Ҳаётимдаги энг даҳшатли ва унутилмас кун. Роберто Карлос футбол ва пандемия ҳақида
Уйимда ҳаётимдаги энг унутилмас кундан эсдалик бўлган фотосурат бор. У 1996 йил олинган. “Реал” мени эндигина “Интер”дан сотиб олган пайтлари.
Ундан олдин мен умуман Мадридда бўлмаганман. Самолёт ерга қўнгач, мен янги уйимни кўргани ҳам, “Сантьаго Бернабеу”ни кўргани ҳам шошмадим. Журналистлар қуршовида Пласа-де-Сибелес майдонини томоша қилгани бордим.
Бу мўъжизавий майдонни аввал фотосуратларда кўргандим. Бу майдонда “Реал” ва Испания терма жамоаси ўз ғалабасини нишонлашини футбол мухлислари жуда яхши билишади. Мен бу майдонда эканлигимдан жуда хурсанд эдим. Атрофни завқ билан томоша қилаётган пайтим бир журналист мени суратга туширди.
Суратга қараганимда, “Реал”да ўтган йилларим ёдимга тушади. Мен ҳалигача бу суратни сақлайман. Мадрид ҳалигача менинг уйим бор. Мен шу ерда ишлайман. Аммо ҳозир офисга бора олмайман. Охирги бир ойда мен уйимни икки марта тарк этдим. Иккаласида ҳам супермаркетга бориш учун. Ҳозирги вазиятда уйда қолган маъқулроқ.
Кўчага чиққанимда шаҳарни танишим қийин бўлди. Мадрид кўчалари доимо гавжум бўларди, одамлар сайр қилиб юрган, атрофда болалар ўйнаб юришган. Ҳаётингизда истаган нарсангизни Мадриддан топишингиз мумкин: қуёш, спорт, маданият, тунги ҳаёт, озиқ-овқат… Бу ерда яшайдиганлар қандай завқ олишни билишади.
Ҳозир эса улардан асар ҳам қолмаган. Кўчалар бўм-бўш. Мен Мадридни ҳеч қачон бундай аҳволда кўрмаганман.
Вирусдан азият чекаётган оилалар қайғусига шерикман. Шундай оилаларни танийман. Ўтган ойда “Реал”нинг собиқ президенти Лоренцо Санс коронавирусдан вафот этди. Айнан у киши мени жамоага таклиф қилган эди. Санс 76 ёшда эди. Лоренсо коронавирусга чалинганини эшитганимдан сўнг, унинг соғайишини тилайдиган бўлдим. Афсуски, вирус уни енгди.
Мен Лоренцони ёдга олсам, юзимга табассум югуради. Тўғри, у президент эди, аммо бу унинг футбол ишқибози бўлишига халақит қилмасди. У “Реал” учун яшарди. Лоренцо ҳар доим кийим алмаштириш хонасига ташриф буюрарди. Дуранг қайд этсак, ёки мағлубиятга учрасак, бизга далда берарди, соврин ютганимизда эса бизни биринчи бўлиб бағрига босиб табриклар эди. Биз унинг инсонийлик хислатлари учун яхши кўрардик, у бизга худди отадек муносабатда бўларди.
Мен Санс билан ҳар куни гаплашардим. Мендан ҳеч қачон маслаҳатларини аямаган. Мен ҳеч қачон уни Лоренцо Санс деб чақирмасдим, у мен учун ҳар доим президент ёки оддийгина Преси эди. Мен унга қараб: “Преси, ишлар қалай?” дердим. У эса табассум билан бағрига босарди.
Мен дебют ўйинимни ёдимдан чиқармайман. Меҳмонда “Депортиво”га қарши ўйинда майдонга тушиб, гол ургандим. Кейин эса илк бор “Бернабеу”да, 80 минг томошабин қаршисида майдонга чиққаним ҳам ёдимда.
“Мен бу ерда нима қиляпман? Агарда хато қилсам нима бўлади?” деган ўйлар мени қамраб олганди. Мен жуда қўрққандим. Шу ўринда ҳаётимдаги энг яхши кунлардан бири ҳам “Бернабеу”даги дебютим бўлган.
Секин-аста босимга ўрганиб қолдим. “Реал”га келиб қўшилганимдан икки йил ўтгач, Чемпионлар Лигаси финалида “Ювентус”га қарши ўйнайдиган бўлдик. Биз “Реал” бу мусобақанинг рекордчиси эканлигини билардик, аммо 32 йилдан буён финалда ғалаба қозона олмаётгандик. “Ювентус” кетма-кет учинчи бор финалга чиқаётган эди. Бу ўйинда биз фаворит эмасдик.
Ўйиндан бир кун олдин ҳеч қайсимиз ухлай олмадик. Ҳар доим ўнда ётишга ўрганган футболчилар, ўша куни тунги тўртгача бир-биримиз билан суҳбатлашиб ўтирдик. Биз “Юве”дан қўрқмаётгандик, шунчаки уларни ҳурмат қилардик.
Финалда биз яхши ўйин кўрсатдик. “Ювентус”да жуда яхши вазиятлар бўлишига қарамасдан, биз 1:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Шунчаки истеъдод эвазига эмас, мотивация туфайли ғалаба қозондик. Биз ғалаба қозонишни улардан ҳам кўпроқ истадик.
Бизни Пласа-де-Сибелес майдонида кутишарди. Кўчаларда оқ футболка кийган минглаб одамлар юрарди. Барча ғалабадан сармаст, ҳаммани юзида табассум эди. Ўша кунни унутмайман. Ўша кун “Реал” сафидаги энг бахтли лаҳзаларим эди.
Мадридда қанча узоқ қолсангиз, клуб одамлар учун нақадар муҳим эканлигини тушуниб етасиз. Нафақат Мадрид, Испания ва бутун дунё бу жамоани яхши кўради. Биз қаерда ўйнасак, ўша ерда жамоа мухлислари топиларди. Оддий ўйин бўладими ёки “Клаcсико” трибуна ҳар доим мухлислар билан тўларди.
“Галактикос” нафақат мухлисларни, балки футболчиларни ҳам ёдида қолган. Кийим алмаштириш хонасига кирсангиз, “Олтин тўп” эгасини, Испаниянинг йил футболчисини, Ла Лиганинг тўпурарини ва дунёнинг энг яхши дарвозабонини кўришингиз мумкин эди. Бу жамоа аъзоси бўлиш шунчаки фахр эди.
Биз яна икки марта – 2000 ва 2002 йилда Чемпионлар Лигасида ғалаба қозондик. “Реал” футболчиси бўлганингиздан сўнг, хотиржамликка берилишга ҳаққингиз йўқ.
Менинг “Реал”даги энг охирги ўйиним 2007 йилнинг 17 июнь ойида бўлиб ўтганди. Охирги турда “Бернабеу”да “Мальорка”га қарши майдонга тушдик. “Барселона” билан очколаримиз тенг эди. Улар “Химнастик”га қарши ўйнаётганди. Агарда биз ҳам, улар ҳам ғалаба қозонган тақдиримизда биз Ла Лига чемпионига айланардик. Биринчи бўлимда “Мальорка” ҳисобда олдинга чиқиб олди. Аммо иккинчи бўлимда биз 3 та гол урдик ва ғалаба қозондик. Биз чемпионга айлангандик.
Лекин трибуна унчалик ҳам қувонмади. Чунки мен ва Дэвид Бекхэмнинг жамоадан кетаётган эдик. Меҳмонхонадан чиқишимиз билан бизни мухлислар қуршаб олди. Худди туғилган кунимдек, менга омад тилашарди.
“Омад тилаймиз”
“Биз сени яхши кўрамиз.”
“Иложи борича тезроқ қайт”
Ана шу лаҳзада мен жамоа учун нималар қилганимни англадим. Ўша лаҳзада мени қадрлашларини тушуниб етдим.
Бу менинг энг унутилмас лаҳзаларимдан бири эди. Мен айтган нарсалар шунчаки бу ернинг одамлари қанчалик меҳрибон эканлиги ҳақида бир мисол эди. Мадрид шундай яшайди. Шунинг учун ҳозирги воқеалар менга оғриқли туюлади.
Нима бўлишидан қатъи-назар олдинга оптимизим билан қараш керак. Муаммоларни табассум билан ечиш кера – менинг фалсафам шунақа. Қаддингизни тик тутинг ва олдинга қаранг. Ўзингизга ишонинг. Сабрли бўлинг. Бошқаларга ёрдам беринг.
Биз ҳаммамиз ожиз томонимиз борлигини ҳис қилдик. Оила муқаддас эканлигини, дўстлар қанчалик муҳимлигини, биз бир-биримизга керак эканлигимизни тушуниб етдик.
Биз уйда қолиб, вирусга қарши курашяпмиз. Барча сингари мен ҳам футболни соғиндим, “Реал” яна соврин билан Сибелес майдонига боришини интиқлик билан кутяпман.
Аммо ҳозир кўчада одамларни кўришни истайман. Айнан шунинг учун биз курашяпмиз.
Фикрлар