Икром Алибоевнинг мухлисларга очиқ хати
Ads

Ҳурматли мухлислар, дўстларим, акаларим!

Мен футболга меҳр қўйганимдан бери футбол клуби Ўзбекистон чемпионати ва Кубогида ғолиб чиқиш, Осиё чемпионлар лигасида юртимиз шарафини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ватанимни ҳимоя қилишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйган эдим. Мана болаликдаги орзуларим рўёбга чиқиб кўплаб совринларни қўлга киритдим. Болалагимда кумирларим бўлган футболчилар ёнида катта бўлдим, улардан сабоқ олдим, билмаганларимни ўргандим. “Локомотив” жамоасида бир оила, ака-укалардек катта бўлдим. Бу инсонлар олдида бир умр қарздорлик ҳисси мени тарк этмайди. Клуб рахбарияти, футболчилар, мураббийлар, стадион ва клуб ишчилари ҳамда мухлислар билан ўтказган 5 йил мен учун энг қадрли, ёқимли давр бўлиб қолади.

Футболчи ҳудди саёҳатга чиққан сайёҳ каби кўтарилиш, пастга тушиш, кутилмаган ўзгаришлар, ўйинда ўсиш, пасайиш, жароҳатлар, мағлубият ва ғалабалардан иборат. Энг асосийси инсонийлик фазилатини йўқотмаслик жуда муҳим.

Бир неча ҳафта олдин мени ҳаётимда катта ўзгариш бўлди. Болаликдаги орзуларимдан бири амалга ошди. Бунинг учун аввало Яратганга, кейин “Локомотив” рахбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мен ва қадрдон клуб ўртасида ўзаро олийжаноблик натижасида мен “Сеул” клуби футболчисига айландим. “Аlibaev” номли футболка энди қизил-яшиллар сафини тарк этмоқда. Мен бир оиладан бошқа оила сафига бориб қўшилиш арафасидаман. Қадрли мен учун азиз инсонлар, мен эришган барча ютуқлар замирида сизнинг мехнатингиз, қўллаб-қувватлашингиз ётибди. Сизлар билан хайрлашмайман, сизлар билан кўришгунча деб қоламан. Қаерга бормай, мен “Локомотив”нинг бир бўлаги, “Локомотив” эса менинг бир бўлагим бўлиб қолади.

Сизларга чуқур эҳтиром билан, Икром!