Ҳасан Рўзиев: Ҳакамликни кеч бошлаганим боис халқаро ўйинларни бошқаришга улгурмаганман (1-қисм)

Юртимизда тажрибали ва кўзга кўринган ҳакамлардан бири сифатида танилган Ҳасан Рўзиевни кўпчилик яхши билади. Аммо эндиликда у собиқ ҳакамга айланган. Хабарингиз бўлса, ўтган йилги мавсум тугаганидан кейин Рўзиев расман ҳакамлик фаолиятини якунлаганини эълон қилганди. Шундан кейин ҳам Ҳасан Рўзиев футбол ичида қолди. Лекин энди у раҳбар лавозимида гавдалана бошлади. Аввалига “Сурхон” клубида, сўнгра “Қизилқум”да ишга киришди.

Бир сўз билан айтганда, ушбу собиқ ҳакам билан суҳбатлашиш учун бизда мавзулар бисёр эди. Шу боисдан сайтимиз учун интервью уюштиришга уни кўндира олдик. Олдиндан ўтиб шуни айтишимиз лозимки, Рўзиев билан суҳбатимизни икки қисмга ажратган ҳолда эътиборингизга ҳавола этамиз. Негаки, кўплаб масалаларда мулоқот қилганмиз. Шунинг учун суҳбатимизнинг биринчи қисмида асосан унинг ҳакамлик фаолияти ҳақида гап боради.   

- Ҳасан ака, авваламбор ҳакамликка кириб келишингиз қандай содир бўлгани ҳақида гапирсангиз. Бу соҳага ўзингиз қизиқиб кирганмисиз ёки бошқа сабаб бўлганми?

- Ҳакамликка кириб келишим шундай бўлганки, футбол мактаб-интернати (собиқ “Титов”)да Маъмур Юсупов деган дўстим бўларди. У эса мени ўша футбол даргоҳига 1990 йилда туғилган ёш футболчиларга мураббийлик қилишга таклиф қилганди. Яъни, “Олимпик” деган жамоага жалб қилган. Натижада у ерда икки йил мобайнида ишладим. Ўша пайтларда “Олимпик” жамоаси Тошкент шаҳар чемпионатида қатнашарди. Лекин баъзи пайтларда ўйинга ҳакам келмай қолган ҳолатлари ҳам бўларди. Ана шундай вазиятларнинг бирида мен ҳакамлик қилишимга тўғри келган. Адашмасам, ўшанда мен 28 ёшда эдим. Битта-иккита учрашувда ҳакамлик қилганимдан кейин менинг бу соҳага бўлган қизиқишим ортиб бораверган. 11-12 ёшли болалар ўртасидаги ўйинларни бошқариш орқали ҳакамлик қила бошлаганман. Аста-секин ёши катта футболчилар ўртасидаги беллашувларда ҳам ҳакамлик қилганман. Шундан сўнг Тошкент шаҳар футбол федерациясига бордим. У ерда Геннадий Васильевич Ермаков ишларди. У билан гаплашиб, ҳакамлик соҳасида ўзимни синаб кўрмоқчи эканлигимни айтганман. Натижада улардан ўйинлар олишни бошлаганман ва яна болалар ўртасидаги мусобақаларда ҳакам сифатида ишга киришганман. Бу сафар расмий равишда ҳакамликни бошлаганман. Шу билан бирга мураббийлик ишимни ҳам давом эттирардим. Хуллас, шундай қилиб, ҳакамликка кириб келганман. 2007 йили эса бизда ҳакамлик мактаби очилган. У ерда ўқидик, лицензия олдик. Натижада 2008 йили биринчи лигада қанот ҳаками бўлиб ишни бошладим. Орадан бир йил ўтиб, биринчи лигада бош ҳакамлик қилишга киришдим. 2010 йилга келиб, олий лигада ҳам бош ҳакамлик қила бошладим. Ўша йили тўртта учрашувда ишладим. Биринчи бошқарган ўйиним эса “Бухоро” – “Металлург” ўртасидаги учрашув бўлган. Ўшанда ўйин Вобкентда ўтказилганди. Ўша пайтда Равшан Эрматовнинг бригадасида ишлайдиган Абдулҳамидилло Расулов билан Жаҳонгир Саидов менга қанот ҳакамлари сифатида ёрдам беришганди. Худога шукрки, дебют ўйинимни муваффақиятли бошқарганмиз. Ўшанда “Бухоро” 2:1 ҳисобида ютганди. Шу тариқа, ҳакамликда 11 та мавсумни ўтказдим.

рузиев4

- Тушунарли. Ҳакамлик фаолиятингиз давомида кўплаб учрашувларни бошқаришингизга тўғри келган. Шуни инобатга олганда, қайси беллашувлар сиз учун мураккаб кечган?

- Аслида-ку, бундай мураккаб ўйинлар кўп бўлган. Мисол учун “Пахтакор” – “Бунёдкор”, “Бунёдкор” – “Локомотив”... Шунингдек, қайсидир йили Наманганда “Навбаҳор” ҳамда “Насаф” ўртасидаги ўйин ҳам ёдимда сақланиб қолган. Ўйин жуда шиддатли кечганди, стадион эса мухлислар билан лиқ тўлганди. “Насаф” ягона гол эвазига ютаётганди. Аммо учрашувнинг 90+3-дақиқасида “Навбаҳор” футболчилари ҳисобни тенглаштиришганди. Лекин, биласизми, ўша учрашувдаги муҳит ҳалигача қулоғимда жаранглаб туради. Ўйиндаги муҳит юқори даражада бўлганди. Бундан ташқари, Қаршида “Насаф” – “Локомотив” ўртасидаги баҳс ҳам жуда оғир ўтган. Ўшанда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишган. Водий дербисида “Нефтчи” – “Андижон” ўйинлари ҳам доим қийин бўларди. Айниқса, “Навбаҳор” иштирокидаги учрашувлар бошқача муҳитда ўтади. Намангандаги муҳит шу даражада бўлардики, рақиб жамоа аъзоларининг оёқлари титраб қоларди. Тўғриси, Наманганга ҳакамлик қилиш учун борсам ҳузурланаман, мазза қиламан. Мухлисларнинг жонкуярлиги, уларнинг стадионни тўлдириб ўтиришлари жуда ёқимли. Наманганда чинакамига футбол ҳавоси ҳукм суради. Шу сабабдан ҳар доим наманганлик ишқибозларга беш кетаман. Ҳатто, биласизми, ҳакамларни ўйинларга тайинлашаётганларида мени Намангандаги учрашувга юборишларини кутиб турардим. Чунки юқорида айтганимдек, у ердаги ўйинларни бошқарсам мазза қилардим. Наманган халқини яхши кўраман.

- Лекин доим ҳам ҳакамлар барчага бирдек ёқавермайди. Бошқарган ўйинларда эса албатта мухлислар ёки жамоалар томонидан эътирозлар, танқидлар бўлиб туради. Шундай экан, айтинг-чи, ҳакамликдаги фаолиятингиз давомида ўзингизга нисбатан ноҳақликларга ҳам дуч келганмисиз?

- Ноҳақликми? Футбол шундайки, ҳар доим ютқазган жамоа қандайдир бахона топгиси келади. Оқибатда раҳбарларининг олдида ўзини оқлаш учун ҳакамга осилади. Натижада ўйин чоғида ҳакамнинг кўзга кўринар-кўринмас қилган арзимас хатосини қидиришга тушишади. Аввал айбни ўз жамоасидан қидириш керак эмасми? Агар биз ҳакамлар чиндан ҳам хато қилган бўлсак, бизни назорат қиладиган ҳакамлар қўмитамиз бор. Ўшалар хатоларимизни кўриб чиқиб, қандай жазо беришни билишади. Агар бирор-бир ҳужумчи пенальтидан ёки яккама-якка вазиятдан гол ура олмаса, мураббийи унинг бошини силаб хафа бўлма, кейинги сафар албатта гол урасан деб футболчисини руҳлантиради. Профессионал мураббийларгина шундай қилишади. Уларни биламан: Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев, Андрей Фёдоров, Шота Арвеладзе яна бошқаларни айтишим мумкин. Яна баъзи мураббийлар борки, улар биринчи бўлиб ҳакамга ёпишишади. Беайб Парвардигор. Биз инсон бўлганимиз учун ҳаммамиз адашамиз. Мана, чемпионатимизга VAR кириб келяпти. Футболимиз раҳбарлари Абдусалом Азизов ва Равшан Эрматовнинг ташаббуси билан чемпионатимизда ҳаққонийлик бўлиши учун қаттиқ ҳаракат қилишяпти. Шу боис уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Биз эса уларнинг жиддий ҳаракатларини ўз ишимиз билан оқлашимиз керак. Ҳаққонийлик бўлиб, бундан футбол ютадиган бўлса, биз албатта жаҳон чемпионатига бора оламиз.

рузиев6

- Равшан Эрматов билан илк бор қачон танишгансиз?

- Равшан билан ёшлигимизда футбол мактабида бирга ўқиганмиз. Ўша ерда танишиб, бирга футбол ўйнаб юрардик. Қисқаси, ёшликдан бери дўстмиз.

- Сиз ҳам чемпионатимиздаги тажрибали ҳакамлардан бири бўлгансиз. Лекин халқаро майдонларда ҳакамлик қилиш сизга насиб қилмаган. Бу нима билан боғлиқ эди?

- Кўраётган бўлсангиз, ҳозирги ҳакамлар ёш. Ўша пайтда ОФКнинг чеклови 32 ёшгача эди. Шу ёшгача сиз ФИФАнинг ҳаками бўлсангиз, халқаро ўйинларда ҳакамлик қилишингиз мумкин бўларди. Қолаверса, чемпионатимизда ўша ёшгача қанчадир миқдордаги ўйинни бошқарган бўлиши керак эди. Мен эса ҳакамликни кеч бошлаганман. 28 ёшимда ҳакамликка кириб келган бўлсам, 30 ёшимда олий лигада ишлашга киришганман. Шунинг учун мен улгурмаганман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!