"Клуб дарвозабонни Москвага жўнатади" - Рўзиқул Бердиев иштирокида матбуот анжумани

Бугун Суперлиганинг 18-турида “Насаф”  ўз майдонида “Қизилқум”ни қабул қилди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, навбатдаги уч очкони ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Ўйин тугагач, майдон эгаларининг устози Рўзиқул Бердиев журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Бугун ўйин оғир бўлди. Бунга тажрибали рақиб сабаб. Биринчи бўлимдаги ташаббусимизни охиригача ушлаб қолдик. Иккинчи бўлимда гол ўтказган бўлсак ҳам асосийси ғалабани қўлдан чиқармадик. Рақибга нисбатан назорат қилишда кўпроқ хато қилгандирмиз, аммо вазиятларда улардан анча устунлик қилдик. Бир нечта вазиятларда Нестеров ҳам яхши ҳаракат қилди.

- Ўринбосарлар таркибида Шахзод Нуриддинов яхши ўйнади ва учта гол урди. Уни ҳам кейинги ўйинларда синаб кўрасизми?

- Биласизлар, ўринбосарлар учрашувини ҳар ўйинда кўраман. Уларнинг ўйинига қараб баъзида машғулотларимизни ҳам эртароқ ташкил қиламиз. Барча ёшларни кузатяпмиз. Ўсадиганларини асосий таркибга жалб қиламиз. Ҳақиқатан Нуриддинов захирадан майдонга тушиб ажойиб ўйнади. Барчаси эътиборимизда.

- ОФК Кубоги олдидан кайфият қандай? Рақибни қай даражада ўргандинглар?

- Ўзим бўлажак рақибнинг ОФК Кубогидаги иккита ўйинини тўлиқ кўриб чиқдим. Тажрибали жамоа. Кучли легионерларга эга. Ҳиндистоннинг энг йирик, бой клубларидан. Буни ҳам йигитларга кўрсатамиз ва керакли гапларни айтамиз.

- Норчаевни ўрнига Калудеровични туширдингиз. Умуман, иккала ҳужумчининг тандемини қандай кўряпсиз?

- Баъзи учрашувларда улар биргаликда ҳаракат қилишяпти. “Турон” билан баҳсда ҳам ёмон ўйнашмади. Лекин бугун рақибни ва кейинги учрашувни ҳисобга олган ҳолда битта ҳужумчи билан ўйнашга қарор қилдик. Кейинги учрашувгача вақт бор.

- Ўйиндан кейин Нестеров билан яхши кайфиятда хайрлашдингиз-у, аммо у сизга норози ҳолатда ниманидир тушунтиришга ҳаракат қилди...

- Норози эмас. Ёш йигитларингиз жуда тажовузкор ҳаракат қиляпти деди. Албатта, бу - футбол. Курашларга бой бўлиши керак. Бойдуллаев ёки Нестеров каби ўйинчилар билан курашмаслик бу нотўғри-ку. Қаердадир ёшларимиз нотўғри ҳаракат қилган бўлса, мен узр сўрайман. Нестеровни жуда ҳурмат қиламиз. Бойдуллаев ҳам вақтида “Насаф”нинг етакчиларидан бири бўлган, ғалабаларга катта ҳиссасини қўшган. Бу футболчилар билан муносабатимиз яхши. Ҳазиллашиб гаплашдик ва кейинги ўйинларда бир-биримизга омад тиладик.

- Муҳим учрашув олдидан ҳеч қандай йўқотиш йўқми?

- Баъзи ёшларимизда кичик жароҳатлар бор. Ўйлайманки, учрашувгача ҳаммаси тикланади.

- Дарвозабон масаласи...

- Албатта, Неъматовни жароҳати жиддий. Анчадан бери ўйинларимизда қатнашмаяпти. Клуб уни Москвага жўнатади. У ерда тиббий кўрикдан ўтади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!