ЦСКА Файзуллаев бўйича ҳамма кутаётган маълумотни чиқарди
Москванинг ЦСКА жамоаси янги мавсумда Россия Премьер-лигаси ва мамлакат кубогида юқори мақсадлар сари курашишни мақсад қилган.
Мавсумнинг дастлабки учрашувларида Аббосбек Файзуллаев “армиячилар”га ёрдам бера олмади. Бунга 20 ёшли ҳужумкор футболчимизнинг Франция пойтахтт Париж шаҳри мезбонлик қилган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этгани бўлди.
Париждаги ўйинларда Ўзбекистон терма жамоаси Испания ва Мисрга кичик фарқ билан ютқазди, Доминикан Республикаси футболчилари билан дуранг ўйнади. Бир очко гуруҳдан чиқишга камлик қилди ва олимпиячилар бирин-кетин ўз клубларига қайтмоқда.
ЦСКА раҳбарияти, мураббийлар штаби ва мухлислари Аббосбек Файзуллаевнинг қайтишини интизорлик билан кутаётган эди. Чунки ленионеримизнинг жамоа ўйинига таъсири катта. “Армиячилар”нинг аксарият ҳужумлари айнан Аббосбек Файзуллаев орқали ташкил этилади.
Ўтган чемпионатда ЦСКА Россия Премьер-лигаси иштирокчилари орасида энг кўп гол урган жамоа бўлганида ҳам ҳамюртимизнинг хизмати катта.
ЦСКА футболчилари Аббосбек Файзуллаевсиз Премьер-лигада иккита ва мамлакат кубоги доирасида битта учрашув ўтказиб улгурди. Бу баҳсларда биттадан ғалаба, дуранг ва мағлубият қайд этилди. Иккита баҳсда “армиячилар” рақиб дарвозасига йўл топа олмади.
Мана энди ЦСКА ҳужумлари дирижёри Аббосбек Файзуллаев Олимпия ўйинларидаги иштирокини якунлаб, яна жамоасига қайтди. Клубнинг коммуникациялар бўйича директори Кирилл Брейдо бу ҳақда хабар берди.
— Аббос Файзуллаев эрта тонгда Москвага етиб келган. Эртага Ватутинкадаги базада машғулот режалаштирилган. Унда Аббос ҳам иштирок этади, - деди Кирилл Брейдо.
Янги бош мураббий – Марко Николич бошчилигидаги ЦСКА футболчилари Премьер-лигадаги учинчи тур учрашувини 4 август куни сафарда “Оренбург” жамоасига қарши ўтказиши белгиланган.
Режага кўра, мураббийлар штаби терма жамоадан қайтган Аббосбек Файзуллаевнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини назоратдан ўтказганидан кейин ҳамюртимизнинг бўлажак баҳсда қатнашиш ёки дам олиши бўйича якуний қарор чиқарилади.
Эслатиб ўтамиз, Аббосбек Файзуллаев бир йил муқаддам ўзини тарбиялаган “Пахтакор” клубидан ЦСКАга трансфер қилинган эди. Тошкентликларга бу трансфер 500 минг евро келтирган.
Аббос легионер сифатидаги илк мавсумида 32 та учрашувда иштирок этиб, бешта гол ва 14 та ассист муаллифи бўлди. Ҳамюртимиз Россия Премьер-лигасининг кашфиёти совринига лойиқ топилди.
Бир мавсум давомида Файзуллаевнинг трансфер суммаси бир неча баравар ошиб, ҳозир 6 миллион еврони ташкил қилмоқда.
Фикрлар