ЖЧ-2018: Бугун 2 ўйин ёмғир остида ўтади

Бугун Россия яшил майдонларида ўтказилаётган футбол бўйича навбатдаги жаҳон чемпионатининг олтинчи кун беллашувлари бўлиб ўтади. Ушбу кун доирасида 3 та учрашув ўтказилиб, уларга Саранск, Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари мезбонлик қилади.  

Гидрометеорология маълумотларига кўра, Саранск шаҳрида ўтадиган Колумбия ҳамда Япония терма жамоалари ўртасидаги баҳс очиқ ҳавода бўлади. Ўйин пайти шаҳарда 23-25 даража илиқ бўлади, ёғингарчилик кузатилмайди. 

Бироқ Москва ҳамда Санкт-Петербург шаҳарларида бугун ёмғир ёғиши кузатилмоқда. Польша – Сенегал қарама-қаршилиги пайти Москва шаҳрида 23-24 даража илиқ бўлиши ва учрашув пайти ёмғир кузатилиши айтилмоқда. Шунингдек, Россия ва Миср терма жамоаларининг ўйинига мезбонлик қилувчи Санкт-Петербургда ҳам бугун тушдан кейин ёмғир ёғади ва учрашув вақтида ёғингарчиликка 8-16 км/соат тезликдаги шамол ҳам қўшилади. Ҳаво ҳарорати эса 14 даража илиқ бўлиши маълум қилинмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!