Баҳодир Жалолов муҳим янгиликни айтди!

Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлик қилаётган ёзги Олимпия ўйинларининг бокс мусобақалари ҳал қилувчи паллага кирди.

Бу галги Олимпиада ҳам Ўзбекистон терма жамоаси чарм қўлқоп усталари учун муваффақиятли давом этмоқда. Эркаклар ўртасидаги бокс беллашувларига киришган етти нафар ҳамюртимиздан учтаси – Ҳасанбой Дўсматов, Лазизбек Муллажонов ва Асадхўжа Мўйдинхўжаев финал масаласини ҳал қилиб, якуний жангга тайёргарлик кўрмоқда.

Яна икки нафар ҳамюртимиз – Баҳодир Жалолов ва Абдумалик Халаков тез орада ярим финал жангларини ўтказади.

Ўта оғир вазнда ҳаваскорлар боксида энг кучли чарм қўлқоп устаси номини ҳеч кимга бермай келаётган Баҳодир Жалолов Париж Олимпиадасида ашаддий рақиби Қамшибек Кункабаевнинг кутилмаган мағлубияти ҳақида фикр билдирди.

Шунингдек, Баҳодир келажакдаги режалари ҳақида ҳам муҳим маълумотларни берди.

- Биз Қамшибек билан дўстмиз. Мен унинг мағлубиятидан жуда хафа бўлдим. Қамшибек билан финалда куч синашишни режалаштирган эдик. Унга келаси ишларида омад ва муваффақиятлар тилайман. Қамшибек Қозоғистон номини жаҳон ареналарида танитган спортчилардан бири.

- Ўзбекистон Олимпиадада учта олтин медаль олишга тайёрланяптими?

- Нега энди фақат учта? Бешта олтин медаль олмоқчимиз. Ҳозирча уч нафар боксчимиз финалга йўлланма олди. Энди финалга чиқиш Абдумалик Халаков ва менинг навбатим. Ўз жангларимизда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

- Кейинги Олимпия ўйинларида ҳам қанташиш режангиз борми?

- Йўқ, бундан кейин тўлиқ профессионал боксга ўтиб кетаман.

Париж Олимпиадасининг ўта оғир вазн тоифасидаги беллашувларда амалдаги олимпия чемпиони Баҳодир Жалолов норвегиялик Умар Муҳамад Шиха ва австралиялик Терамоана Жуниорни мағлубиятга учратиб, ярим финалга чиқди.

Финал йўлланмаси учун бўладиган баҳсда Баҳодир Жалолов финал йўлида германиялик Нелви Раман Тиафак билан жанг қилади. Жалоловнинг жанги 8 август куни тунги соат 01:00 дан кейин бошланиши белгиланган.  

30 ёшли Баҳодир Жалолов ҳаваскор боксчилар ўртасида Токио Олимпиадаси чемпиони ҳисобланади. Бундан ташқари, жаҳон чемпионатларида иккита олтин ва битта бронза медаль жамғарган.

Осиё ўйинлари ғолиби ва қитъа чемпионатларида уч маротаба шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган.

Баҳодир Жалолов профессионал боксдаги фаолиятини ҳам бошлаб юборган. Кучли зарбага эга ҳамюртимиз ҳозиргача профессионал рингда 14 та жанг ўтказиб, бу баҳсларнинг барчасида рақибларини муддатидан олдин мағлуб этган.

Ҳаваскорлар боксида барча нуфузли мусобақалар чемпионлигига сазовор бўлган Баҳодир Жалолов Париж Олимпиадасидан кейин тўлиқ профессионал боксга ўтади. Унинг навбатдаги мақсади профессионаллар орасида ҳам ўта оғир вазн тоифасида жаҳон чемпионлик камарини қўлга киритиш бўлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Сохипов Хусанбой
07/08/2024 16:02
Омадингини берсин укам, проф боксда хам галабалар ёр булсин.