Кутиб олинг, Шомуродов!
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг машғур футболчиси Элдор Шомуродов ҳисобланади. Юртимиз футбол ишқибозларининг янги мавсумда 29 ёшли ҳужумчидан умидлари катта.
Чунки Элдор 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнирининг энг муҳим босқичида терма жамоамизга етакчилик қилиши керак.
Сречко Катанец шогирдлари Осиё қитъасининг 3-саралаш босқичида “А” гуруҳида Эрон, Қатар,
Бирлашган Араб Амирликлари, Қирғизистон ва Корея Халқ Демократик Республикаси вакиллари билан рақобатлашади.
Буларнинг бари билан ўйнаса бўладиган жамоалар. Ҳаммаси билан ўйнаш тажрибамиз бор. Мутахассислар қуръани қулай келди, дейишмоқда. Халқимиз футболчиларимизнинг Олимпия ўйинларидан кейин тарихда илк бор жаҳон чемпионатига чиқишига ишонмоқда.
Мураккаб учрашувларда Элдор ҳақиқий етакчилигини намойиш қилиши шарт. Бунинг учун терма жамоа сардори клублар миқёсида ҳам мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиши талаб этилади.
Шу маънода, Шомуродов қисқа фурсатда ўзига янги жамоа топиши керак. Париж Олимпиадасидаги иштирокидан кейин Элдор Тригориядаги клуб базасига етиб борган ва “Рома” машғулотларига қўшилди.
- Элдор Шомуродовни Тригорияда кутиб олишди. Ўзбек ҳужумчиси “Кальяри”даги бир йиллик ижара муддатидан кейин терма жамоаси билан Олимпия ўйинларида қатнашди ва жамоа машғулотларига энди қўшилишига имкон бўлди.
Шунга қарамай, форварднинг Тригориядаги машғулотлари узоқ давом этмайди. Шомуродов бош мураббий Даниэле Де Россининг кейинги мавсум учун режаларига киритилмаган ва ўзига янги жамоа излаши керак, - деб ёзди calciocasteddu.it сайти.
Италиянинг айрим нуфузли манбалари Шомуродов машғулотларга киришганини ва ҳужумчига дастлабки харидор борлигини ва “Рома” билан музокаралар бошлангани ҳақида маълумот тарқатмоқда.
- “Рома” янги мавсум бўйича ишлашда давом этади. Клуб спорт директори Флоран Гисольфи “Жирона” марказий ҳужумчиси Артём Довбик трансферини ҳал қилди.
Жамоа аъзолари куннинг дастлабки машғулотларини спортзалда ўтамоқда. Машғулотларга Олимпия ўйинларидан қайтган Элдор Шомуродов ҳам қўшилди. У жамоага янги қўшилган Даль ва Суле каби янги ўйинчилар билан бирга шуғулланмоқда, - деб ёзди ilromanista.eu сайти ўз интернет саҳифасида.
Маълумотларга қараганда, Шомуродовни “Верона” ўз сафига қўшиб олмоқчи. 121 йиллик тарихга эга бу клуб фаолиятини ёритиб бораётган сайт ҳам трансфер масаласида хабар тарқатди.
- “Верона” ўтган мавсумни “Кальяри”да ижарада ўтказган “Рома”нинг 29 ёшли ҳужумчиси Элдор Шомуродовга қизиқиш билдирмоқда. Ўзбек ҳужумчиси сардинияликлар сафида 3 та гол ва 3 та ассист муаллифи бўлди.
Ундан олдин ярим мавсум “Специя”да ўйнаб, 16 та учрашувда битта гол ва иккита голли узатма қайд этган эди.
Шомуродов “Рома”даги фаолияти давомида жами 46 та ўйинда олти марта рақиблар дарвозасини ишғол қилиб, яна шунча голли пас берган. Римликлар уни “Женоа”даги дебют мавсумида 32 та учрашувда саккизта гол уриб, иккита ассистни амалга оширганидан кейин 2021 йилнинг ёзида сотиб олган эди.
Бу ҳужумчининг transfermarkt.world порталидаги трансфер суммаси 5 миллион евро экани кўрсатилган, бироқ “Верона” уни кейинчалик сотиб олиш мажбуриятисиз бир йилга ижарага олмоқчи, - деб маълумот тарқатмоқда tggialloblu.telenuovo.it сайти.
Демак, Италияда трансфер ойнаси кузнинг илк кунида якунланишини инобатга олсак, август ойи ичи Элдор Шомуродов фаолиятида ўзгариш бўлишини кутамиз.
Хорижлик мураббий Файзуллаевни Европага “жўнатиб” юборди!
Фикрлар
Raxmat penalti uchun