Камолиддин Мурзоев раҳбарлигидаги Ўзбекистон футболчилар уюшмасига кимлар қарздорлик бўйича мурожаат қиляпти?
Ўзбекистон футболчилар уюшмаси президенти Камолиддин Мурзоев ҳамма ўйинчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келмоқда. Илгари ўзи ҳам футболчи бўлгани сабабли майдонда тўп сураётган ўйинчиларнинг ҳолатини жуда яхши тушунади. FIFPRO аъзоси сифатида Ўзбекистон футболчилар уюшмаси эндиликда янада ривожланган ҳолда ўз имкониятларини ошириб бормоқда.
Охирги пайтларда Навоийнинг “Қизилқум” клубини ўз футболчиларидан қарздорлиги борлиги ҳақида ва натижада жамоа аъзолари ЎФУга ариза ёзишгани хусусида хабарлар бор. Мурзоев аввало шу масалага тўхталди.
“Тўғри, бу масалада жиддий муаммо бўлмаса-да, футболчилари олдида “Қизилқум” клубини қарздорлиги мавжуд. Лекин бу борада биз жамоа билан мулоқотдамиз. Клуб олдида турган қарздорликларини тез орада бартараф қилиш бўйича бизга маълумот берган. Футболчиларнинг шартномаси 20 декабрда ўз ниҳоясига етган. Ўйлаймизки, “Қизилқум” клуби бу вазиятга профессионал ёндашади. Ўйинчилари олдидаги барча қарздорликларни тўлиқ қоплаб беради, деган умиддамиз”.
“Қизилқум”дан ташқари яна бошқа клубларни ҳам ўз футболчиларидан қарздорликлари бор. Хўш, бу борада Камолиддин Мурзоев раҳбарлик қилаётган ташкилотга бошқа мурожаатлар ҳам келиб тушяптими? Уни қийнаётган асосий муаммо нимада?
“Очиғини айтадиган бўлсак, бугунги кунга келиб энг хавотирли ва узоқ давом этаётган ҳолат бу “Сурхон” клуби футболчилари билан қарздорлик вужудга келган. Жамоанинг эски ва янги раҳбарият ўртасида ҳужжат қабул қилиш жараёни жуда узоқ муддатга чўзилгани боис ҳозирги кунда энг долзарб муаммоларимиздан бири шу бўлиб турибди. Лекин бу масалада Ўзбекистон футбол ассоциациясига мурожаат қилинган. ЎФА ҳам бу масалани тезроқ ҳал қилиш бўйича ўзига яраша ишларни олиб боряпти. Яна қайси клубларни айтишимиз мумкин? Кичик-кичик муаммоли жамоалар бор. Булар – “Янгиер”, “Зомин”...Мана, ҳозир “Ғиждувон” футболчилари мурожаат қилишган. Про лига ва биринчи лигадаги футболчилар ҳам аста-секин ўз мурожаатларини йўллаб туришибди. Мавсум яқинда тугади. Кўпчиликни шартномалари 20 ва 31 декабргача бўлган. Ўша давр мабайнида иш ҳақларини ололмаган ўйинчиларимиз яна мурожаат қилишлари мумкин бўлади”, - дейди Мурзоев.
Шу билан бирга собиқ футболчи якунига етган чемпионат ва ўзини қайси клублар ҳайрон қолдиргани тўғрисида ҳам фикр билдириб ўтди.
“Тўғри, сўнгги тургача чемпионлик учун кураш жуда жиддий тарзда кечди. Таъкидлаб ўтиш керакки, чемпионлик йўлида учала жамоа – “Пахтакор”, “Навбаҳор” ва “Насаф” ҳам етарлича қоқилди. Якунда “Пахтакор” ўзини ўнглаб олди. “Сурхон” ва яна бошқа ўйинлардаги хатоларининг ечимини тезроқ топгани уларга чемпионлик учрашувларида янада енгилроқ бўлди. Кўпчилик “Насаф”нинг чемпионлигини кутганди. Уй ўйинида “Нефтчи”га қарши майдонга тушиб ютқазиб қўйди. Кўп нарса айнан мезбонларга боғлиқ эди. “Навбаҳор” жамоасини чемпионлик учун бўлган баҳсларни янада қизиқтириб берган клуб сифатида алоҳида таъкидлаш ўринли. Чунки мавсум боши улар учун у даражада кўтаринки руҳда бошланмади. Бироқ чемпионат давомида ўз ўйинларини ўнглай олишди. Мавсум сўнггига қадар чемпионлик Кубогини олиб келишга ҳаракат қилишди.
Ажаблантирган клубга келсак, “Сўғдиёна”дан кўп нарса кутилганди. Менимча, жамоага озгина тажриба етишмади. Учта фронтда ҳаракат қилаётган жамоада мавсум охирида бироз қийинчилик бўлди. Кетма-кет мағлубиятлардан сўнг тикланиш қийин кечди. Ҳолбуки, уларни ҳам ўз тарихларидаги энг юқори мавсумни ўтказишди, деб айтсак бўлади. “Олимпик” клуби эса кўпчилик учун ёқимтой жамоага айланди. Албатта, “Қўқон-1912” ва “Локомотив”нинг Суперлигадан тушиб кетиши кутилмаган ҳолат бўлди. Уларни нолойиқ деб ҳам айтиб бўлмайди. Ҳамма жамоа ўз имкониятидан фойдаланди ва бу йўлда ким оқилона ҳаракат қилган бўлса, Суперлигада қолиш ҳуқуқига эга бўлди. Бундан фойдалана олмаган клублар эса Суперлигани тарк этди", - дея фикр билдирди, Мурзоев.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар