саралаш учрашувларидаёқ якунлади.

Баҳодир Жалолов муҳим янгиликни айтди!

Кроуфорд аввал Мадримовни мақтаб, кейин катта гапириб қўйди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!