Футболни санъат даражасига айлантираётганлар! Ҳаммаси АПЛдаги "афсунгарлар" ҳақида

Коронавирус пандемияси туфайли аксарият лигалар қаторида танаффусга йўл олган Англия премьер-лигасида мавсумни 19 июндан бошлаб давом эттиришга рухсат берилган бўлса-да, чемпионат якунига етказиладими ёки йўқми, бу масала ҳамон сўроқ остида қолмоқда.

Албатта, бу нафақат Англиядаги, балки бутун дунёдаги ишқибозларни хафа қилмасдан қолмайди. Ҳозирча янги ўйинлар ва натижалар ҳақида янгиликларга эга эмас эканмиз, демак, бир қатор масалаларни кўриб чиқиш учун жуда қулай вазият.

Бугун биз сизларга АПЛнинг жорий мавсумдаги энг ижодкор ўйинчиларини таништириб ўтамиз. Рейтинг футболчилар томонидан амалга оширилган хавфли узатмалар, статистика билан шуғулланадиганларнинг тили билан айтганда, ҳужумларга ижодий йўналиш берадиган пасларга асосланган ҳолда тузилган. Буни яна «ақлли паслар» («smart passes»), деб ҳам аташади.

10. Фелипе АНДЕРСОН – 40 та хавфли узатма

Клуби: «Вест Хэм»

Мавсумдаги ўйинлари: 22

Ҳозирча «Вест Хэм» клуби жорий мавсумнинг энг омадсизларидан бири бўлиб турибди. Яхшигина молиявий базага эга жамоа мусобақа жадвалининг қуйи поғоналарида ўралашиб юрибди ва фақатгина қўшимча кўрсаткичлар эвазигагина хавфли худудда эмас. Бироқ клуб сафида ўйинига кўп нарсалар боғлиқ бўлган футболчи бор – бу бразилиялик 26 ёшли Фелипе Андерсон.

Ҳа, у ўтган мавсумдагидек тез-тез гол киритмаяпти, бироқ жанубий америкалик легионер аъло даражадаги аниқ пасларни узатиш қобилиятини йўқотмаган. Андерсон жорий мавсум 22 учрашувда ҳисобига 40 та хавфли пас ёзиб қўйган. Демак, Фелипе ҳар бир ўйинда рақиблар дарвозасига хавф туғдириши мумкин бўлган ўртача ҳисобда 2 та узатмани амалга оширмоқда. Фақат шу ҳужумни самарали якунлаш масаласида «Вест Хэм»да жиддий муаммолар бор – жамоа хавфли вазиятларни киритаётган голларидан кўра анча кўп яратмоқда.

андерсон

9. Раҳим СТЕРЛИНГ – 45 та хавфли узатма

Клуби: «Манчестер Сити»

Мавсумдаги ўйинлари: 24

Раҳим Стерлинг айни пайтда фаолиятининг энг юқори чўққисида бўлиб турибди. Бу эса футболчининг самарали ҳаракатлари сони ва унинг трансфер қийматида ҳам акс этмоқда. «Transfermarkt» портали талқинига кўра, Раҳимнинг трансфер қиймати биргина жорий мавсумнинг ўзида 140 миллион евродан 160 миллион еврогача ошган.

Стерлинг – нафақат эпизодларни мустақил равишда ҳал қила оладиган, балки жамоасининг кескин ҳужумларини ташкил этишга ва бошқа ўйинчилар учун голли вазиятлар пайдо бўлишига ҳисса қўшадиган футболчидир. «Реал»нинг англиялик ижрочи учун аллақачон курашни бошлаб юборгани ҳам тасодиф эмас, мадридликлар Стерлингнинг қай даражадаги ижрочи эканлигини яхши тушунишади. Аммо холисона айтганда, Раҳимнинг ватани Англияни тарк этиши учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Чунки «шаҳарликлар» сафида футболчининг фаолияти ҳавас қиларли даражада чиқмоқда.

стерлинг

8. Уилфрид ЗАА – 46 та хавфли узатма

Клуби: «Кристал Пэлас»

Мавсумдаги ўйинлари: 29

«Бургутлар»нинг ҳужумкор ҳаракатлари бир неча мавсумдан бери Уилфрид Заанинг ўйинига асосланган. Бу қанот ҳужумчиси, аввало ўзининг тезлиги ва техникаси билан барчада ёрқин таассурот қолдирмоқда. Аммо бу ивуарлик ўйинчининг асосий кучли томонлари эмас. Муҳими, Заа футболни, майдондаги ролини яхши тушунади, шунингдек, у шериклари билан мукаммал тарзда биргаликда ҳаракат қилишни жуда яхши билади.

Ўтган мавсумга солиштирганда Уилфриднинг ҳисобида киритилган голлар сони озроқ, бироқ эндиликда у кўпроқ жамоадошларига ишлашга уринмоқда ва шунинг эвазига АПЛда энг кўп «ақлли пас» оширган ўйинчилар рейтингидан жой олди. Кўриниб турибдики, 27 ёшли Заа нисбатан кучлироқ клубга кўчиб ўтиш учун тўлиқ етилди ва бу сафар «Манчестер Юнайтед» билан боғлиқ аввалги хатосини қайтармасликка тайёр.

Эслатиб ўтамиз, африкалик легионер бир пайтлар «Олд Траффорд» ўзига берилган имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмаган эди.

заа

7. Юри ТИЛЕМАНС – 50 та хавфли узатма

Клуби: «Лестер»

Мавсумдаги ўйинлари: 28

Бельгиялик ярим ҳимоячи эндигина 22 ёшда, лекин Тилеманс ҳақида анча олдин, яъни, «Андерлехт» сафида ўйнаб юрган кезларида эшитган тажрибали футбол ишқибозлари воқеаларнинг бундай ривожига ишонмасликлари мумкин. Ўшанда Юри ҳақида келажакнинг энг ёрқин ўйинчиларидан бири сифатида гапиришганди, бироқ «Монако» трансфери Тилемансга сифат жиҳатидан янги даражага чиқиш имконини бермади. Гарчи бельгиялик ижрочи кньязлик жамоасида иккита яхши мавсумни ўтказган бўлса ҳам. Муҳими, Тилеманс Францияни вақтида тарк этди ва нисбатан рақобатбардош ҳамда жўшқин лигага кўчиб ўтди.

АПЛда назардан четда қолмаслик учун хоҳлайсанми-йўқми, кучайишингга тўғри келади. Ҳозирда «Лестер» сафида Тилеманснинг ишлари жуда яхши кечмоқда – у асосий таркибнинг барқарор ўйинчиси, доимий равишда рақиб ҳимоячиларини чалғитган ҳолда тез-тез шерикларини ўткир ва ностандарт паслар билан таъминлаб турибди.

тилеманс

6. Роберто ФИРМИНО – 51 та хавфли узатма

Клуби: «Ливерпуль»

Мавсумдаги ўйинлари: 29

Роберто Фирмино – кўнглига эҳтимол биргина Юрген Клопп йўл топа оладиган жуда ҳам ўзига хос ҳужумчидир. Бразилиялик футболчи шартли равишда Жозе Моуриньо ёки Хосеп Гвардиола қўл остида ўйнаб кета олмаган бўларди. Чунки бу мутахассислар қўл остидаги ҳужумчилардан Фирмино ўзини сувдаги балиқдай ҳис қиладиган ўйиндан мутлақо фарқли равишда бошқача ўйинни талаб қиладилар. Роберто топ-даражадаги тўпурар бўлмаса-да, вазиятлар яратишда жамоа учун фавқулодда жуда фойдали. У тўпни қанот ҳужумчилари ва ярим ҳимоячилар билан ўйнашга кўникиб қолган ва бу уларга бўш ҳудудларга ёриб киришга ҳамда ҳужумларни мустақил равишда якунлашларига имкон беради. Айнан Фирминонинг рейтингимизда ягона классик марказий ҳужумчи эканлиги ажабланарли эмас. Зеро, бу ерда бошқаси бўлиши мумкинмиди?

фирминоэ

5. Эмилиано БУЭНДИЯ – 52 та хавфли узатма

Клуби: «Норвич»

Мавсумдаги ўйинлари: 28

Эҳтимол, айримлар келиб чиқиши испанларга бориб тақаладиган аргентиналик 23 ёшли бу футболчининг исмини биринчи бор эшитаётгандир. Аммо «Норвич» ишқибозлари учун Эмилиано Буэндия ёқимтойлардан ва ҳужумдаги асосий умидлардан биридир. Жорий мавсум Буэндиянинг ўзи АПЛ доирасида ҳали бирорта ҳам гол урмади, аммо шерикларига 7 марта ассистентлик вазифасини ўтаб берди.

Эмилианонинг жарима майдони ичидаги ҳар иккинчи ёки учинчи паси – бу кичик санъат асари. Мавсум бошланганидан бери унинг трансфер қиймати икки баробардан зиёдроққа ошганига (8 миллион евродан 18 миллион еврогача) ажабланиш керак эмас, аммо бу ҳали охирги нуқта ҳам эмас. Агар Буэндия майдонда тўп билан мана шундай сифатли ва самарали муомала қилишда давом эса унинг трансфер нархи яна бир неча баробарга ошиб кетиши ҳеч гап эмас.

 

буэндия

4. Муҳаммад САЛОҲ – 52 та хавфли узатма

Клуби: «Ливерпуль»

Мавсумдаги ўйинлари: 26

Мисрлик 27 ёшли футболчи мана икки мавсумдирки АПЛда самарадорлик бобида маълум пасайишни намойиш этмоқда. Бироқ 2017/18 мавсумда 36 учрашувда ҳисобига 32 та гол ёзиб қўйган ҳолда фантастик даражада ўйин кўрсатганини ҳам унутмаслик керак. Шу билан бир вақтда Салоҳ «Ливерпуль»нинг ҳужумларида ақлбовар қилмас даражада фойдали ўйинчи бўлиб қолмоқда. Чунки «Қизиллар»нинг у ёки бу учрашувда ўзларини қандай кўрсатишлари аксарият ҳолларда Муҳаммаднинг ўйин даражасига боғлиқ.

Хусусан, Салоҳ жамоанинг бошқа қанот ҳужумчиси Садио Манедан кўра кўпроқ хавфли узатмаларни амалга оширган (52 га 39). Зеро, ассистентлик айнан Садиода 1 тага кўпроқ... Бироқ Виктор Прокопенко айтганидек, футболда мантиқ излашнинг кераги йўқ.

салох_1

3. Жеймс МЭДДИСОН – 59 та хавфли узатма

Клуби: «Лестер»

Мавсумдаги ўйинлари: 28

2018 йилнинг ёзидан бери «Лестер» шарафини ҳимоя қилиб келаётган 23 ёшли футболчи айни пайтда Англия трансфер бозоридаги энг харидоргир ўйинчилардан бири бўлиб турибди. «Ковентри» клуби тарбияланувчиси учун АПЛнинг барча етакчилари курашишга тайёр туришибди. Эътиборлиси, бу курашга кўҳна қитъадаги бошқа айрим топ-клублар ҳам қўшилишга қарши эмаслар.

Ҳаммаси Мэддисоннинг ҳақиқатан жуда яхши ижрочи эканлиги сабабли – у биринчилик доирасида ўтказган 28 ўйинида ҳисобига 6 та гол ва 3 та ассистентлик ёзиб қўйишга улгурди. Бироқ бу Жеймснинг «Лестер» ҳужумларини ташкил этишда ижро этаётган ролини тўлиқ баҳолашга имкон бермайди.

Миш-мишларга қараганда, ёзги трансфер чоғида Мэддисонни «Манчестер Юнайтед» клуби таркибга қўйиб олишга уриниб кўради. Агар мазкур келишув амалга ошса, «Қизил иблислар» жамоаси майдон марказида Мэддисон, Погба ва Бруну Фернандеш тимсолида фантастик учликка эга бўлиши мумкин.

мэддисион

2. Давид СИЛЬВА – 61 та хавфли узатма

Клуби: «Манчестер Сити»

Мавсумдаги ўйинлари: 19

Испаниялик космик ўйинчи аллақачон 34 ёшни қаршилаб қўйди, бироқ у тўп билан ишлашда ва аъло даражадаги пасларни оширишда ҳамон фантастик савияда қолмоқда. «Мерлин» (футболчининг лақаби) жорий мавсум АПЛ доирасидаги учрашувларда тез-тез кўриниш бермаяпти ва ҳозирча фақат 19 ўйинда иштирок этди. Бироқ Сильвага рейтингимизнинг фахрли 2-ўрнини эгаллаш учун шунинг ўзи ҳам кифоя қилди!

Агар Давид ҳозиргача ўтказилган 28 учрашувнинг барчасида иштирок этганида, унинг қандай кўрсаткичларни қайд этганини тасаввур қилиш ҳам қийин. Бундан ҳам ачинарлиси шуки, Давид Сильва учун жорий мавсум охиргиси саналади – чунки испаниялик ярим ҳимоячи мавсум якунига етганидан сўнг «шаҳарликлар» сафини тарк этади.

сильва1

1. Кевин ДЕ БРЮЙНЕ – 96 та хавфли узатма

Клуби: «Манчестер Сити»

Мавсумдаги ўйинлари: 26

Эҳтимол, ижодкорлик ва футболни тушуниш борасидаги истеъдод томондан Кевин Де Брюйнени ҳозирги АПЛда фақатгина юқорида тилга олиниб ўтилган Давид Сильва билан таққослаш мумкин бўлса керак. Салоҳ, Мэддисон, Заа, Тилеманс ва бошқа кучли ўйинчилардан фарқли равишда Де Брюйне умуман бошқа типдаги футболчи. Гоҳида сониялар ичида мумкин бўлган барча вариантларни ҳисоблаб чиққан ҳолда аниқ эпизод учун энг оптимал вариантларни танлайдиган бельгиялик иқтидорнинг миясида энг сўнгги процессор ўрнатилгандек таассурот уйғотади.

Жорий мавсум Кевин сўзсиз АПЛнинг энг яхши ассистенти ва хавфли узатмалар сони бўйича турнирда етакчилик қилмоқда. Европада хавфли узатмалар борасида Де Брюйнега рақобатчилик қилишга биргина «бутса кийган ўзга сайёралик» - Лионель Мессининг кучи етмоқда холос. Айни пайтда аргентиналик юлдузнинг ҳисобида 109 та (Ла Лига доирасида) «ақлли пас» бор.

де брюйне2

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!