Европани титратган "Депортиво"ни эслаб. Ёхуд Ла-Корунья клуби ҳозир қай аҳволда?
Диего Тристан, Альберт Луке, Вальтер Пандиани, Рой Макаай, Жорже Андраде, Хавьер Ирурета…Агар сиз учун ушбу номлар ниманидир англатса, демак, сиз футболга бугун ёки кеча “касал” бўлмагансиз. Аср бошларида нафақат Испания, балки Европада ҳам катта “портлаш” қилган “Депортиво”ни эсласангиз керак. Биз бугун Ла-Корунья клубининг қандай ҳолатда экани ҳақида сўз юритмоқчимиз.
1999/2000 йилги Испания чемпионатини аномал, деб аташ мумкин. 69 очко билан чемпионликни қўлга киритиш бунга яққол далилдир... Ноёб ҳолат. Чунки ғалаба учун 3 очко берилган даврдан бошлаб, бу қадар кам очко билан чемпион бўлиш ҳолати тарихда бошқа кузатилмаган. Ҳа, "Реал" ва "Барселона"нинг ёмон ҳолати "Депортиво"га ўз тарихидаги ягона чемпионлигини ютишига ёрдам берди. Аммо барибир Ла-Корунья клубининг порлашига юлдуз футболчилар кўмаклашди, дейиш бироз нотўғри. Ўша пайтдаги “Депортиво” ҳақиқатан ҳам кучли эди. Чемпионлик мавсумидан сўнг, жамоани "СуперДепор" деб аташган. “Депортиво” чемпионликдан сўнг бирдан йўқ бўлиб қолмади. Жамоа Испания чемпионатида яна тўрт марта кетма-кет шоҳсупага кўтарилди. Аввал икки марта иккинчи, кейин эса икки марта учинчи ўринни эгаллади.
Ўша "Депортиво" ҳам Европада шов-шув кўтарган. Кўпчилик Ла-Корунья жамоасининг 2003/2004 йилги мавсум Чемпионлар лигаси чорак финалида ажойиб камбэк кўрсатганини эсласа керак. “Депортиво” “Милан” майдонида ўтказилган дастлабки ўйинда биринчи бўлиб гол урди. Аммо кейинчлик "россонерилар"нинг Кака, Шевченко ва Пирло каби етакчи футболчилар бирин-кетин тўп киритиб, ҳисобни 4:1 кўринишига келтириб қўйди. Испанияда бўлган жавоб ўйини олдидан кўпчилик “Милан”нинг имкониятларини юқори баҳолаган бўлса-да, "Депортиво" бу тахминларни пучга чиқарди. Биринчи бўлимнинг ўзидаёқ Хавьер Ирурета шогирдлари уч маротаба гол уриб, тарози палласини ўз томонларига оғдириб олди. Иккинчи бўлимда “СуперДепор” “Милан” дарвозасини яна бир бор ишғол қилди ва ҳисобни 4:0 кўринишига олиб келди.
Ўша мавсум "Депортиво" Чемпионлар лигасини ютиш учун реал имкониятга эга эди, аммо улар ярим финалда ёш ва қайноқ Жозе Моуриньо бошчилигидаги "Порту"га имкониятни бой бериб қўйди. Якунда ЕЧЛ ғолиблиги айнан “Порту”га насиб этди.
Вақт ўтиши билан “Депортиво”нинг натижалари ёмонлаша бошлади ва 2005 йилда Хавьер Ирурета бош мураббийликдан истеъфога чиқарилди. Клубдаги ҳақиқий инқироз сўнгги ўн йилликнинг бошида бошланди. “СуперДепор” мақомидан аллақачон маҳрум бўлиб улгурган Ла-Корунья клуби Примера ва Сегунда ўртасида аросатда қолди. Буларнинг барчаси молиявий муаммолар билан боғлиқ эди.
Ўтган йили "Депортиво" Испания футбол лигаси тизимида бундан ҳам пастроқ лигада эди. Қирқ йил ичида биринчи марта жамоа ҳозирги Сегунда Б, деб номланадиган учинчи дивизионга тушиб кетди. Вазият шундай даражага бордики, жорий мавсум охирида "Депортиво" учинчи дивизионда жон сақлаб қолиш учун кураш олиб боради. Гап шундаки, Испания қуйи лигаларида тубдан қайта ташкил этиш ишлари олиб борилди. Ўзгаришлар кейинги мавсумдан кучга киради. "Депортиво" ё учинчи дивизионда қолади ёки тўртинчисига тушади. Ҳаммасини "Лангрео" ва "Нумансия"га қарши қолган иккита ўйин ҳал қилади.
Айни дамда Ла-Корунья жамоаси ўз гуруҳида 2-ўринда бормоқда. Улар учинчи ўриндаги “Нумансия”дан бор йўғи икки очко олдинда. Мавсум охирида учинчи дивизионда фақатгина дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар жон сақлаб қолади. Шу сабабли, “Депортиво” ўз ўрни учун бор кучини сарфлаши керак.
17 йил олдин Чемпионлар лигаси ярим финалида ўйнаган “Депортиво” ҳозир Испания учинчи дивизионида жон сақлаш учун курашмоқда. Футбол олами нақадар беқарор эканлигини Ла-Корунья жамоаси мисолида яққол кўриш мумкин. Бугун сиз энг яхшисиз, эртага эса...
Фикрлар