"Жамоада нимадир қилиш керак эди, лекин бош мураббий ўзгаришини кутмагандик". "Турон" етакчиларидан бири клубдаги вазият бўйича яна нималарни гапирди?
“Турон” клубида яқинда бош мураббий ўзгаргани ҳақида сайтимиз орқали хабар бердик. Охирги марта “Қўқон-1912” клубини бошқарган Бахтиёр Ашурматов энди “Турон” жамоасини бошқарадиган бўлди.
Про лигада фаворитлардан бири сифатида эътироф этилаётган “Турон” мавсумни яхши бошлади ва анча муддат 1-ўринни ҳеч кимга бермай келаётганди. Бироқ “Андижон” жамоаси ўз ўйинини янада кучайтирди. “Турон” эса аксига олиб натижаларини бироз пасайтирди. Шунинг эвазига яйпанликлар 2-ўринга тушиб қолди ва эндиликда “Андижон”дан 8 очкога ортда қоляпти.
Табиийки, Бахтиёр Ашурматов олдида қолган 6 та ўйинда жамоани Суперлигага қайтариш вазифаси турибди. Жамоа етакчиларидан бири Хушнуд Авилов янги мураббий бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- “Турон” клубига Бахтиёр Ашурматовнинг бош мураббий бўлиб келиши сизлар учун кутилмаган ҳолат бўлдими?
- Ҳа, албатта. Бу биз учун кутилмаган ҳол бўлди. 7 ой давомида Анвар ака Бердиев билан ишлагандик. Аммо охирги пайтларда яхши ўйинлар ва натижалар бўлмаётганди. Жамоада нимадир қилиш керак эди. Лекин бош мураббий ўзгартирилишини кутмагандик.
- Бахтиёр Ашурматовнинг келишини илк бор қачон эшитдингиз?
- Бу хабарни клубда йиғилиш бўлган куни эшитдим. Унга қадар бу хусусида хабарим йўқ эди.
- "Андижон" рақибларидан анча илгарилаб кетди. Нима деб ўйлайсиз, 1-ўрин бандми ва энди қолган клублар 2-йўлланма учун курашишадими?
- Йўқ, бундай деб ўйламайман. Тўғри, “Андижон” жамоаси 1-ўринда кетмоқда ва шунга яраша яхши ўйин намойиш қилмоқда. Бироқ ҳали 100 фоиз аниқ эмас, деб ўйлайман.
- Бахтиёр Ашурматов билан танишув қандай бўлди ва ишни нимадан бошлади?
- Бош мураббий билан биринчи куни танишув бўлди, жамоа аъзолари билан яқиндан танишиб чиқди ва дарҳол машғулотларни бошлади. Худога шукр, ҳозирча ҳаммаси яхши.
- Машғулотларда қандайдир ўзгаришларни сезяпсизми?
- Албатта. Барча мураббийни ўз услуби ва тактикаси бор. Ҳозирча машғулотимиз 70 фоизга ўзгарган.
- Нега “Турон” охирги пайтларда ютолмаяпти? Жамоага нима бўлди?
- Жамоада ҳозирги кунда жуда кўп жароатлар бор. Шу сабаб ўйинларда ўзгаришлар бўляпти.
- "Бухоро" “Турон”га жуда яқин келиб қолди. Шундай экан, айни пайтда "Турон"нинг асосий рақобатчиси "Бухоро"ми?
- Ҳозирда “Турон”нинг рақобатчиси бешталикдаги барча жамоалар. Нимагаки, ҳамма бир-бирига яқин, катта фарқ йўқ. Шунинг учун барча жамоани рақобатчи деб ўйлайман.
- Собиқ жамоангиз "Андижон" "Бухоро"ни яна мағлуб этди ва Суперлига томон катта қадам ташлади. Ушбу ўйинни кўрдингизми, қандай тааассурот қолдирди?
- “Андижон” жамоасидан кетганимдан бери бирорта ўйинни ўтказиб юбормасдан кўриб боряпман. Лекин “Бухоро”га қарши учрашувини кўра олмадим. Ўша пайт бизда машғулот вақти бўлиб қолганди. Аммо Ютуб орқали учрашувни кўрдим. Ҳозирда “Андижон” 12 киши билан ўйинга чиқяпти. Яъни, мухлислари жамоани жуда зўр қўллаб-қувватлаяпти.
- Про лигада сиз учун энг хавфли ҳужумчи ким?
- Ҳумоюн Муртазоев билан Фарҳод Соҳибжонов.
Фикрлар