ЕЧЛ. “Челси” - “Севилья”: Превью
УЕФА Чемпионлар Лигаси 2020/2021 йилги мавсуми бошланиш арафасида. Старт санасиданоқ, финалга тенг учрашувлар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Буни турнир номи ҳам кўрсатиб турибди, бу - Чемпионлар Лигаси. Бу мусобақада ҳаракат қилаётган жамоаларнинг аксарияти чемпионлик нашидасини бир маротаба бўлса ҳам сурган. Хоҳ халқаро, хоҳ миллий чемпионат бўлсин, бир маротаба ғолибликни қўлга киритган жамоа улкан ўсишга эриша олади.
Бугунги ўйинлар орасида энг марказий беллашувлардан бири - “Челси” ва “Севилья” тўқнашуви. Европа Лигасининг сўнгги икки йилдаги чемпионлари ғолиблик учун тўп тепади. Қайсидир жиҳатдан, ушбу жамоаларнинг лигаларидаги ҳолатини бир-бирига қиёслаш мумкин. Иккиси ҳам сўнгги мавсум оралиғида катта ўсишга эришди. “Челси” бир нечта қимматбаҳо футболчилар, “Севилья” эса ўзига мос, қимматбаҳо мураббий билан кучайди. Хўш, футболдаги икки унсур тўқнашувида ғолиб ким бўлади? Биз ўз тахминимизни билдираверамиз, аммо барча нарса майдонда ҳал бўлади.
“Челси”
Янги мавсум аввалида “аристократлар” жуда ақлли трансферларни амалга оширгандек кўринди. Аслида-чи? Аслида ҳам шундай, аммо Хаверц ўз суммасига арзирли иш бажармаяпти. Вернер сўнгги турда дубль қайд этди. Ушбу икки голни юксак маҳорат билан ижро этди. Шунчаки, қойил! Хаверц гол ураётган, паслар бераётган бўлса ҳам, ўйини 80 млнлик эмас. Лондонликлар ўтказиб юборган голларнинг бири айнан унинг хатоси сабаб киритилди. Голни ҳам Тимонинг узатмасидан сўнг, бўш дарвозага йўллади.
Яна бир янги футболчи Зиеш эса шу куни АПЛда дебют қилди. Бир нечта вазиятда бурчак зарбаларини ижро этганини айтмаса, марокашлик хавбек умуман йўқолиб қолди.
Тьягу Силванинг майдонга туширилмаётгани ҳам ажабланарли ҳолат. Менди жароҳатидан тезроқ қайтмаса, Кепа билан Лэмпард жамоаси узоққа бора олмайдиган кўринади.
Энг муваффақиятли харид сифатида эса, Бен Чилуэлл эътироф этилмоқда. Чап қанот лотераль ҳимоячиси жуда фойдали ҳаракатлари билан Маркос Алонсони захирага михлади. Испаниялик тажрибали ҳимоячининг бош мураббий билан муносабатлари кескинлашгани ҳам асосий таркибдаги ўрнини бой беришига сабаб бўлди. Алонсога ёзги трансферлар ойнасида ва ундан аввалроқ, “Интер” унга харидор бўлаётганди. Кейинчалик, “неррадзурилар” Александр Коларов билан қанот ҳимоясидаги эҳтиёжини ёпди. “Кастилья” тарбияланувчиси эса, лондонликлар захирасида қолиб кетди.
Тахминий таркиб: Менди, Аспиликуэта, Тьягу Силва, Зума, Чилуэлл, Жоржиньо, Канте, Пулишич, Хаверц, Маунт, Вернер.
Иштирок эта олмайди: Маркос Алонсо, Гилмор.
Сўроқ остида: Зиеш, Менди.
“Севилья”
Андалусияликларда нотекис ўйинлар кетма-кетлиги кузатилмоқда. Айниқса, ҳакамлар билан келиша олмаяпти. Қизил карточкалар жамоа натижаларини орқага қараб олиб кетяпти. “Гранада”га қарши ўйиндаги мағлубиятни анча оддий қабул қилиш мумкин. Сабаби, ушбу жамоа футбол оммасининг катта қисми назарида кичкина жамоадек туюлса ҳам, жорий мавсумда Европа Лигасида иштирок этади. Сольдадо гранадаликлар ўйинига анчагина қўша олди ва жамоа бугун юқори позициялар учун курашмоқда.
“Барселона”га қарши ўйин учун уларга ҳурмат билан қараса арзийди. Тўғри, каталонияликларда янги жамоа шакллантириляпти. Аммо барибир исталган пайтда “блаугранас” дунёнинг ҳар қандай жамоасига қарши хавфли.
“Севилья”да трансферлар бўлмади. Аксинча, Лопетеги жамоасидан Регилон кетди. Унинг ўрнида тажрибали Серхи Эскудеро ўйнамоқда.
Испанлар Европа Лигасининг том маънодаги қиролига айланиб улгурди. Энди Чемпионлар Лигасида ўз сўзини айтиш палласи келди.
Тахминий таркиб: Буну, Навас, Карлос, Акунья, Фернандо, Ракитич, Жордан, Окампос, Сусо, Де Йонг.
Мураббийлар
Фрэнк Лэмпард: “Энг кучлиларга қарши ўйнаш сенинг тажрибангни оширади. Биз ўтган мавсумда “Бавария”га тўқнаш келдик ва етарлича тажриба тўпладик.
Концентрацияни ушлай билиш “Севилья” каби рақибларга қарши баҳсларда жуда керак бўлади. Мен ишлашда давом этишимиз лозимлиги ва шаклланган жамоани қуриш учун вақт талаб қилинишини таъкидлашдан чарчамайман. Биз баъзи янги футболчиларнинг хизматидан фойдаланмоқдамиз. Бизнинг олдимизда турган ҳар бир ўйин бу - ўрганишимиз лозим бўлган сабоқдир”.
Хулен Лопетеги: “Биз олдимизда кутиб турган баҳс ҳақида ўйлар эканмиз, хурсандчиликдан бошқа туйғуни ҳис қила олмаймиз. Катта турнирда жуда катта жамоага дуч келяпмиз. Уларда кучли таркибга эга яхши жамоа мавжуд. Ўз навбатида, мураббийни ҳам эътироф этиш жоиз. Унда ўз жамоасига керакли бўлган футбол фалсафаси ва билими бор
Доим ўйин даражасини ҳисобга олиб келганмиз. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам, ўз ғояларимизга таянамиз”.
Хулоса ўрнида
Жамоаларнинг ўз лигаларидаги ҳолатларига қараб, мезбонларда кичик устунлик борлигини кўришимиз мумкин. “Севилья”да чап қанот ҳимояси масаласида кичик муаммо мавжудлигини кўрдик. Эскудеросиз ушбу жамоа ҳимояси яна ҳам қийин аҳволда қолади. Шунингдек, сўнгги турларда кўп қизил карточка олаётган андалусияликларнинг ҳолатини асабий, деб баҳолаш ҳам мумкин.
“Челси”да сўнгги паллагача курашиш ҳислатлари етишмаяпти. Улар бир неча маротаба ғалабани қўлдан бой берган ҳолатларни кўрдик. Демак, Лопетеги бу жиҳатга яхшигина эътибор қаратиши аниқ. “Стемфорд Бридж”дан натижа билан қайтиш учун охиригача курашиш лозим.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар