Ҳаммаси тамом! Энг зўр тўпурар энди терма жамоада ўйнамайди
Охирги ўйинда уни майдонга туширишмади
Бельгия терма жамоаси тарихида энг кўп гол урган Ромелу Лукаку миллий жамоа сафидаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Миллатлар лигаси гуруҳ босқичида Италияга қарши ўйин (4:1) унга майдонга тушиш имконисиз қолган ҳолда, терма жамоадаги сўнгги беллашув бўлиб қолди.
«16 йил... Шу 16 йил ичида терма жамоага бор кучимни бердим. Барча эҳтимолий ҳис-туйғуларни бошдан кечирдим. Жуда кучли жамоадошлар билан бирга ўйнадим, бунга доим миннатдор бўламан. Ҳар бир жамоадошимга, шунингдек, мени йўлга солган ва ишонган барча мураббийларга алоҳида раҳмат айтмоқчиман», – дея мухлислар билан хайрлашди бельгиялик ҳужумчи.
Лукаку ҳозир 33 ёшда. У биринчи марта 2010 йилда, 17 ёшида терма жамоага чақирув олган. Шу пайтга қадар у Бельгия сафида 135 ўйин ўтказиб, 94 та гол урган. Миллий жамоа билан эришган энг катта ютуғи – 2018 йилги жаҳон чемпионатида қўлга киритилган бронза медалидир.
Жорий мавсумда Лукаку фаолиятини «Фенербаҳче» клубида давом эттирмоқда. Туркия Суперлигасида у 10 ўйинда майдонга тушиб, «гол+пас» тизими бўйича 1 гол ва 3 голли узатма муаллифи бўлди.
Ромелу учун терма жамоа таркибидаги энг самарали мусобақа – 2020/21 йилги Миллатлар лигаси ҳисобланади. Ушбу турнирда у 6 ўйинда 6 та гол урган.
Изоҳлар (0)