Клопп кимларга ишонмоқда? «Энфилд»даги янгилар ҳақида

2013 йилнинг кузида Юрген Клопп «Боруссия» Дортмунд сафида муаммога дуч келади. Бир вақтнинг ўзида Невен Суботич, Матс Хуммельс ва Марсель Шмельцер жароҳат сабабли сафдан чиқади. Асосий таркибдаги 3 ҳимоячининг ўрнини мураббий академиядаги футболчилар билан тўлдирмоқчи бўлди. Ноябрь ойида эса, кутилмаган қарор қабул қилди. 34 ёшли эркин агент Мануэль Фридрих трансфери эълон қилинди. Эътиборлиси шундаки, Юрген бу қарори билан клубни оғир вазиятдан олиб чиқиб кетди. Фридрих 15 та ўйинда майдонга тушди ва клуб мавсумни юқори нотада якунлади.

Ўтган йилнинг кузида, бу ҳолат Юрген Клопп билан яна такрорланди. Энди, «Ливерпуль»даги ҳимоячиларга «кўз тегди». Виржил Ван Дейк, Жоэль Матип ва Жо Гомес лазаретга равона бўлди. Уларнинг ўрнини тўлдиришга қодир Фабиньо ҳам сафдан чиқди. Бу йўқотишнинг ўрнини тўлдириш мақсадида, «Ливерпуль» трансфер ойнасининг сўнгги кунларида икки футболчини таркибга қўшиб олди. Хўш, улар ким?

Озан Кабак

2018 йилнинг декабрь санасида Озан ўз тақдирини буриб юборган расмни “Инстаграм”га жойлайди. «Галатасарай» футболчиси голландиялик ҳимоячининг футболкаси билан суратга тушади. Тагида эса, Виржил Ван Дейкни сайёрамиздаги энг кучли ҳимоячи эканлиги ҳақида пост қолдиради.

Орзу сари йўл кутилганидек, узоқ давом этмади. 2 йил ўтиб, Кабак ўз кумири билан бир жамоада тўп суриш бахтига муяссар бўлди. Бунга қадар «Галатасарай» сафида ЕЧЛда тўп сурди, «Штутгарт» билан Бундеслигани тарк этди, «Шальке» билан катта саҳнага чиқиб келди. Клубнинг жорий мавсумда ишлари юришмаётган бўлишига қарамай, Юрген 20 ёшли ҳимоячини сотиб олишдан қўрққани йўқ.

“Дэвид Вагнер («Шальке» устози) менга Озаннинг туғма етакчилигини айтди. Ҳозир Гельзенкирхен клубининг муаммолари кўп, бироқ бунда Кабакнинг заррача айби йўқ», - деб футболчини руҳлантиришга уринди «Ливерпуль» устози. Озан ўзининг «Энфилд»даги биринчи интервьюсида инглиз мухлисларини ҳайрон қолдирди.

«Мен жисмонан бақувватман. Иккинчи қаватдаги курашларда ҳам ҳеч кимдан қолишмайман. Бундан ташқари, тўп билан муносабатда бўлишни ҳуш кўраман. Шу боис тез-тез гол киритаман».

Клуб расмий сайти учун берган илк интервьюсида, футболчи катта мақсадларни кўзлаганини яшириб ўтиргани йўқ. Унинг сўзларида ҳақиқат мавжуд. Аслида, «Ливерпуль» Кабакни ўтган йили қўлга киритмоқчи эди. Деян Ловреннинг ўрнини эгаллаши тахмин қилинган йигит мерсисайдликлар сафига бир мавсум кечроқ, аммо керакли паллада келди. Турк янги жамоага мослашишда муаммо сезмайди. «Штутгарт» сафидаги дебют мавсумида уни «Бундеслига» кашфиёти, деб тан олишган эди.

Кабак ҳақиқатдан ҳам гол киритиш борасида беназир ҳимоячи. У Туркия ёшлар жамоасида 13 бор рақиб дарвозасини ишғол қилган. Шунингдек, “Штутгарт» сафида бир учрашувда дубль қайд этишга ҳам муваффақ бўлган.

Энг муҳими у инглиз ва немис тилларида эркин сўзлаша олади. Бу Клоппга ва янги муҳитга мослашиб кетишда жуда муҳим фактор. Сўнгги маълумотларга қараганда, у аллақачон жамоа футболчилари билан тил топишиб кетди. Ҳатто, Тренд Александр-Арнольднинг оёқлари орасида тўпни ўтказишга ҳам улгурди.

Бен Дэвис

Бу футболчининг ўтмиши Озанникидан кескин фарқ қилади. Дэвис ҳеч қачон ўзгача ёки келажаги порлоқ, деб ҳисобланмаган. У ҳозир 25 ёшда. Фаолияти давомида бирорта гранд клубда тўп сурмаган, терма жамоадан ҳам чақирув олмаган. Қишки трансфер ойнаси очиқлигида уни «Удинезе», «Шеффилд» ёки «Генк»ка ўтиши тахмин қилинган эди, бироқ якунда «Ливерпуль» катта саҳнага чиқиб келди.

Ҳар қандай муаммо ким учундир янги имконият дегани. Бу сўзлар Бенга жуда мос келади. Агар жароҳатлар серияси бўлмаганда, Клопп «Престон» аъзосига ҳеч қачон омад поездига чиптани бермаган бўлар эди. Ҳозирга қадар, бундай чипталардан бирини қабул қилган Рис Уильямс марказда ишончли кўринмоқда.

«Ливерпуль» Чемпионшипда ўралашиб юрувчи «Престон»дан келган йигитга 4,5 йиллик шартнома таклиф қилди. Орадан кўп ўтмай, унинг оиласида фарзанд дунёга келди. Инглиз нашрларининг маълум қилишича, Бен ўз характерига эга шахс. Айнан шу омил сабабли Клопп унинг трансферини раҳбариятдан илтимос қилган. Дэвиснинг собиқ устози Пол Карден билдирган фикрларга эътибор қаратинг:

«У жуда иродали йигит. Ҳаётда кўплаб қийинчиликларни енгиб ўтган. Шу боис, уни қўрқитишнинг имкони йўқ. У майдонда чинакам «жангчи». Очиғи, у бизнинг клуб даражасида камида 10 йилга ўзиб кетган эди».

Бу футболчилар Клопп томонидан бежизга танланмагани аниқ. Икки хил тақдир эгалари бир клубда учрашиб қолди. Уларнинг қай бири «Энфилд»ни «ёндиради»?! Балки иккиси ҳам клубнинг ажрамас бўлагига айланар?! Бу саволларга, яқин 4-5 ой ичида жавоб олишимиз мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!