Клопп уни танлаб хато қилдими?!
Амалдаги Англия чемпионлари Будапештда «РБ Лейпциг» билан тўқнаш келганидан хабарингиз бор. Клопп шогирдлари рақибнинг хатоларини кечирмади ва 2 та тўп фарқи билан ғалаба қозонди. Бу ўйинни «буқалар»нинг собиқ аъзоси Наби Кейта телеэкран орқали томоша қилгани аниқ.
Кейта учун ўз жамоасининг ўйинларини уйида ўтириб томоша қилиш одатий тусга кириб бўлди. У Янги йил олдидан олган жароҳати сабабли 14 ўйинни телевизор қаршисида кузатди.
Аслида, у жамоа билан биргаликда Венгрияга учмоқчи эди, бироқ Юрген "Ливерпуль" дербисига қадар яхшилаб тикланиб олиши учун уни Англияда қолдирди. «Эвертон» билан ўйинда Клопп Кейтани унутиб юборишга мажбур бўлди...
Кейта жароҳатидан фориғ бўлиш мақсадида клуб томонидан атайин жалб қилинган Андреас Шлюберг билан персонал машғулотлар ўтказди.
Аввал «Шальке» клуби мураббийлар штабида фаолият олиб борган Шлюберг замонавий футболда жуда муҳим вазифалардан бирини бажаради. У жароҳатдан фориғ бўлган ва яна ўз спорт формасини тиклаш арафасидаги футболчилар билан ишлайди. Мерсисайдликлар айнан шу мақсадда уни Юрген Клоппнинг штабига олиб келишди. Шунингдек, Андреас жароҳат яна қайталанмаслиги учун махсус машғулотлар ташкил этган. Бу машғулотлар Наби Кейта учун анча фойдали бўлиши турган гап.
Мутахассис ўзи Кейтани тез орада яна майдонда кўриниш бериши ҳақида сўзламоқда. Наби ҳам футболни соғинган. Катта эҳтимол билан бу унга «Ливерпуль» томонидан берилган сўнгги имконият бўлади.
26 ёшли футболчи Юрген Клоппнинг «Энфилд»да амалга оширган энг катта трансфери саналади. Афсуски, айнан шу трансфер ҳали ўз мевасини бергани йўқ. Ваҳоланки, уни қўлга киритиш учун грандлар ўртасида чинакам кураш борган эди. «Барселона», «Бавария» каби номдор жамоалардан ўзиб кетиш учун «Ливерпуль» «РБ Лейциг»га 52 миллион фунт тўлашга рози бўлди. Сабаби, жуда оддий. Наби 2016/17 йилги мавсумда Бундеслигада 8+8 натижасини қайд этган. Бундан ташқари, майдон марказидаги кураш ва тезкорлик бобида у бўлажак юлдуз эканлигини исботлагандек туюлган эди…
Юрген Клопп томонидан мукаммал ярим ҳимоячи дея таърифланган йигитга афсонавий 8-рақам топширилди. Стивен Жеррарднинг ўрнини босиши ва ўзини керакли эканлигини ҳис қилиши учун бундан ортиқ имконият бўлмаса керак.
Орадан 3 мавсум ўтди, аммо 8-рақамнинг эгаси ҳеч қандай «мўъжиза» кўрсатгани йўқ. Тўғри, Кейта «Энфилд»даги фаолияти давомида жуда ёрқин ўйинлар ўтказди, аммо бундай ўйинлар сони бармоқ билан санагулик, холос. Ундан Клопп 4-3-3 схемасининг марказдаги энг муҳим фигураси сифатида фойдаланмоқчи эди. Кейта ҳужум ва ҳимояда бирдек фаол бўлгани учун, Клопп унинг ёрдами билан 90 дақиқа ичида ўйиннинг бориши бошқаришни режа қилган.
Кейта эса, «Ливерпуль»даги илк кунларидаёқ муаммоларга дуч келишни бошлади. Аввалига инглиз тилини билмаслиги панд берган бўлса, кейин АПЛнинг курашларга бой юқори темпига мослаша олмади. Кўп ўтмай жароҳатлар асосий планга кўтарилди. Бу омил унинг «Ливерпуль»да асосий футболчи бўлишига имкон қолдирмади. Ўйин амалиётисиз қолиб кетиш Кейта учун борган сари одатий ҳолга айланиб бормоқда.
2018/19 йилги мавсум: АПЛда 13 98 дақиқа, мавсумдаги ўйинларнинг 84 фоизи;
2019.20 йилги мавсум: АПЛда 813 дақиқа, мавсумдаги ўйинларнинг 71 фоизи;
2020/21 йилги мавсум: АПЛда 398 дақиқа, ўйинларнинг 36 фоизи;
Наби нафақат жароҳат, балки COVID-19 сабабли ҳам бир нечта ўйинларни ўтказиб юборишга мажбур бўлди.
Аслида, ўзининг Клоппга керак эканлигини исботлаш учун бу мавсум ҳал қилувчи роль ижро этади. Афсуски, Кейта учун мавсум омадли бошланмади. У атиги 6 бор асосий таркибда кўриниш берган бўлса, фақат марта 90 дақиқа тўлиқ ҳаракат қилди. Гол ва ассистдан ҳали «почин» йўқ.
Инглиз нашрларининг маълум қилишича, агар Кейта бу мавсумда ҳам клуб учун фойдали футболчи бўлмаса, у трансферга қўйилади. Тўғри, ҳозир Кейта учун бирорта клуб 50 миллион евро сарфламайди. Узоғи билан 25-30 миллионга уни қўйиб юбориш мумкин.
Тўғри, Клопп ҳали ўз танловидан юз ўгиргани йўқ. У Кейтани ўз потенциалини тўлиқ намойиш этишидан умидвор.
«Жароҳатлардан ҳеч ким суғурталанмаган. Ҳозир буни бирга енгиб ўтишимиз лозим. Кейта яна сафга қайтгач, кўз ўнгимизда буюк футболчи турганига гувоҳ бўламиз».
Хўш, нима учун Кейта «Ливерпуль»да аввалгидек тўп сура олмаяпти?
Ўринли савол. Гап шундаки, Кейта «РБ Лейциг»да 4-4-2 схемасида тўп суришга ўрганган. У бу схемада "бокс-ту-бокс" вазифасини бажарар эди. Ҳимояга ёрдам бериш ва имкон бўлиши билан жарима майдончасига ёриб кириш. Шу боис, унга «РБ Лейциг»да майдон бўйлаб эркин тўп суришга имкон яратишган.
Мерсисайдликлар сафида ўйин схемаси буткул ўзгача. 4-3-3 схемасида Кейта марказда қолишга ва ўз вазифасини бажаришга уринади. АПЛ шиддатини инобатга олсак, 3 та ярим ҳимоячи бутун майдонни бошқариши мушкул. Шу боис, Кейта ўзининг энг асосий «фишкаси» эркин ижод қилишдан маҳрум бўлди.
Бундан ташқари, Кейта Бундеслигада ҳар бир ўйинда ўртача 5,4 бор рақибларини алдаб ўтар, шу тариқа жамоадошларига бўш зоналар яратар эди. «Туманли Альбион»да бу кўрсатгич 2,7 га тушиб кетди. Клопп Кейтани тайёр ўйин механизмининг бир қисми сифатида кўрмоқда. «Ливерпуль»нинг қанотлар бўйлаб ҳужум уйуштириши Кейтани яна бир кучли жиҳатини намойиш этишга тўсқинлик қилмоқда. Юрген марказдаги 3 та ярим ҳимоячини, асосан, мудофаани мустаҳкамлаши ва ҳужум бошлаб бериши учун орқароққа жойлаштиради. Жисмонан бақувват бўлмагани учун Кейта иккинчи қаватдаги курашларда бефойда. Шунингдек, контактга бой тўп учун курашларда ҳам имконияти паст. Шу боис, унинг ўрнини курашларда фаол Фабиньо, Хендерсон ва Тьяго эгаллаб олди. Агар ҳужумкор ярим ҳимоячи керак бўлса, Клопп Вижрилга мурожаат этади. У ҳужумчи ортида бемалол тўп суриши мумкин. Кейта эса, плеймейкер позициясида ўзини ноқулай ҳис қилади.
Аслида, Кейта мерсисайдликлар сафида яхши старт олди. Хавфли вазиятлар яратиш ва тўп учун курашда фаол бўлишга уринди, бироқ секин-аста унинг ўйинида пасайиш кузатилди. Ҳозир Кейта учун энг муҳим палла бошланмоқда. Фабиньо йўқ, Хендерсон ҳимояда тўп сурмоқда. Бу бошлиқни тўлдириш мақсадида катта эҳтимол билан, Кейта марказда кўриниш беради. Жоржиньо Вейналдумнинг шартномаси якунланмоқда. У «Барселона»га кетиш ниятида. Жеймс Мильнер 35 ёшни «уриб қўйди». У ҳам контракти сўнггида «Энфилд»ни тарк этади. Мерсисайдликлар ҳозир янги ярим ҳимоячи сотиб оладиган аҳволда эмас. Бу вазиятдан клубни олиб чиқиб кетиш Наби Кейтага юклатилади. Агар ярим ҳимоячи ишончли мавсум ўтказса, жамоанинг бир бўлагига айланади. Яна пассив футбол намойиш этса, келаси йилни бошқа клуб сафида ўтказади.
Соат миллари ўтиб бормоқда, бироқ Кейтада ҳали ҳаммасини ўз ўрнига қўйиш имконияти мавжуд.
Яхёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар