"Ҳали "олтин тож"ни киймадик" - испаниялик мураббий "Сурхон"нинг суперкамбэкни қандай амалга оширгани ҳақида

Термизнинг “Сурхон” клуби унутилмас ғалабаларидан бирини қўлга киритди. Сафарда “Қўқон-1912” жамоасига қарши учрашувда 2:0 ҳисобида ортда қолаётиб, охирги 15 дақиқада 3 та гол урди ва ғалабани рақибдан илиб кетди. Бундай ўйинлар доим ҳам бўлавермайди.

“Сурхон” клубида бош мураббийлик постини эгаллаганига ҳали кўп бўлмаган испаниялик Мигел Альварес ўзидан яхши таассурот қолдиришга киришди. У “Қўқон-1912”га қарши баҳсдан кейин матбуот анжуманида ўз фикрларини билдирди.

- Жуда яхши ўйин бўлди. Шу ўринда мен “Қўқон-1912” клубига кейинги ўйинларида омад тиламоқчиман. Бугун жуда ҳам чиройли ўйин бўлди. “Қўқон-1912” ҳам, “Сурхон” ҳам ажойиб ҳаракат қилди. Бундан ташқари, стадионда мухлислар ёрдамида зўр муҳит ҳукм сурди. Бу учрашув биз учун муҳим эди. Ушбу натижа билан “Сурхон” мураббийлари, футболчилари, ишчи-ходимлари ҳамма-ҳаммасини табриклайман. Шу билан бирга мухлисларимизни алоҳида табрикламоқчиман. Биз таслим бўлмаймиз. Босқичма-босқич кейинги ўйинларга тайёрланиб борамиз. Қолаверса, олдинги ўйинларимиз билан таққосласак, бугунги учрашувдаги ҳакамларни яхши ишлашгани билан ҳам табриклайман. Чунки охирги пайтларда ҳакамларинг хатолари кўзга ташланганди.

- Охирги 15 дақиқада камбэк қилиб 2:3 ҳисобида ғалабани илиб кетдинглар. “Қўқон-1912”ни қандай хатоси эвазига бундай ғалабани қўлга киритдинглар?

- Шуни айтмоқчиманки, “Қўқон-1912” бугун ёмон ўйнамади. Биз учрашувдан олдин рақибимизни жуда яхши ўрганиб чиқдик. Улар яхши ўйин намойиш қилди. Эътибор берсангиз, “Қўқон-1912”да имкониятлар кўп бўлди. Балки ҳисоб бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Ўйин мобайнида мен тактикани бироз ўзгартириб қўйдим. Вазиятдан келиб чиқиб биз камбэк қилдик. Яна шуни қўшимча қилмоқчиман, бизнинг ўйин менталитетимиз бўйича фақат ҳужум қилишимиз керак эди. Футболчилар худди аскардек ҳамма ўйинга жиддий тайёргарлик кўради.

тошпўлатов_1

- Ҳисоб 2:0 бўлиб турганида бирданига 3 та ўйинчи алмаштирдингиз. Ушбу ўзгариш ғалабада асосий сабаб бўлди, деб ҳисоблайсизми?

- Бундай демаган бўлардим. Жамоамизда фақат 11 киши ўйнамайди. Ҳаммамиз 18-20 нафар футболчи барчамиз бирга ўйнаймиз. Ҳеч қачон қайсидир футболчини алоҳида ажратмайман. Фақат шуни айта оламанки, ушбу ўзгаришларимиз вазиятдан чиқиб кетишимизнинг сабабларидан бири. Лекин бу энг асосий сабаб эмас.

- “Сурхон” ўтган сафар “Локомотив”ни, бугун “Қўқон-1912”ни мағлуб этди. Ўртамиёна жамоаларни ютяпти. Олдинда “Пахтакор”, “Сўғдиёна”, “Қизилқум” каби рақибларга қарши ўйинлар кутиб турибди. Жамоанинг Суперлигада қолиш имконияти қандай?

- Энг асосийси, биз албатта Суперлигада қолиш учун ҳаракат қиламиз. Биз бу ғалаба билан ҳали “олтин тож”ни киймадик. Чунки олдимизда муҳим учрашувларимиз бор. Ҳали ҳаммаси ўзгариши мумкин. Олдин айтганимдек, биз таслим бўлмаймиз, охиригача ҳаракат қиламиз. Асосий мақсадимиз ҳар бир ўйинга алоҳида тайёргарлик кўриш ва ғалаба қозониш.

- Мана, бир қатор испаниялик мураббийлар ишлаяпсизлар. Агар ҳомийлар клубга яхшироқ эътибор берса, “Сурхон”ни янада кучайтира оласизларми?

- Биринчи навбатда энг асосий мақсадимиз Суперлигада қолиш. Шундан кейин келажак ҳақида ўйлаймиз. Қайси ҳамкор, мураббий ёки ўйинчидан қатъий назар дастлабки мақсадим шундай. Мураббийлар штабидаги нафақат биз испаниялик мураббийлар, балки барчамиз катта оиламиз.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!