ФР: Суха — энг зўри!
Суперлига старти кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Масалан, "Бунёдкор" 6та турдан кейин "Навбаҳор", ОКМК ва "Пахтакор"дан кўпроқ очко жамғариб, элита пешқадамлик қилишини ҳеч ким кутмаган эди. Бу жамоанинг муваффақияти ҳақида гап кетса, ҳамма ҳар хил омиларни кўрсатяпти: мураббийлар штаби, осон тақвим, омад, босим пастлиги...
Биз эса энг кам тилга олинаётган жиҳатни эслатмоқчимиз. Бугун "қалдирғочлар" совринли ўринлар учун курашаётган бўлса, бунинг бош "айбдор"и Суҳроб Султоновдир.
У Зоминдаги ўйиннинг охирида "Бунёдкор"ни қутқармаса, клуб мавсумни ғалаба билан бошлай олмасди. У ишончли ўйнамаса, ОКМК ва "Турон" Тошкент клуби мухлисларини ранжитар эди. У майдонга тушмаса, "Бунёдкор" бугун йирик ҳисобда ютқазиши мумкин эди.
Хуллас, Суҳроб лигада энг зўр статистикани кўрсатяпти. Бу фикрга қўшилмайдиганлар учун қуйидаги фактларни келтирамиз:
1. Султонов жорий мавсумда Суперлиганинг энг кўп сейв қилаётган дарвозабонларидан бири бўлиб турибди (Акбар Тўраев билан).
2. Султонов чемпионатда "қуруқ" ўйинлар сони бўйича етакчилик қиляпти (4та).
3. Султонов дарвозабон учун энг мушкули ҳисобланадиган пенальтиларни қайтариш бўйича ҳам Ўзбекистонда энг яхши кўрсаткични қайд этяпти. У ўтган мавсум стартидан бери 6-бор 11 метрли дуэлда рақибларидан устун келди.
4. Султонов Суперлигада энг кам гол ўтказиб юборган дарвозабон бўлиб турибди (6 ўйинда 3та).
Ва 33 ёшли посбон бу ишларни "Пахтакор", "Навбаҳор" ва ОКМК каби мудофа қўрғони мустаҳкам жамоаларда эмас, мавсумлар оралиғида ҳеч ким тушунмайдиган даражада ўзгаришлар бўлиб кетган "Бунёдкор" дарвозасида бажаряпти. Қойил!
P/s. Эътибор бермаган бўлсангиз керак. Ўтган мавсумда чемпионлик курашини ҳал қилган ҳам Султонов эди. У 20-турда "Навбаҳор" ҳужумчиларига имконият бермай, "Пахтакор"ни олтин медаллар учун пойгага қайтарган. 23-турда Станоевичнинг пенальтисини бартараф қилиб, "Насаф"нинг "оёғидан тортиб қолган" эди.
Фикрлар