Легионеримиз шартномани бекор қилди. У Суперлигага қайтяпти
Осиёнинг қатор чемпионатларида ўзбекистонлик футболчилар тўп суришаётгани барчага маълум. Яна кимдир кетяпти, кимдир эса қайтяпти. Ҳарқалай четда легионер сифатида тўп суришнинг ўзига яраша машаққатлари мавжуд.
Малайзияда доим легионер ўйинчиларимиз тўп суриб келадилар. Жумладан, мухлисларимиз яхши билган футболчи Қувондиқ Рўзиев ўтган йилнинг ёзида ушбу мамлакат чемпионатига кўчиб ўтгани ёдингизда бўлса керак. “Турон”да ўйнаб турган чоғида унга Малайзиянинг “Шри Паханг” клубидан яхши таклиф келиб тушганидан сўнг Рўзиев илк бор легионер мақомига айланди.
Айтиш лозимки, Қувондиқнинг у ердаги фаолияти яхши бошланди. Негаки, у қисқа фурсат ичида клубининг асосий ўйинчиларидан бирига айланди. Натижада чемпионатдаги деярли барча учрашувларда майдонга тушди. Ўшанда у 1 та гол уриб, 3 та голли пасни амалга оширган. Бу йил эса Малайзия чемпионати май ойидан бошлаган бўлиб, ҳозиргача Рўзиев учта беллашувда майдонга тушди.
Аммо доим ҳам барчаси бир текисда кетавермайди. Боиси, Қувондиқ энди “Шри Паханг” учун ўйнамайдиган бўлди. Гап шундаки, клубда молиявий томондан муаммолар бор ва бу ҳол анчадан бери давом этиб келмоқда. Рўзиев эса клубни тарк этганини маълум қилди. Амалда шартномаси бор эди, аммо томонлар уни бекор қилиш бўйича келишиб олишган. Шу тариқа, Қувондиқнинг “Шри Паханг”даги бир йиллик фаолияти якунига етди. Ўз навбатида клуб ҳам унинг кетганини тасдиқлаб миннатдорчилик билдирди.
30 ёшли ярим ҳимоячи бунга қадар “Локомотив”, “Қўқон-1912”, “Навбаҳор”, “Турон” сингари жамоаларда ўйнаган. У яна ўзимизнинг Суперлигада фаолиятини давом эттиради. Қувондиққа аввалроқ бир қатор жамоалардан таклифлар тушган. Уларнинг орасида “Нефтчи”нинг имкониятлари юқорироқ туюлмоқда. Рўзиев бугун Малайзиядан Тошкентга қайтиб келади. Шу кунларда футболчининг янги жамоаси номи маълум бўлади.
Фикрлар