Гвардиола “Манчестер Сити”дан кейин қаерда ишлашини айтди
“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола мураббийлик фаолиятини якунлашдан олдин халқаро миқёсда ишлаб, бирор терма жамоани бошқариш нияти борлигини яширмади.
Гвардиоланинг “шаҳарликлар” билан тузган шартномаси 2025 йилнинг ёзигача давом этади ва томонлар ўзаро келишган ҳолда уни яна бир неча йилга узайтириши мумкин.
Бироқ испаниялик мутахассис “Барселона”, “Бавария” ва “Манчестер Сити”даги фаолияти давомида клублар миқёсидаги барча мусобақаларда бош совринни қўлга киритиб бўлган.
Гвардиола мураббий сифатида жаҳон ва қитъа чемпионатларида ҳам ғолиб чиқишни режалаштирмоқда.
- Фаолиятим давомида мен эришмаган нима қолди? Терма жамоалар билан ишлаш қолди. Мен бирор терма жамоани жаҳон ёки қитъа чемпионатида ўйнатмоқчиман. Қайси терма жамоани бошқаришни истайман? Мен қайси мамлакат мен билан ишлашни хоҳлашини билмайман. Терма жамоада ишлашим учун улар мен билан ишлашга рози бўлиши керак.
Бу ҳолат қачон юз бериши ҳам номаълум. Балки беш йилдан кейин ёки 10-15 йилда бўлар. Лекин мен жаҳон чемпионатида бош мураббий сифатида ишламоқчиман, - деди Хосеп Гвардиола.
Фикрлар