Левченко: "Дербилар доим шиддатли ўтган ва бугун ҳам бунга гувоҳ бўлдик"

Cоcа-Cоlа Суперлига 19-туридан ўрин олган Турон – Нефтчи (0:3) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Виталий Левченко ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Дербилар доим шиддатли ўтган ва бугун ҳам бунга гувоҳ бўлдик. Бундай баҳслар принципиал аҳамият касб этади. Бугун пенальти ҳам, қизил карточка ҳам кўрдик. Шу сабабли беллашув мухлисларга маъқул бўлди деб ўйлайман.

Тўраев кечаги машғулотда оёғида оғриқ сезди, унда кичик жароҳат бор эди. Унга дам олиш имконини беришга қарор қилдик. У жамоамиз сардори ва келгуси баҳсга тайёргарлик кўрмоқда.

Бугун ёшлардан Валиев майдонга тушди. У21 таркибимиздан бир қатор футболчиларни таркибга жалб қилдик. Улар машғулотларда иштирок этиб, мослашмоқдалар. Аммо бу тез содир бўладиган жараён эмас. Умидли ёшларимиз бор, келгусида уларга кўпроқ имконият беришимиз мумкин.

Ларин узоқ вақт ўйнамади ва аста-секин майдонга қайтмоқда. Олексий учрашувни асабий тарзда бошлади, кўплаб хатолар қилди. Танаффусда ундан босиқликни сўрадим. Жароҳатдан қайтганидан сўнг футболчига бироз вақт керак.

Қабул қилиб олган икки мағлубиятдан сўнг ҳам таслим бўлмаймиз. Тўғри, натижалар аламли бўлди ва руҳия жиҳатдан салбий таъсир кўрсатди. Бугунги беллашув эса футболчилар ҳали қўлларини туширмаганликларини, яхши кайфиятда эканини кўрсатиб берди. Совриндорлар сафида жой олсак, албатта бундан хурсанд бўламиз”, – деди Левченко.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!