«Фрозиноне» ҳужумчисига А Сериянинг бир қатор клублари қизиқиш билдирмоқда
Грузиялик «Фрозиноне» ҳужумчиси Георгий Квернадзе Италия А Сериясининг бир қатор клублари қизиқиш доирасига тушди. Бу ҳақда инсайдер Экрем Конур ижтимоий тармоқларда хабар берди.
Журналист маълумотига кўра, 23 ёшли ҳужумчини ўз сафига қўшиб олишдан «Рома», «Наполи» ва «Фиорентина» клублари манфаатдор.
Квернадзе янги мавсумни самарали бошлади. Грузиялик футболчи «Фрозиноне» сафида 5 та гол урди ва 2 та голли узатма амалга оширди.
Квернадзе 2024 йил ёзидан буён мазкур клуб шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Футболчининг амалдаги шартномаси 2028 йил июнь ойи охиригача мўлжалланган. Грузиялик футболчининг трансфер қиймати 8 миллион еврога баҳоланмоқда.

Фикрлар