ФИФА Аргентина — Миср ўйинини бошқарган ҳакамни четлатди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Франциялик ҳакам Франсуа Летексье энди 2026 йилги жаҳон чемпионати учрашувларида ишламайди.

Motivaciones Fútbol маълумотига кўра, ФИФА 37 ёшли рефери номини мусобақанинг қолган қисмида ишлайдиган ҳакамлар рўйхатидан чиқариб ташлаган.

Расмий изоҳда бундай қарорга эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Чунки Франция терма жамоаси ҳали ҳам жаҳон чемпиони унвони учун курашни давом эттирмоқда.

Шу билан бирга, қарор атрофида жиддий баҳс-мунозаралар юзага келди. 1/8 финал босқичидаги Аргентина – Миср учрашувидан (3:2) сўнг Миср футбол ассоциацияси Летексье бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи юритган ўйин бўйича расмий шикоят йўллади. Миср томони уришilgan гол бекор қилингани ва пенальти белгиланмаганидан норози бўлиб, бу эпизодларни ҳал қилувчи деб ҳисоблаган.

Қатор манбаларнинг таъкидлашича, айнан Миср футбол федерациясининг босими Франциялик ҳакамни жаҳон чемпионатининг қолган ўйинларида ишлайдиган реферилар рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги қарорга таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Летексье 2024 йилги Европа чемпионати финали — Испания ва Англия ўртасидаги беллашувда бош ҳакам сифатида ишлаган ва Евро тарихида ҳал қилувчи ўйинни бошқарган энг ёш бош ҳакам сифатида қайд этилган эди. 2026 йилги жаҳон чемпионатида эса у мусобақанинг энг нуфузли рефериларидан бири сифатида кўрилаётганди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!