Элдор Сакаев: Андижон халқидан қарзим бор эди...
Ads

“Андижон” ўз майдонида “Истиқлол”ни мағлубиятга учратиб, ўз олдига қўйилган вазифани бажарган ҳолда Суперлига йўлланмасига эга чиқди. Андижонлик мухлисларнинг ишончини қозонган жамоа бош мураббийи Элдор Сакаевга эса ҳамма ўз миннатдорчилигини билдирди. Қолаверса, вилоят ҳокими унга “Кобальт” машинасини ҳам совға қилди. Ўйин тугаганидан кейин бош мураббий ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Элдор Усмонович, сизнинг бошчилигингиздаги “Андижон”нинг Суперлигага йўлланмани қўлга киритгани билан табриклаймиз. Айни пайтда ҳаммада хурсандчилик, шоду-ҳуррамлик ҳукм суряпти. Айтинг-чи, ҳозирда нималар хаёлингиздан ўтяпти?

- Мана, ўзингиз кўриб турибсиз, бугун стадионда мухлислар ажойиб муҳитни ярата олишди. Жамоамизнинг бугунги ғалабасидан хақл хурсанд бўляпти. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов доим жамоамизга юқори даражада эътибор қаратиб келди. Футболчиларга нима керак бўлса, ҳаммасини қилиб берди. Қандай ёрдам керак бўлса, ҳоким рад этмасдан фақат бизни қўллаб-қувватлади. Шуҳратбек Қўшоқбоевичнинг мана шундай ёрдамлари туфайли жамоамиз Суперлигага чиқди. Умуман олганда, вилоятимизнинг барча раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бизга катта ёрдам кўрсатишди. Ўзингиз ҳам кўрдингиз, бу йилги про-лига баҳслари жуда жиддий ва кескин курашларга бой бўлди. Энг муҳими, кураш охиригача давом этди. Вазият эса қийин эди. Аммо биз ўз мақсадимизга эришиш учун охиригача ишондик ва курашдик. Андижон халқи учун ҳам ўйнаб, вазифани бажаришимиз керак эди. Худога шукрки, ҳамманинг олдида юзимиз ёруғ бўлди. Муҳими, халқ ва Шуҳратбек Абдураҳмонов бизга ишонганди. Қишда у киши билан учрашганимизда қанақа ёрдам керак бўлса, ҳаммасини бажаришга ваъда берганди. Бунинг учун фақат халқни хурсанд қилишимиз керак эди. Кўриб турибсиз, ҳоким ҳам фақат халқ учун, унинг манфаати учун меҳнат қиляпти. Ўзи кабинетда ўтирмайди, ҳар доим кўчада, иш билан юради. Айтмоқчиманки, биз давлатимиз учун хизматдамиз. Мана, ўз хизматимизни бажариб ишқибозларимизни хурсанд қилдик.

- Лекин бугунги ўйин анча қийин кечди...

- Ҳа, шундай бўлиши олдиндан аниқ эди. Лекин ўйинда футболчиларга хотиржам бўлишларини, фақат ўз ўйинимизни кўрсатишимиз керак деб уқтиргандим. Аммо биринчи бўлимда ўйинимиз ўзимиз кутгандек қовушмади. Лекин стадионга йиғилган мухлислар бизни қўллаб-қувватлашда давом этишди. Бунинг эвазига ўзимиз учун керакли натижага эришдик.

- Иккинчи бўлимни жамоангиз тўлиқ ташаббус билан бошлади. Танаффус пайтида шогирдларингизга нималар дедингиз?

- Футболчиларга яна бир бор хотиржам бўлишларини айтдим. Шунчаки, ўз ўйинимизни кўрсатайлик, албатта ғалаба қозонамиз дедим. Лекин ўйинга бўлган эътибор кучлилигидан албатта жамоамизда катта босим бор эди. Шунга қарамай, йигитларга кўпроқ ҳужум қилишни ва албатта голлар уришимиз зарурлигини тушунтирдим.

- Жамоада иш бошлаганингизда олдингизга “Андижон”ни Суперлигага олиб чиқиш вазифаси қўйилганди. Шунга яраша, зиммангиздаги вазифани бажардингиз. Айтинг-чи, мураббийлик фаолиятингизда бугунги ўйин ва муваффақият қанчалик аҳамият касб этади?

- Биласизми, мураббийлик фаолиятимда энг асосий ўйин ва ёқимли ҳиссиётларни айнан бугун Андижонда ҳис этдим. Илгари ҳам бу ерда ишлаганман, тўғрими? Очиғини айтсам, мени “Андижон”дан қарзим бор эди. Бунгача охирги марта 2016 йили ишлагандим. Мен бу йил нима учун яна бу ерга келдим? Ўша қарзимни узиш учун-да. Ўтган йили “Цементчи”да эдим ва мени тайёр ишим бор эди. “Андижон” клуби раҳбари Маъруф Абдисаломов билан биз ака-укамиз. Аммо 2016 йили бирга ишлаганимизда афсуски, жамоа биринчи лигага тушиб кетганди. Мен ўшанда жамоада спорт директори бўлиб ишлардим. Ўша муваффақиятсизлик учун халқ ва вилоят ҳокими олдида қарзим бор эди. Йил бошида эса менга яна “Андижон”дан чақирув бўлганида ўша қарзимни тўлаш учун ҳам бу ерда ишлашга розилик берганман. Ваҳоланки, мени тайёр ишим бор эди. Фақат ўша қарзимни қайтариш учун ҳам қайтдим ва Худога шукрки, юзимиз ёруғ бўлиб, “Андижон”ни кучлилар сафига қайтардик.

- Қайсидир клуб Суперлигага чиқмоқчи бўлса, Элдор Сакаевни олиб келсин деган хазиломуз гап ҳам бор. Масалан, ўтган йили “Цементчи”нинг ўз вазифасини бажаришига ҳам катта ҳисса қўшгандингиз. Бу йил эса “Андижон” билан Суперлигага чиқдингиз...

- Йўқ, бу фикрларга қўшилмайман. Ҳамма ишни фақат Сакаев бажармайди. Мана, “Андижон”нинг мақсадига эришишида, боя айтганимдек, вилоят ҳокимининг қўшган ҳиссаси жуда катта бўлди. Шунингдек, клуб раҳбари, мураббийлар, футболчилар, ишчи ходимлар, умуман ҳамма-ҳамманинг меҳнати бор. Шунинг учун бу муваффақият биргина меники эмас, барчаники.

- Энди жамоа янги мавсумдаги Суперлиганинг расман иштирокчисига айланди. Шундай экан, мураббий сифатида эртами-кечми, кейинги мавсум ҳақида ўйлашни бошлайсиз. Бу борада қандай режалар бўлиши мумкинлигини ҳақида айта оласизми?

- Андижонлик мухлислар жуда талабчан. Албатта, биз янги мавсум учун режалар ва дастурлар тузиб, уни вилоят ҳокимига кўрсатамиз. Биз биламизки, Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон халқининг хурсандчилиги учун ҳамма нарсани қилишга тайёр. Шунинг учун Худо хоҳласа, келаси мавсумда ҳам жамоамизга етарли даражада шарт-шароитларни яратиб беришда ҳеч қандай муаммолар бўлмайди. Шу сабабли биз ҳокимга ўзимизнинг таклифларимиз билан чиқамиз ва гаплашамиз.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.