Кутилмаганда Шомуродовдан хушхабар келди!
Ана энди зўр бўлди!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 12 ноябрь Тошкентда Россия футболчилари билан халқаро ўртоқлик учрашувини ўтказиши белгиланган.
Яқинда Фабио Каннаваро бошчилигидаги мураббийлар штаби ноябрь ойидаги йиғинларда қатнашадиган футболчилар рўйхатини эълон қилганди. Унда бугунги кундаги энг машҳур футболчимиз Абдуқодир Ҳусанов кичик жароҳатини даволатиш ва тикланиш мақсадида йиғинга жалб қилинмаслиги маълум қилинди.
Бундан ташқари терма жамоа сардори Элдор Шомуродов ҳам оилавий масалалар сабабли йиғиннинг бошини ўтказиб юбориши айтилди. Тажрибали тўпурарнинг Россия миллий терма жамоасига қарши майдонга тушиши ҳам сўроқ остида эди.
Вазият кутилмаганда ижобий томонга ўзгарди. Элдор Шомуродов қисқа фурсатда Тошкентга етиб келиб, терма жамоа ихтиёрига қўшилди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизматининг хабар беришича, Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” клуби форварди Тошкентдаги машғулотларга тўғридан-тўғри қўшилди ва бўлажак ўртоқлик учрашувига тайёргарликни бошлаб юборди.
Шомуродовнинг сафга қўшилгани бош мураббий Фабио Каннаваро ихтиёридаги жамоанинг ҳужумини сезиларли даражада кучайтиради ва олдинги чизиқдаги имкониятларини оширади.
Экспертларнинг таъкидлашича, Шомуродовнинг жамоага қўшилиши нафақат тактик схемаларни бойитади, балки Россия миллий терма жамоасига қарши мураккаб ўйин олдидан футболчиларимизнинг руҳий ҳамжиҳатлиги ва ишончини икки баробар оширади.
Қолаверса, Россия футбол жамоатчилиги ҳам ўртоқлик учрашувни ўтказиш масаласи ҳал бўлганидан кейин Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ўзларига яхши таниш бўлган Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаевнинг ўйинини томоша қилишга қизиқиш билдирган эди.
Маълумки, Элдор “Ростов”даги, Аббосбек ЦСКАдаги ўйинлари билан россиялик футбол ишқибозлари ва мутахассисларнинг эътибор ва эътирофини қозонган.
Таъкидлаш жоизки, ноябрь ойи давомида Россия ва кейин Қатарда Саудия Арабистони миллий терма жамоалари билан бўладиган ўртоқлик учрашувларида Элдор Шомуродов халқаро миқёсда гол уриш бўйича ўз рекордини янгилаш имконига эга. Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги энг зўр тўпурар ҳисобланган 31 ёшли ҳужумчи ҳисобида ҳозирча 97 та ўйинда урилган 47 та гол бор.

Изоҳлар (0)