Драган Черан: Финалдаги ўйинда ҳам бизнинг жамоа кучли эди"

Ўзбекистон Кубоги финалида «Пахтакор» ҳужумчиси Драган Черан АГМК дарвозасига учта гол урди ва ҳаммани яна бир бор ўзига қарата олди. Чиндан ҳам сербиялик легионер ўзига билдирилган ишончни ҳар томонлама оқлаяпти. Чемпионатда 22 та гол билан тўпурар бўлиб турибди. Бу ёқда эса Кубок финалида хет-трикка эришиб қаҳрамонга айланди. Фурсатдан фойдаланиб, Черан билан қисқача гаплашдик.

- Сиз ўйин қаҳрамонига айландингиз ва учта гол уриб ҳаммасини ҳал қилдингиз. Шу тариқа, Кубокни бошингиз узра кўтардингиз. Бундай пайтда сиздан бахтлироқ одам бўлмаса керак-а?

- Бу жуда ажойиб ҳиссиёт. Албатта, муҳим ўйинда ғалаба қозониб, Кубокни қўлга киритганимиздан ниҳоятда хурсандман.

- Умуман олганда, ўйин ҳақида нима деган бўлардингиз? Барибир «Пахтакор»нинг АГМКдан ҳар томонлама кучли эканлиги кўриниб турди…

- Албатта, кечаги учрашувда ҳам биз кучли жамоа эдик. Умуман олганда, бутун мавсумни пешқадам сифатида юқори нотада ўтказа оляпмиз.

- Энди Ўзбекистон Лига Кубоги финалида ҳам яна «Пахтакор» билан АГМК тўқнашувини кўрамиз. Бу сафар ҳам кўпчилик «Пахтакор»нинг ғалаба қозонишига ишоняпти. Бунга қандай қарайсиз?

- Кўрамиз, мен олдиндан нима бўлишини билмайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

- Сизнинг киритаётган голларингизга эътибор қилсак, айниқса, жарима майдони ташқарисида парашют услубида гол уришни ёқтирасиз. Бу сизнинг севимли ишингизми?

- Биласизми, мен узоқ масофалардан зарба бериб, дарвозабонларнинг хушёрлигини синаб кўришни яхши кўраман.

- Яқинда «Пахтакор» билан шартномангизни узайтирганингиздан хабаримиз бор. Аммо сизга хориждан ҳам таклифлар бўлаётгани ростми?

- Ҳа, менда бошқа клублардан таклифлар бор. Лекин шартнома бўйича «Пахтакор»да қоламан.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!