"Ғиждувон" бош мураббийи: "Оспинани захирада ўтириш учун чақирмаганмиз"

Бухоронинг “Ғиждувон” жамоаси бугун про лиганинг дастлабки турида сафарда “Янгиер-Қурувчи” меҳмони бўлди.

Гарчи “Ғиждувон” учрашувда ҳисобни очганига қарамай, кейинчалик ўз дарвозасидан иккита тўп ўтказиб, якунда мағлубиятга учради. Беллашувдан сўнг, “Ғиждувон” бош мураббийи Баҳодир Шоймардонов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Бугунги мағлубиятга нима сабаб бўлди?

- Футбол борки, мағлубият бўлади. Аввало, 2022 йилги футбол мавсуми бошланганлиги билан ҳаммани табриклайман. Шу ўринда “Янгиер” жамоасини ҳам ғалаба билан табриклайман. Ўйинга келсак, биринчидан, майдоннинг нотекислиги бизга муаммолар туғдирди. Иккинчидан, ёмғир ёғиб турди, бундай вазиятни кутмагандик. Нима қиламиз, камчиликларимиз устида ишлаймиз. Кейинги ўйинларда яхши натижа кўрсатиш учун ҳаракат қиламиз.

- Бу мавсумда “Ғиждувон” жамоаси олдига қанақа вазифа қўйилган?

- Бу йил раҳбарият томонидан кучли бешталикка кириш вазифаси қўйилган. Худо хоҳласа, ишончни оқлаймиз.

- Жамоа сафида учта легионер бор. Улардан бири майдонга тушди, қолганлари...

- Учинчи легионеримиз ҳали тўлиқ кўригимиздан ўтмаган. Рикардо Мбассе бироз кечиккан ҳолда келди. Иккинчи учрашувдан майдонга тушади.

- Захирада колумбиялик Оспинани кўрдик. Нима, уни захирада ўтириш учун олиб келганмисизлар?

- Захирада ўтириш учун эмас. Оспина яқинда жароҳатидан қутулди. Оптимал формага киргач, ўзини кўрсатади, деган умиддамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!