Файзуллаев Европага кетяптими?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ноябрь ойидаги ФИФА кунлари доирасида иккита расмий учрашув ўтказди.
2026 йилги жаҳон чемпионатининг Осиё минтақаси саралаш турнири учинчи босқичида Сречко Катанец шогирдлари сафарда Қатар ва КХДР терма жамоалари билан куч синашди. Қатарликларга 2:3 ҳисобида имкониятни бой берган футболчиларимиз Лаосда ташкил қилинган иккинчи баҳсда шимолий кореяликларни қийинчилик билан 1:0 ҳисобида мағлуб этди.
Икки учрашувдаги учала голни Аббосбек Файзуллаев киритди. Қатарликлар дарвозасини икки бор боши билан ишғол қилган 21 ёшли ҳужумкор футболчи, КХДР дарвозабонини 25 метрдан йўллаган зарбаси билан ожиз қолдирди.
Файзуллаевнинг халқаро миқёсдаги қаҳрамонлигинидан кейин унинг Европага йўл олиши ҳақидаги ахборотлар яна кўпая бошлади.
Умуман олганда, Аббосбек халқаро миқёсдаги учрашувларда ўзини ҳар томонлама кўрсатиб келмоқда. Хусусан, 21 ёшли ўйинчи 2024 йилнинг ўзида миллий терма жамоада 15 та учрашув ўтказиб, олтита тўп киритди ва битта ассист қайд этди. Бундан ташқари, Ўзбекистон U-23 терма жамоаси сафида Париж Олимпиадасида уч маротаба майдонга тушди.
Файзуллаевни хориж клублари мутасаддилари анча аввалдан кузатиб келмоқда. Унинг ЦСКАдаги фаолияти муваффақиятли чиқаётгани ҳам легионеримиз фойдасига ишлаяпти. Аббос “армиячилар” сафига қўшилганидан бери жами 51 та учрашувда еттита гол ва 20 та ассист муаллифи бўлди. Унинг позицияси учун жуда зўр статиктика.
Россиялик экспертларнинг ёзишича, Аббоснинг клуб ва терма жамоа ўйинларида катта ўсишга эришаётгани хориж клубларининг унга бўлган қизиқишини ошириб боряпти.
2023 йилнинг августида “Пахтакор”дан ЦСКАга 500 минг евро эвазига трансфер қилинган Файзуллаев бугун 6 миллион еврога баҳоланмоқда. Бу ўсиш кўпроқ унинг терма жамоадаги ўйини сифатига боғлиқ экани таъкидланяпти. Агар Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритса, кўп ўйинчиларимиз қатори Аббоснинг ҳам трансфер суммаси яна кўтарилади.
ЦСКА селекционер-мураббийи Алан Дзагоев Россия нашрларига берган интервьюсида Файзуллаев яқин келажакда Европа клубларида ўйнашига шубҳа қилмаётганини билдирди.
- Агар Файзуллаев қишда ёки келаси ёзда Европа клубларидан бирига ўтса, умуман ажабланмайман. Табиийки, “Барселона”га эмас, лекин бешинчи-олтинчи ўринлар учун курашаётган жамоаларда кўришимиз мумкин.
Агар Аббос шу даражада ўйнашни давом эттирса, кейинги бир-икки йилда у ЦСКАда қолмаслиги тайин, - деди Алан Дзагоев.
Трансферлар бўйича экспертлар ЦСКА ўзининг энг зўр активларидан ҳисобланган Аббосбек Файзуллаевни Европа клубларига трансфер қилишга шошилмайди. “Армиячилар” легионернинг трансфер суммаси максимал даражага етишини кутади. Чунки уларнинг трансфер сиёсати шундай. Хусусан, ЦСКАда порлаган Головин, Муса ва Влашич каби ёрқин истеъдодларни Европа клубларига ўтказишда шундай йўл тутилган.
Ўз навбатида, ўйинчини ортиқча ушлаб қолиш ҳам мумкин эмас. Мисол учун, “Кристал Пэлас” ЦСКАна Фёдор Чалов учун 25 миллион евро таклиф қилганида “армиячилар” ўз ҳужумчисини қўйиб юбормаган. Охир оқибат ўтган ёз 3 миллион евро эвазига Грециянинг ПАОК клубига ўтди.
Айни пайтда Аббосбек Файзуллаев 6 миллион еврога баҳоланаётган бўлса, бу нарх ЦСКАни қониқтирмайди. Катта эҳтимол билан “армиячилар” Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқишини кутади ва ўз юлдузини имкон қадар қимматроқ баҳо эвазига трансфер қилади.
Грандлар нишонида турган Ҳусановнинг ўйини Европада қандай баҳоланди?
Фикрлар