Файзуллаев, Испанияни танла!
Ўзбекистон ёшлар ва миллий терма жамоаларининг қитъа миқёсидаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этаётган истеъдодли ўйинчиларимизга хориж клубларидан эътиборни кучайтириб бормоқда.
Бугунги кунда бир неча футболчимиз Европа ва Осиё жамоаларида тўп тепиб келяпти. Хусусан, Абдуқодир Ҳусанов терма жамоамиз ва “Ланс”даги ўйинлари билан Европанинг қатор гранд клублари назарига тушди.
Европага кетиши кутилаётган истеъдод соҳибларидан бири Аббосбек Файзуллаев ҳисобланади. 2023 йилнинг августида ЦСКАга кўчиб ўтганидан бери москвалик “армиячилар”нинг асосий футболчисига айланган легионеримиз терма жамоада ҳам лидерлик қобилиятларини намойиш қилмоқда.
Айниқса, Аббосбек ноябрь ойига белгиланган халқаро учрашувларда Қатар ва Шимолик Корея дарвозаларига иккита ўйинда учта гол урганидан кейин, 21 ёшли чарм тўп устасининг кучли лигаларга ўтиши яна кун мавзусига айланди.
Бу гал Россия ёшлар терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Андрей Чернишов ўзбек футболи мактаби тарбияланувчилари, хусусан, Аббосбек Файзуллаевнинг имкониятларига баҳо берди.
- Нафақат Аббосбек Файзуллаев, балки бошқа ўзбек футболчилари ҳам хориж жамоаларида муваффақиятли тўп тепиб келмоқда. Бу мамлакат доимо ёрқин истеъдодларга бой бўлган.
Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасида кўплаб иқтидорли футболчилар ўйнаган. Ўзбекистон ёшлар ва миллий терма жамоалари ривожланиб бормоқда, Осиё қитъасидаги мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб келяпти.
Ёшлар терма жамоаси яқинда Осиё чемпионатида ғолиб чиқди. Кейинги йилларда кўп ўзбек футболчилари хорижий чемпионатларга йўл оляпти, улар бошқа лигаларда ҳам ўз салоҳияти ва маҳоратини намойиш қиляпти.
Мен Аббосбек Файзуллаев ҳам Европа клублари эътибор қаратади, деб ҳисоблайман. Шуни инобатга олган ҳолда, унинг мавсум охирида ЦСКАдан кетиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Агар Файзуллаевда Франция ва Испания чемпионатлари ўртасида танлов юзага келса, шубҳасиз, Испанияга бориши керак, - деди Андрей Чернишов.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йили АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашни давом эттирмоқда.
Ҳозирча, футболчиларимиз Осиё минтақаси саралаш турнири учинчи бочқичида ўз гуруҳида 13 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Бу босқичда учта гуруҳда олтитадан жамоа ўзаро рақобат олиб боряпти. Қоидага кўра, ҳар бир гуруҳдан дастлабки икки поғонани эгаллаган терма жамоалар тўғридан тўғри жаҳон чемпионатига йўлланма олади. Учинчи ва тўртинчи ўрин соҳиблари саралаш мусобақасини давом эттиради.
Сўнгги учрашувда Сречко Катанец шогирдлари Лаосда КХДР терма жамоаси билан куч синашиб, кичик ҳисобда зафар қучди. Терма жамоамизга қимматли уч очко келтирган ягона голни айнан Аббосбек Файзуллаев узоқ масофадан йўллаган зарбаси орқали киритди.
Фикрлар