“Кальяри”да катта ўзгаришлар кутилмоқда: Клуб Шомуродовдан воз кечяптими?
Италия А Сериясининг тенг ярми ортда қолди. Лига дебютанти “Кальяри” юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолиш учун курашмоқда. Бироқ сардинияликларга бу вазифани бажариш оғирлик қиляпти.
“Кальяри” чемпионатнинг биринчи ярми якунлаган бир паллада ҳали хавфли ҳудуддан узоқлаша олгани йўқ. Жамоанинг вазияти жуда қалтис.
Тажрибали ва таниқли бош мураббий Клаудио Раньери ижобий кўрсаткичларни барқарор тарзда қайд этадиган таркиб шакллантира олгани йўқ. Айниқса, италиялик мутахассиснинг ҳужум чизиғи борасидаги танловлари ўзини оқлагани йўқ.
Раньери режасига кўра, кўпни кўрган ҳужумчилар – Элдор Шомуродов ва Андреа Петанья “Кальяри”нинг асосий қуролига айланиши лозим. Клуб ҳар икки форвардни кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан “Роома” ва “Монца”дан ижарага олганди.
Клубнинг умидлари шу даражада катта эдики, Элдорга ҳам, Андреага ҳам қолганлардан сезиларли даражада кўпроқ маош тайинланди.
Аксига олиб, баъзи учрашувлардагина фаоллик кўрсатган Шомуродов ва Петанья Раньери кутган “қурол” бўла олмади. Андреа чемпионатнинг 13 та баҳсида, Элдор 11 та ўйинида майдонга тушиб ҳам рақиб дарвозасига йўл топа олгани йўқ.
Раньери шогирдлари 19 та баҳсда атиги 17 та гол ургани ҳужум чизиғида муаммо борлигини кўрсатмоқда. Бу голлардан саккизтаси форвардлар ҳиссасига тўғри келади.
Ҳозир “Кальяри” ҳужумида қизиқ ҳолат кўзга ташланмоқда. Асосий ҳужумчиларга айланиши кутилган Шомуродов ва Петаньянинг голсиз серияси давом этяпти. Гол урган ҳужумчилардан Леонардо Паволетти ва Жанлука Лападула ёши ўтиб қолган ўйинчилар, улар кўп шикасланади ва кўпинча жамоага ёрдам бера олмайди.
Яна бир гол уришни биладиган ҳужумчи Зито Лувумбо Африка Миллатлар лигасида қатнашиш учун Ангола терма жамоасига жўнаб кетди. Қолверса, африкалик форвардга А Сериянинг катта клубларидан чорлов бўляпти.
Клуб президенти Томмазо Жиулини Лувумбони 15-18 миллион евро эвазига “Наполи”га сотиб юборишга тайёр.
Италия футболини ёритаётган calciomercato.com сайти журналисти Антонио Синус жамоада рўй бериши кутилаётган бошқа ўзгаришлар ҳақида ҳам маълумот берди.
- “Кальяри” Гастон Перейро ва Элио Капрадосси билан хайрлашиши аниқ бўлди. Шунингдек, Андреа Петанья сўнгги учрашувларни фаол ўтказганига қарамай, унинг ҳам жамоадаги келажаги қил устида турибди.
Сардинияни Элдор Шомуродов ҳам тарк этиши мумкин. “Кальяри” раҳбарияти “Рома” билан Шомуродов бўйича ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш борасида бош қотирмоқда, - деб ёзди Антонио Синус.
Сўнгги маълумотларга қараганда, “Кальяри” ҳужум чизиғини кучайтириш учун янги ўйинчиларни кузатувга олган. Клаудио Раньерининг ўзи янги ижрочиларни трансфер қилишдан олдин, таркибдаги футболчилардан айримлари билан хайрлашиш кералигини таъкидлади.
Шундай қилиб, оғир жароҳати туфайли Ўзбекистон миллий терма жамоасига Осиё чемпионатида ёрдам бера олмаётган Элдор Шомуродов клубдаги ишларини ҳам тартибга солиб олиши талаб этилади.
Фикрлар