Ислом Қобилов: "Пенальти белгилангач, ҳакамни менга айтган гапи қизиқ бўлди"

Суперлигада яна бир ўйиндаги вазият баҳсли бўлиб кўриняпти. “Сурхон” ҳамда “Локомотив” ўртасидаги ўйинда бош ҳакам Азиз Асимов “Локомотив” дарвозасига пенальти белгилади ва бундан термизликлар унумли фойдаланиб 2:1 ҳсобида ғалаба қозонди.

Ўша ҳолатда тўп учун курашда Ислом Қобилов “Сурхон” ҳужумчиси билан курашди ва бир қарашда ҳимоячи қўполллик ишлатмагандек кўринди. Аммо ҳакам вазиятга яқин турганди ва дарҳол пенальтини кўрсатди. Хуллас, “Сурхон” ютди. Учрашувдан кейин ўша вазият қатнашчиси бўлган Ислом Қобилов билан суҳбатлашдик.

- “Сурхон”га қарши тайёргарлик қандай бўлганди? Мағлубиятга нима сабаб?

- Ўйинга тайёргарлик аъло даражада бўлди. Мураббийимиз қўли остида яхши шуғулландик. Учрашувга тайёр эдик. Қимматли очколар учун ўйин эканини билардик. Турнир жадвалини ҳамма кўриб турганди. Биз учун ҳам, рақиб учун ҳам имконият эди. Ўйиннинг шиддатли кечиши аниқ эди. Ҳимояда йўл қўйган хатоларимиз эвазига мағлуб бўлдик.

- “Локомотив” дарвозасига пенальти белгиланган вазият баҳс-мунозараларга сабаб бўляпти. Ҳакам сизни рақибга қўполлик ишлатди, деб топди. Аслида нима бўлди?

- Пенальти бериши учун мен ҳужумчини яққол итариб юборишим ёки ушлаб қолишим керак. Ахир жарима майдончамиз ичида рақиб футболчисига эркин ўйнашига жим қараб турмайман-ку. Тўп учун курашда озгина контакт бўлади. Ҳужумчи бемалол гол урмаслиги учун мен ёнига яқинлашишим керак. Менимча, бунақа вазиятларда пенальти қўйилмайди. Лекин ҳакамларнинг қарорига аралашмайман. Ҳакам хато қилган бўлса, бу ўтди-кетди, биз эса 3 очкодан маҳрум бўлдик. Энди фойдаси йўқ. Яна бир нарсани айтишим керак, бугун чемпионат доирасида фақат биз ўйнадик. Лекин ўйинда ВАР йўқ эди. Буни қандай тушуниш керак? Бу учрашув муҳим эди. Агар бир кунда 3 ёки 4 та ўйин бўлса, ВАРни етказиш ёки техник томондан муаммолар бўлиши мумкинлигини тушунса бўлади. Аммо битта учрашув бўлган куни негадир ВАР қўйилмади. У бўлганида 2-3 та вазиятни кўриб чиқса бўларди.

ислом2

- ВАР бўлганида ёрдам берарди, деб ўйлайсизми? Ҳатто, ВАР бўлган ўйинларда ҳам ҳакамлар уни кўриб туриб барибир хатога йўл қўйишяпти...

- Ўзи ВАР қўлланилганида 10-15 та камера бўлиши керак, ҳар томонлама. Бизни чемпионатда 3 ёки 4 та камерадан кўрсатишади. Ўша вазиятни бошқа тарафдан қарасангиз умуман бошқача ҳолат кўринади. Бизни ўйинга келсак, ВАР бўлганида бизга қандайдир ёрдами тегарди. ВАР бўлса, ўйинчиларнинг ўйнаши ҳам бошқачароқ бўлади.

- Пенальти белгилангач, ҳакам билан нимани гаплашдингиз?

- Ҳакамни гапи менга қизиқ бўлди. Унга рақибга тегмадим-ку, деганимда 100 фоиз пенальти бор, агар хато қилган бўлсам мени дисквалификация қилишади, сен хавотира олма, деди.

- Демак, шу гапидан кейин ортиқча тортишмадингиз-а?

- 3-дақиқадаёқ сариқ карточка олганимдан кейин ҳамма нарсани тушуниб етгандим.

- Сервер Жепаров бош мураббийликка келганидан сўнг, нимадир ўзгардими?

- Албатта, Жепаров бош мураббий бўлгач, ўйинимиз услуби ўзгарди. Тўп билан муомала ва хавфли вазиятларни яратишимиз кўпроқ бўляпти. Мураббийимизда ўйиндан-ўйинга тайёрланишга вақт камроқ бўлди. ФИФА кунларида энди бир қанча муддат вақт бор. Шу вақт оралиғида ўзи истаган нарсаларни бизга яна тушунтириб беради.

ислом 1

- Каха Махарадзе билан боғлиқ вазиятга реакциянгиз қандай?

- Буни изоҳсиз қолдираман.

- Энди миллий терма жамоанинг йиғини бошланади. Эълон қилинган таркибда сиз ҳам борсиз. Бўлажак йиғин ва ўйинлардан нима кутяпсиз?

- Терма жамоамиз учун жуда яхши спарринг-рақиблар. Коста-Рика ҳам, Камерун ҳам жаҳон чемпионати қатнашчилари. Биз учун катта тажриба бўлади. Иложи борича бу йиғинда мураббйининг кўзига яхши кўриниб, терма жамоага ёрдам бермоқчиман.

- Омадсизликлар ва охирги воқеалар “Локомотив”га қанчалик таъсир қиляпти?

- Аҳволимиз қониқарли даражада эмас. Биз имкони бор очколарни ололмадик. “Бунёдкор” билан дуранг ўйнадик. “Динамо”ни ўз уйимизда ютолмадик. Бугун “Сурхон”га мағлуб бўлдик. Бундан бу ёғига янада қийин ўйинлар турибди. “Нефтчи”, “Қўқон-1912”, “Олимпик”, “Пахтакор”, “Навбаҳор”, “Сўғдиёна”...Бўлар иш бўлди, қўлни ерга туширмасдан кейинги учрашувларда очколарни максимум тўплашга ҳаракат қиламиз.

Шуҳратбек Жўраев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Akram Haedarov
18/09/2022 09:27
Shuni termaga chaqirish uchun murabbiy kamida sartarosh bo'lishi kerak. Futbolni tushunsa buni chaqirmasdi
Baxil Alihuja
18/09/2022 09:42
нега энди? Имконият хаммага берилиши керак. Харакатлари яхши, виждонли ва муомалали йигит! Хакам билан бахслашмагани ва жавобларидан анча харакатчанлиги билиниб турибди.
Baxil Alihuja
18/09/2022 09:48
Термага Сергеев деган оёги кийшик, гилай уйинчини бир неча йилдан бери чакиришади. Одилни ёрдами билан термада куп йилдан бери ёш талантларни урнини эгаллаган бу латтани аллакачон оёгини синдириб хайдаш керак. Сергеевни термага чакириш нимага керак? Ёши утиб колган булса? Ёш йигитларни хар бирига шундай имконият бериш керак. Ёш йигитларга имкон бериб, хужумни яхшилаш керак. Келажакни таъминлаш керак.