Илёс Зейтуллаев: "Менимча, бугун кўпроғига лойиқ эдик"
Суперлига 11-туридан ўрин олган "Металлург" – "Бунёдкор" (0:0) учрашувидан сўнг меҳмонлар мураббийи Илёс Зейтуллаев ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Металлург"га қарши ўйин жуда муҳим эканлигини барчамиз яхши билар эдик. Илк 10-15 дақиқа давомида биз рақибни ўргандик. Кейин эса, кўплаб имкониятларга эга бўлдик, аммо бундан фойдалана олмадик. Биз бугун кўпроғига лойиқ эдик, деб айта оламан. Шунга қарамай, рақобатчимиз билан баҳсда меҳмонда бир очко ишлашни уддаладик. Йигитлар жанг қилишди. Бу футбол.
Агар биз яратган имкониятлардан келиб чиқсак, кўнгилда бироз ҳижиллик бор. Менимча, 3 очко ишлаб олишимиз мумкин эди. Шунга қарамай, доимо элитада қолиш учун жанг қиладиган Бекобод клуби билан ўйнаганимизни ҳам унутмаслик лозим. Уларга қарши осон бўлмайди. Ўйлашимча, жуда оғир майдонда муносиб футбол намойиш этдик. Ҳозир, тезроқ тикланиб, бор эътиборимизни қолган ўйинларга қаратишимиз керак.
Иккинчи бўлимда хатолар бўлди, аммо рақиб бизни бу учун жазоламаганидан хурсандман. Кейинги учрашувларда, айнан шу омилга суянган ҳолда футбол қуришга ҳаракат қиламиз. Сабаби, сен гол ўтказиб юбормасанг, камида мағлубиятга учрамайсан. Ҳужумда кўпроқ дарвозага зарба йўллашимиз керак. Биз имкониятлар яратяпмиз, аммо якун бўлгани йўқ. Бу борада ишлашда давом этамиз", - деди Зейтуллаев.
Фикрлар