Иньеста Японияда ҳам чемпион бўлиб, ўзининг 37-совринини қўлга киритди

Япония Суперкубоги доирасида "Виссел Кобе" жамоаси "Йокогама Маринос" (3:3, пен. серияси 3:2) клубини мағлуб этди.

"Барселона"нинг собиқ футболчиси Андрес Иньеста учрашувда тўлиқ ҳаракат қилди. 35 ёшли футболчи ўзининг Япониядаги иккинчи чемпионлигини қўлга киритди, бунгача Япония кубоги ғолибига айланганди.

Ушбу ғалаба испаниялик ярим ҳимоячининг фаолиятидаги 37-соврини бўлди. Иньеста Испания Ла Лигасида 9 бор зафар қучган бўлса, 6 маротаба Испания кубоги ғолибига айланган ва Испания Суперкубогида 7 марта чемпион бўлган. Бундан ташқари, Европа чемпионлар лигасида 4 марта биринчи ўринни эгаллаган.

Испания терма жамоасида 2 марта Европа чемпиони бўлган ва бир маротаба жаҳон чемпионлигини тантана қилган.