"Футболчилар фақат самолёт сўрашмаяпти холос" - Тўлаган Исоқов "Пахтакор"нинг ОЧЛдаги омадсизлиги, Хюистра ва ўзининг таклифи ҳақида

Ўзбекистон чемпиони, биринчи рақамли жамоаси ҳисобланган “Пахтакор”нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги иштироки барчамизнинг ҳафсаламизни пир қилди. Клубнинг гуруҳда қолиб кетганини кўриш оғир ботди. Барибир ўтган йилги етакчиларнинг кетгани жиддий таъсирини кўрсатгани билиниб қолди. Уларнинг ўрни етарли даражада тўлдирилмагани ҳам сезилди.

Бош мураббий Питер Хюистра ҳам Чемпионлар лигасида олдига қўйилган вазифани уддалай олмади. Фақат биргина юпанч сифатида шуни айтиш мумкинки, “Пахтакор”да иқтидорли ёшлар пайдо бўляпти.

Клубнинг Осиё Чемпионлар лигасидаги муваффақиятсиз иштирокидан келиб чиққан ҳолда ЎФА фахрийлар кенгаши раиси, фаолиятини “Пахтакор”га бағишлаган Тўлаган Исоқов sports.uz учун ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Ёшларнинг ўйини менга ёқди”

- “Пахтакор” 1956 йилдан ташкил этилганини ҳисобга олсак, клуб ҳар 3-4 йилда бир қийинчиликка тушади. Ҳомийлар жамоани ташлаб кетди, деб эшитдим. Ҳозир футболда фақат пулни ўйлашяпти. Агар пул бўлмаса, футболчи ўйнагиси ҳам келмайди. “Пахтакор”ни етакчилар тарк этди, Машарипов, Ҳамдамов...Ҳамробековни эса ижарага беришди. Лекин қувонарли тарафи ҳам бор. Осиё Чемпионлар лигасида қўрқмасдан ёшларни ўйнатишди, тўғрими? Менга уларнинг кўрсатган ўйини ёқди. Бундан Ўзбекистон ва “Пахтакор”нинг келажаги бор экан, деб хулоса қилдим. Эшитишимга қараганда, клуб сафарга кетишдан олдин давлатдан кредит олган. Пул танқислиги ёшларга унчалик билинмаса ҳам, катта ёшдаги футболчиларга таъсир қилади.

исоков2

“Ҳамма клубда бир хил имконият яратилиши керак”

- Олдин ҳам айтгандим, Ўзбекистонда футболни бошқача қилиш керак. Ҳамма жамоа бир хил имкониятда бўлиши керак. Ана шунда рақобат кучаяди. Футболчиларнинг жамоадан-жамоага сакраб юришлари камаяди. Клубларда ёшлар билан ишлаш тизими бўлиши керак. Мана, “Насаф”, “Пахтакор”, “Бунёдкор”да иқтидорли ёшлар чиқяпти. Терма жамоаларга қайси клублардан ёшлар чақириляпти. Шунга қараб кимнинг қандай ишлаётганини билса бўлади. Айрим жамоаларда юқорига интилиш йўқ.

“Улар ишлайдиган пулга Арвеладзе ёки бошқасини олиб келиш шарт эмасди”

- Питер Хюистрани яқиндан билмайман. Шота Арвеладзени ҳам ҳатто яқиндан билмасдим. Улар ишлайдиган пулга Арвеладзе ёки бошқасини олиб келиш шарт эмасди. Ўзимизникилар ҳам бундай шароитга биринчи ўринни олиб беришарди. Ҳамма зўр ўйинчилар ва яхши пул билан қийин эканми, биринчи ўринни олиш?! Хюистра Арвеладзега ёрдамчи бўлиб ишлаган. Бу мураббий билан “Пахтакор”да нимани кутиш мумкин? Ҳозирча ҳеч нимани кута олмаймиз. “Пахтакор” энг зўр жамоамиз. Лекин Осиё Чемпионлар лигасида кўрдик. Футболни тушунамиз. Ўз фикримиз бор. “Шаржа” билан учрашувда 2-3 та футболчи ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйди. Кейинги ўйинга ёшларни туширишди, улар қўрқмасдан ўйнашди. Бу албатта, менинг фикрларим.

исоков_1

“Футбол бизнесга айланиб кетган”

- Эсимда, мени “Пахтакор” ўринбосарларига олишганида илк ойлигим 60 сўм эди. Фаррошнинг ойлиги эса 70 сўм эди. Бир йилда ўйинчилигимни исботлаганман. Ойлик маошимни 250 сўмгача ошишига ўз кучим билан эришганман. Ҳозир эса футболчилар ўз ўйинини кўрсатмасдан туриб клубдан катта пул сўраяпти. Бу нотўғри. Фақат самолёт сўрашмаяпти холос. Бутун фаолиятимни “Пахтакор”га бағишлаганман. Ҳеч қайси клубга кетмаганман. Шунинг учун жамоадаги омадсизликни кўриш оғир ботади. Ахир “Пахтакор” Ўзбекистоннинг фахри. Ҳозир футбол бизнесга айланиб кетди. Барибир юқорида айтганимдек, ҳамма клубларнинг имкониятларини тенглаштириш лозим. Фақат футболчилар ҳозир сўраётган пулига яраша муносиб ўйини билан жавоб бермаяпти. Масалан, Черанни биринчи бўлиб “Насаф” олиб келган. Кейин “Пахтакор” яхши пул таклиф қилгани учун у ердан кетган. Жамоадаги ёшлар, аввало ўйнасин, ўзини кўрсатсин. Футболчилар ютгандан кейин талаб қилсин. Мана, Шомуродовга ўхшаган ўйинчиларимиз кўпайса, биз ҳам хурсанд бўламиз. Агар Элдорга ўхшаган футболчиларимиздан яна 3-4 та бўлса, жаҳон чемпионатига чиқсак бўлади.   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Sash
05/05/2021 23:54
Pahtakor UZB ni fahri? Ola. 4 5 ta sizga uhshagan amakilardan boshqa muhlisi yuqku. Amaki qachon rivojlanadi Uzb ni futboli? Qachonki mansabdorlar aralashmasa rivojlanadi. Uziz bilas lekin aytolmaysiz. Siz haqiqatni ayting bizdan kup narsani bilasizku. Aytmaysizmi haqiqatni? Znacht hali rivojlanmaydi fudbolimiz. Yana bir fikr klublarni TRANSPORT VAZIRIGA, TOSHSHAHAR HOKIMIGA, BOSH VAZIRGA, HULLAS VAZIRLIKLARGA SHAHSIY QILIB BERVORISH KERAK KLUBLARNI. Raqobat buladi bir biriga uchakishib. Zato halqaro maydonda sharmanda bulib kelmaydi.
&
Abdushukurov O
06/05/2021 08:20
Paxtakor-79 O'bekistonning haqiqiy faxri edi.
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
06/05/2021 12:35
Pahtakor eski Pahtakor Halq jamoasi. hozirgisi emas. Sponserla ham nima qilsin. shuncha pul berdi lekin halqni mehrini qaytarib olmadi keyin foydasi yuq ekan deb tashlap quyganda. Oddiy misol Nasaf qancha muhlisi bor Uzbekistonga Osiyoga. qushni mamlakatlarga. chunki Nasaf maydonga uz kuchiga ishonib uynap kelgan. Pahtakor uyinchilari uyindan oldin. uzi biladi. yutushini. Qisqasi. Pahtakor uynap ketgan uyinchila hali yoshi utib gapera boshlaydi. fijdoni qiynalib. Aslida nima bulgani.
&
Abdushukurov O
06/05/2021 08:19
Fikringiz to'g'ri. Bunaqa sarf qilingan pullar, o'hho'... deydigan bo'lib qoldi. BEMORLARNI DARDIGA DAVO BO'LUVCHI SHIFOKORLAR YOKI BOLALARGA TA'LIM BERUVCHI USTOZLAR FUTBOLCHIDAN KO'RA KO'PROQ OYLIKKA HAQLIROQ EMASMI!BIR TOMONDAN, BUTUN DUNYODA SHUNAQA.SO'ZLARIM KIMGA OG'IR BOTGAN BO'LSA, UZUR.