
Элдор Мойлиев: "Ҳали имконият йўқотилмаган"
Аутсайдер “Шўртан” бу турда Қаршида воҳа дербиси доирасида “Насаф” майдонида беллашди. Кучли бўлган “Насаф” 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан сўнг “Шўртан” бош мураббий Элдор Мойлиев матбуот анжуманида қатнашди.
- Ўйинда режа бўйича қарши ҳужумдан фойдаланмоқчи эдик. Биринчи бўлимда буни уддаладик, яхши ҳимояландик. Қарши ҳужумлардаги хавфли вазиятлардан фойдалана олмадик. Иккинчи бўлимда таянч ярим ҳимоячиларимиз диққат-эътиборни йўқотишди. Биринчи голни ўтказиб юборганимиздан кейин иккинчисини хатоимиз туфайли ўтказиб юбордик. Ўйинни ўзгартиришга ҳаракат қилдик. 4-3-3 га ўтдик. “Насаф” яхши ҳимояланади, ҳимоясини ёриб ўтиш қийин бўлди. “Насаф”ни ҳақли ғалаба билан табриклайман
- Жасур Ҳакимов, Нуриддин Ҳасанов каби тажрибали ўйинчилар бор. Лекин уларни кам майдонга туширяпсиз...
- Иккаласида ҳам жароҳат бор эди. Энди тикланишяпти. Жасур Ҳакимов индивидуал шуғулланишга киришди. Ҳасанов ҳам жароҳатидан энди чиқди ва бугундан фойдаланишни бошладик. Улар асосий футболчиларимиз ва кейинги ўйинлардан улардан албатта фойдаланамиз.
- Анвар Бердиев кетганидан кейин жамоани қайси позицияларини ўзгартирдингиз?
- Ярим ҳимоячилар ва ҳужумчиларни таклиф қилдик. Бир-иккита легионер олмоқчи эдик, ўхшамади. Биз кўзлаган футболчиларни ололмадик. Ёшларни ва бошқа жамоаларда ўйин амалиёти кам бўлган ўйинчиларни олишга мажбур бўлдик.
- Бердиев кетгач, жамоанинг ўйини ва натижаси яхшиланаётгандек эди. Бироқ иккинчи даврада “Шўртан” яна пастга қараб кетяпти...
- Иккинчи даврага тайёргарликни кўп янги ўйинчилар билан бошладик. Уларни бир-бирини тушуниб кетишига озгина вақт керак бўлади. Уйдаги учрашувларни ҳам яхши ўтказяпмиз. Афсуски, қарши ҳужумларда гол ўтказиб юбордик. Вазиятларимиздан фойдалана олмадик. “Хоразм”, “Қўқон-1912”га қарши ўйинларимиздаги 6 очколик учрашувларда яхши ўйнай олмадик.
- “Шўртан” 35 та гол ўтказди. Дарвозабон яхши ўйнамаяптими ёки ҳимояда хатолар кўпми?
- Дарвозабон ёки ҳимоячи демайман. Ҳозирги футболда жамоавий ҳимояланиш керак. Олдиндаги ҳужумчиларимиз ярим ҳимоячиларимиз ҳимояга ёрдам бермаса қийин. Бутун жамоа ҳимояланиши керак. Қаердадир дарвозабонларни хатолари бордир. Ҳимоячиларни ҳам хатоси бўлади. Голларни кўп ўтказиб юбораётганимизга ҳаммамиз айбдормиз, мураббийлар штаби ҳам, бутун жамоа ҳам.
- “Шўртан”ни Суперлигада қолиш имконияти борми- йўқми?
- Ўйлайманки, имконият йўқотилмаган. Бошқа жамоаларга очко олиш осон бўлмайди, бизга ҳам осон бўлмайди. Суперлигада олиб қолиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Ҳали имкониятлар йўқотилмаган.
Комментарии