Жасур Жалолиддинов: Келажагим борасида мураббийларим ва яқинларим билан маслаҳатлашаман

Бугунги кунда «Бунёдкор»нинг тарбияланувчиси Жасур Жалолиддинов жуда тез кўзга ташланаётгани барчага яхши аён. Қолаверса, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг ҳам сардори ва етакчиси саналади. Унинг келажаги борасида эса кўпчиликнинг фикри ижобий кўриниш олмоқда. Бундан ташқари, Жалолиддиновга хориждан ҳам таклифлар бўлаётгани борасида маълумотлар ҳам йўқ эмас. Биз эса барча масалаларни жамлаган ҳолда унга бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.

- Яқинда ёшлар терма жамоамиз сафида Саудия Арабистонидаги саралаш басҳларида иштирок этиб қайтдинглар. Бироқ келаси йили ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати Ўзбекистонда ўтказилиши сабабли Саудиядаги саралаш баҳсларида қайд этиладиган натижалар терма жамоамиз учун аҳамиятсиз эди. Бундай пайтда сизларда мотивация йўқолиб қолмадими?

- Тўғри, Осиё чемпионати финал босқичи юртимизда ўтишини билган ҳолда саралаш баҳсларига йўл олдик. Ўша хабар эълон қилинганида биз Иорданияда йиғин ўтказаётгандик. Ўша хабар чиққан куннинг ўзидаёқ бош мураббийимиз Отабек Ғуломхўжаев нима бўлганда ҳам саралаш баҳсларида майдонга чиқиб ўз кучимизни исботлашимиз керак деб бизга яхшилаб тушунтирганди. Барибир ўзимизни нималарга қодирлигимизни кўрсата олишимиз керак эди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз саралашнинг якунида Осиё чемпионатига йўл олган жамоалар қаторида бўлишимиз лозим эди. Тўғриси, бизнинг жамоамизга негатив қарайдиганлар ҳам кўпайиб қолганди. Охирги пайтларда ўртоқлик ўйинларидаги натижалар ҳам бунга таъсир кўрсатди деб ўйлайман. Лекин вазиятга қарайдиган бўлсак, терма жамоамизнинг бир қатор йиғинларида мен билан «Насаф» дарвозабони Абдувоҳид Неъматов қатнашмадик. Балки шунинг учун ҳам ўртоқлик баҳсларидаги натижалар кўнгилдагидек чиқмагандир. Одамлар эса ҳаммасини билиб-билмасдан нотўғри фикрлар ҳам билдиришди. Агар саралаш баҳсларида ёмонроқ натижа билан қайтганимизда яна танқид тошлари отиларди. Биз эса мана шундай гап-сўзлар бўлмаслиги учун ҳам ижобий натижа кўрсатишга ҳаракат қилдик. Лекин барчамизга саралаш учрашувлари олдидан катта мотивация бўлди. Ҳар бир футболчининг ғурури бор, ҳаммаси ота-онаси, оиласини ҳурмат қилади. Барча йигитлар юзини ёруғ бўлишини ва барчага нималарга қодирлигимизни кўрсатиш учун ҳам ҳаракат қилдик. Якунда Саудия билан бир хил – 7 очкодан тўпладик ва гуруҳда иккинчи бўлдик. Кейин қарасак, энг яхши кўрсаткичга эга бешта иккинчи ўринни эгаллаганлар орасида учинчи бўлибмиз. Айтмоқчиманки, барибир ҳам Осиё чемпионатига чиққан бўларканмиз.

жалолиддинов4

- Жорий мавсум сиз учун катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Айниқса, 17 ёшингиздаёқ «Бунёдкор»нинг асосий таркибидан жой олишингиз ва кўрсатаётган ўйинларингиз туфайли сизни мавсумнинг кашфиёти сифатида эътироф этмоқдалар. Бу вазиятга муносабатингиз қандай?

- Бошида шундай хабарлар пайдо бўлганида ва тарихга кирганим ҳақида айтишганида ўзимда ҳам бошқача хиссиётлар сезилди. Ўша пайтда ё олдинга қараб кетишим керак ё шу жойда тўхтаб қолишим лозим эди. Тақдиримни ҳал қиладиган вазият эди. Мен эса қатъий қарор қабул қилиб бўлгандим. Шу йўлни танладимми, энди орқага йўл йўқ, фақат олдинга қараб юришим керак деб ўзимга-ўзим сўз берганман. Шунча мураббийларни менга катта ёрдамлари теккан, уларнинг қанча асаблари кетган, ҳаммасини ўйлаб, янада кўпроқ меҳнат қилишим кераклигини тушундим. Масалан, ўтган йили Миржалол Қосимов менга дастлабки имкониятни берганди. У мени ўтган мавсумда 8 дақиқа учун майдонга туширганди. Шунга қарамасдан менга худди 90 дақиқа давомида ўйнайдиган футболчидек муносабатда бўларди. Гарчи битта учрашувда иштирок этган бўлсам-да, ҳамиша асосий таркиб билан шуғулланардим ва ҳатто баъзида улардан ҳам кўра менга кўпроқ эътибор қаратарди. Бу эса менга катта масъулият юкларди. Бир пайтлари телевизорда футболимиз афсонаси Миржалол Қосимовни кўриб юрган бўлсам, тақдир тақозоси билан менинг устозим бўлиб турибди. Бу йил эса қандай ўсишга эришган бўлсам, ҳаммаси Вадим Абрамовнинг меҳнати ва менга билдирган ишончи туфайли деб ўйлайман. Ваҳоланки, Вадим Карленович ҳали бу ёш, кейинчалик вақти келади деб айтса ҳам бўларди. Лекин у менга ишонч билдирди. Менинг асосий таркибга киришиб кетишимга учта ўйин кифоя бўлди. Мавсумдаги биринчи ўйинда рости қийналдим. Чунки асосий таркибда илк бор майдонга тушгандим. Шундан сўнг энди иккинчи учрашувда мени асосий таркибда майдонга туширмаса керак деб ўйлаганман. Лекин мени яна бошланғич таркибда туширди. Натижада ўзимга бўлган ишонч ортди. Кейин учинчи ўйинда майдонга тушишимдан аввал Абрамов менга энди гол уриш вақтинг келди, урасанми деди ва мен ҳа деб жавоб қайтардим. «Навбаҳор»га қарши учрашувнинг дастлабки дақиқаларидаёқ гол уриб ҳисобни очдим. Шундан сўнг менда ҳеч қанақа шубҳа ёки қўрқув қолмаган. Кейинги ўйинда «Андижон» дарвозасига узоқ масофадан гол урганман. Кейин жамоамнинг бир бўлаги эканимни ҳис қилганман.

- Хорижнинг нуфузли нашрларидан бири дунёдаги энг иқтидорли бўлган 50 нафар ўсмир футболчилар орасига сизни ҳам киритишгани ҳамманинг эътиборини тортди. Сиз буни қандай қабул қилдингиз?

- Олдин «Бунёдкор» академияси билан хориждаги нуфузли турнирларга кўп борардик. Ўшанда кучли жамоалар билан ўйнаганимизда ўзимиз учун дўстлар орттирганмиз. Бир куни ПСЖда тўп сураётган германиялик ўртоғим менга хабар юборди ва шуларнинг қаторига кирганинг билан табриклайман деб ёзди. Буни кўрганимда бошида яхши тушунмадим. Ниманидир таҳлили ёки сўровнома бўлса керак деб ўйладим. Кейин интернетда бу хабар тезда тарқаб кетганидан сўнг бунинг жиддийлигини тушундим. Рўйхатда қарасам Ансу Фати каби танилаётган бўлажак юлдузлар ҳам бор эди. Ҳали ҳеч нимага эришмаган бўлсам-да, устозларимнинг меҳнатларини ҳис қилдим. Мен ҳали бошланиш йўлидаман. Мураббийлар мени қўллаб-қувватламасдан ишонч билдиришмаганларида ҳозир қаерда бўлардим, Худо билади.

жалолиддинов3

- Келаси йили катта эҳтимол билан хорижга кетишингиз ҳақида гап-сўзлар бор. Шунга ҳам ойдинлик киритиб ўтсангиз.

- Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам бир-иккита жойлардан таклифлар бўлаётганлигини эшитдим. Лекин бундан бошқа аниқ маълумотларни билмайман. Мен «Бунёдкор» академиясининг тарбияланувчисиман. Шу боис ҳаммаси ўзимнинг хоҳишимга боғлиқ эмас. «Бунёдкор»ни мени ўсишимга сабабчи бўлган клуб деб биламан. «Бунёдкор» бўлмаганида эса ҳеч нима қила олмасдим. Бу ерга 8 ёшимда келган бўлсам, ўтган вақт давомида менга ота ўрнида ота, она ўрнида она бўлишди. Бу мени боқиб катта қилган клуб. Шунинг учун «Бунёдкор» нима деса шуни қиламан. Агар клуб икки йилдан кейин кетасан деса икки йил ўйнаб кейин кетаман, агар ҳозир кетасан деса ҳозир кетаман. Ҳаммаси «Бунёдкор»нинг қарорига боғлиқ. Мени олмоқчи бўлган клуб мени катта қилган «Бунёдкор»ни ҳам рози қилиши керак-да. Ҳар қандай ҳолатда ҳам кетадиган бўлсам, «Бунёдкор»ни рози қилиб кетаман. Ҳеч қачон жамоамни хафа қилиб кетмоқчи эмасман.

- Сизга айниқса Италиянинг «В» серияси клубларидан таклифлар бўлаётгани ростми?

- Ҳа, менимча шу ҳақида гаплашишяпти. Мавсум якунланганидан кейин барчаси ойдинлашади. Лекин мен бу борадаги воқеалар ривожи қандай кетаётганини тўлиқ билмайман. Фақат мен тўғримда Италиядан таклиф бўлганини эшитдим. Шундан кейин Италия «В» сериясини қизиқиб кўриб турибман. Жамоаларни ва турнир жадвалини кузатяпман. «В» сериядан «А» серияга учта жамоа чиқаркан ва учта жамоа тушиб кетаркан. Агар ҳал бўлса, ўзим ҳам яқин кунларда билиб олсам керак.

- Легионер сифатида ўйнашга тайёрман деб ўйлайсизми?

- Билмадим. Бу жисмоний ҳолат ва яна бошқа нарсаларга ҳам боғлиқ. Хорижга кетяпсизми, ҳар томонлама тайёр бўлиб боришингиз керак. Барибир ҳали бу масалада мураббийларим ва яқинларим билан маслаҳатлашаман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
AzizXudoyberdiyev
27/11/2019 15:39
A m k l o p yaxshi futbolchi