Компанининг жамоадошлари ҳозир қаерда?
Ads

Премьер Лиганинг кўплаб ҳимоячилари орасида Венсан Компани каби сифатлиларини ажратиб кўрсатиш қийин.

«Манчестер Сити» сардори 2008-йил августида «Вест Хем»га қарши дебют ўйинини ўтказиб 3-0 ҳисобида ғалабага эришган эди.

Компани «Этиҳад Стэдиум»да муҳим фигурага айланиб улгурган бир вақтда у билан ўша ўйинда иштирок этган қолган шериклари ҳозир қаерда ўйнашмоқда? Squawka нашри унинг жамоадошларини ёдга олди.

Жо Харт

Харт маълум бир муддат ҳам Англия термасида, ҳам «Манчестер Сити»да асосий дарвозабон бўлди.

31 ёшли футболчининг бахтига қарши унинг «шаҳарликлар» билан ўн йиллик ҳамкорлиги ушбу ёзда ўз ниҳоясига етди. У янги мавсумдан бошлаб «Бёрнли» шарафини ҳимоя қилади.

У Манчестер клуби билан икки марта Премьер Лига, Лига Кубоги ва бир марта Англия Кубогини қўлга киритди. Бироқ унинг ўйинидаги пасайиш сабаб 2016-йилдан бери амалда клубдаги фаолияти якун топган эди.

Ведран Чорлука

Чорлука ўша ўйинда «Манчестер Сити»нинг ўнг қанотдаги асосий танлови бўлган эди. Бироқ ўшандан озгина муддат ўтиб хорватиялик футболчи Марк Хюзнинг жамоасидан кетди. 2008-йил 1-сентябрда ҳимоячини «Тоттенхем» ўз сафига қўшиб олди. У янги жамоасида икки мавсум юқори ўйинини намойиш қилди. Кейинчалик захира футболчисига айланиб қолгач «Байер»да ўз омадини синаб кўрди. Алал-оқибат у ҳозирда Москванинг «Локомотив» жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.

Мика Ричардс

Ричардс фаолиятининг аввалида нафақат «шаҳарликлар»нинг балки Англия термасининг умидли ёш ҳимоячиларидан бири ҳисобланарди. Бироқ унинг ишлари кейинроқ умуман юришмади ва 30 ёшли ҳимоячи футбол дунёси нигоҳидан четда қолиб кетди.

Ричардс 2011-12-йилги чемпионлик мавсумида ўзининг энг ёрқин ўйинларини намойиш қилди. Бироқ унинг ўйинида муаммолар юзага чиқа бошлагач 2014-йилда «Фиорентина»га ижарага бериб юборилди.

Унинг амалдаги шартномаси 2016-йилда ўз ниҳоясига етгач у «Астон Вилла»га бориб қўшилди. У айни вақтда Чемпионшипда ўз омадини синаб кўрмоқда.

Тал Бен-Хаим

Бен-Хаим ўша ўйинда омад кулиб боқиб асосий таркибда ўйинни бошлаган эди. Орадан ярим мавсум ўтиб у «Портсмут»га ижарага жўнатилди. Шундан кейин исроиллик футболчи Англиянинг бир қатор, хусусан, «Сандрленд», «КПР», «Вест Хем» ва «Чарлтон»да ўз омадини синаб кўрди.

Ҳимоячи айни вақтда Исроилнинг «Бейтар» клубида тўп сурмоқда.

Майкл Болл

Болл «Вест Хем»га қарши ўша ўйинда сардорлик қилган эди. Бироқ бу унинг клубдаги энг омадли даври бўлиб қолди.

2009-йил январида жиддий жароҳат олгач чап қанот ҳимоячиси нақ тўққиз ойни ўтказиб юборди. Ёзда унинг шартномаси муддати тугагач клуб у билан хайрлашиб қўя қолди.

Шундан кейин «Блекпуль», «Уиган» ва хатто «Лестер»да ҳам ўз омадини синаб кўргач, бутсасини «михга илиб қўйди».

Стефан Айрленд

10 йил олдин «Вест Хем»га қарши иккалага голга ассистентлик қилиб, клубнинг ёш умидли ҳужумкор ярим ҳимоячиси мақомида эди. Бироқ Марк Хьюзнинг 2009-йил декабрида клубдан кетиши билан Айрленднинг ҳам ишлари чаппасига кетди. Янги бош мураббий Роберто Манчини қўли остида у захирага михланди ва «Астон Вилла»га Жеймс Милнер трансферининг бир қисми сифатида йўл олди.

Ярим ҳимоячи 2013-йилда «Сток Сити»да севимли мураббийи Хьюз билан қайта топишди. Хьюз унинг иқтидорини намойиш қилиш қобилияти туфайли бироз муддат биргаликда фаолият олиб борди.

Венсан Компани

Вақт одами! Компани дебют ўйинини ўтказганидан кейин Европанинг энг кучли ҳимоячиларидан биригача бўлган масофани босиб ўтди.

Бельгиялик ҳимоячи 2008-йилда дебютини ўтказганидан кейин клубнинг асосий ҳимоячиси бўлиб келди. Гарчи у сўнгги йилларда жароҳатлар сабаб ўз ўйинини кўрсата олмаётган бўлсада, «Манчестер Сити» тарихидан фахрли жойни олиши аниқ.

Майкл Жонсон

2008-йил ёзида Жонсонни «Ливерпул» билан боғлашарди, футболчини Англия футболининг энг иқтидорли футболчиси дея баҳоланарди.

Аммо унинг келажагига узоқ муддатли жароҳатлар «болта урди» ва у ўртадан ғойиб бўлди. У 2011-йилда «Лестер»га ижарага берилди. 2012-йилда эса «шаҳарликлар» билан ҳам тўлиқ алоқани узишга мажбур бўлди.

Мартин Петров

Ўшандан бир йил аввал Петров жамоанинг асосий таркиб футболчиси эди. Лекин 2008-09-йилги мавсумда у қийинчиликка учрай бошлади. Бир йил ўтиб клубга Карлос Тевес ва Эммануель Адебайор келгач у захира футболчисига айланди.

2010-йилда болгариялик вингер клубни «Болтон»га алмаштирди. 2013-йилда Испаниянинг «Эспаноль»ида ўз омадини синаб кўрди.

Фаолиятининг интихосида у жонажон юртининг «ЦСКА»си шарафини ҳимоя қилди.

Элано

Ажойиб техникага эга бўлган бразилиялик ҳужумчининг Англиядаги фаолияти узоқ давом этмади. 2008-09-йилда «Манчестер Сити»да ажойиб мавсумни ўтказган Элано сал ўтиб «Галатасарой» клубига қўшилди. У ерда ҳам узоқ қолиш насиб қилмади ва ҳужумчи ватанига, «Сантос»га қайтди.

Ундан кейин у «Гремио», «Фламенго» ва ҳатто Ҳиндистон чемпионатида ўз омадини синаб кўришга муваффақ бўлди. У айни вақтда яна «Сантос» билан бирга.

Даниел Старридж

2008-09-йилги мавсум 18 ёшли Старридж учун муҳим даврга айланди. Ёрқин ўйинлари эвазига у «Челси»га бориб қўшилди. Лондонда асосий таркиб футболчисига айланишда муаммоларга учраган вингер 2013-йилда жамоасини «Ливерпул»га алмаштирди.

Англиялик ҳужумчи ҳамон мерсисайдликлар билан бирга бўлсада, жароҳатлар гирдобига тез-тез тушиб қолиши эвазига Юрген Клоппнинг ишончига кира олмаяпти.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.