Мадридни кўзлаётган Тошев Ўзбекистон билан ўйинни бир йилдан бери кутяптими?
Сўнгги йилларда Тожикистон футболи сезиларли даражада ўсиб бораётгани тез-тез тилга олинмоқда. Бунга эса бир қанча мисолларни келтириш мумкин. Биз учун эътиборлиси шундаки, мамлакат миллий терма жамоасини ҳамюртимиз Усмон Тошев бошқариб келмоқда.
Мухлисларимиз эса уни жуда яхши билишади. Қолаверса, унинг қўшни юртда олиб бораётган фаолияти юзасидан сайтимиз орқали ҳам бир неча бор хабарлар ва мақолалар бердик. Чунки бунга доим қандайдир сабаблар пайдо бўлаверади.
Хабарингиз бўлса, охирги кунларда Тожикистон билан Ўзбекистон терма жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйини ўтказиш борасида хабарлар кенг тарқалди.
Усмон Тошев эса бизнинг бу борадаги мурожаатимизга ҳам эътибор қаратди ва вазиятга ойдинлик киритди.
- Тожикистонда ҳам миллий чемпионат ўйинлари яна бошланаётганлиги муносабати билан ишимиз жуда кўп. Федерациядаги айрим бўлимларга ёрдам беряпман. Шунинг учун вақтим тиғиз бўлиб қолди. Аксига олиб, сиз билан мулоқотга киришганимда вақтим бемалол бўлиши лозим.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувига келсак, ҳақиқатан ҳам Вадим Абрамов билан яқин дўстмиз. Футболдан ташқарида ҳам у билан муносабатларимиз жуда илиқ. Албатта, Ўзбекистон ҳамда Тожикистон терма жамоалари иштирокида ўртоқлик ўйинини ташкил этиш бўйича гаплашяпмиз. Ҳозирча, беллашувнинг муддатини ҳал қилиб олишга ҳаракат қиляпмиз. Фақат сентябрь ойида ФИФА кунлари бор. Ана шунда барча ўйинчиларимизни, легионерларимизни ҳам йиғишга ҳаққимиз бор. Бошқа пайт эса хориждаги футболчиларни клублари қўйиб юбормаслиги мумкин. Лекин биз июль ёки августда ҳам учрашувни ўтказиш йўлларини кўриб чиқяпмиз.
Мана, Ўзбекистон ва Тожикистон чемпионатларининг тақвимлари ҳам тасдиқланди. Агар биз ушбу ойда тўпланадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг бу ойда йиғин ўтказиш режаси йўқ. Демак, бу ойда ўз-ўзидан ўртоқлик ўйини бўлмайди. Июлда Ўзбекистон тўпланмоқчи бўлса, бизда йиғин ўтказиш режаси йўқ. Ҳозирда мана шундай масалалар бор ва уларни кўриб чиқяпмиз. Албатта, агар Ўзбекистон билан ўйнай олсак, бу жуда яхши бўларди. Бундан мухлисларимиз ҳам хурсанд бўлишарди.
Ўзбекистон билан Тожикистон бир-бирига дўст, нафақат футболда, балки бошқа соҳаларда ҳам ўзаро ҳамкорликлар кучайиб боряпти. Урф-одатларимиз ҳам бир. Шунингдек, ушбу ўйиннинг биз учун яна бир фойдали томони шундаки, Ўзбекистон кучли рақиб. Қолаверса, иккала мамлакат бир-бирига қўшни бўлгани сабабли учиб бориш ҳам яқин. Шундай экан, Ўзбекистон терма жамоаси билан ўйнасак ҳар томонлама яхши бўларди.
Бундан ташқари, Қозоғистон билан ҳам ўйин ўткамоқчимиз. Қирғизистон билан эса ўйнай олмаймиз. Негаки, улар билан жаҳон чемпионати саралаш доирасида бир гуруҳдамиз. Лекин, мен умид қиламанки, Ўзбекистон билан учрашувни ташкил қила оламиз. Ахир биз бу ўйинни уюштириш учун бир йилдан бери ҳаракат қилиб келяпмиз. Шунчаки, беллашув муддати режаларимизга тўғри келмай қоляпти.
Тошев билан боғлиқ яна бир эътиборли жиҳат шунда бўлиб турибдики, бунга Ўзбекистон терма жамоасида ишлаши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар сабабдир. Аммо ҳамюртимиз буни тасдиқлагани йўқ. Умуман айтганда, унга бошқа жойлардан ҳам таклифлар кўплиги ҳақида эшитиб турибмиз. Шунинг учун мураббий бизни қизиқтирган масалага ҳам жавоб қайтарди.
- Ишлашни хоҳлайдиган мураббийга доим таклиф бўлади. Бу каттами ё кичикми, муҳими терма жамоа ва клублар миқёсида чақирувлар бор. Агар сизнинг хизматингизга бошқалар томонидан қизиқишлар бўляптими, у ҳолда ишингизга бефарқ эмаслар. Аммо мени Тожикистон футбол федерацияси билан амалдаги шартномам бор. Бу ердаги вазият, ҳурмат, эътибор ҳамма-ҳаммаси мени қониқтиради. Шундай экан, менинг барча фикру-ҳаёлим Тожикистон терма жамоасига қаратилган. Мана, бешинчи ойдирки, уйимга ҳам бормасдан шу ерда ишим билан банд бўлиб юрибман. Мен бошқа нарсаларга чалғимасдан 100 фоиз кучимни бериб, Тожикистон терма жамоасида ишлаяпман. Ўзбекистон терма жамоасида ишлашим ҳақидаги хабарларга келсак, куни кеча Вадим Абрамовнинг бу борада айтган гапларига мен ҳам қўшиламан.
Тошев гарчи катта тажрибага эга бўлса-да, у доимо ўқиб изланишдан ва малака оширишдан қочмайди. Яқинда эса ҳамюртимизнинг Мадридга бориб, “Атлетико” клубида малакасини ошириши кутилганди. Ўз навбатида ўзбекистонлик мутахассис ушбу масалага ҳам ойдинлик киритди.
- Албатта, насиб бўлса Испания клубига бораман. Фақат пандемия туфайли бу сафарим қолиб кетди. Аслида эса май ойида бормоқчи эдим. Бу борада улар билан ҳаммасини гаплашиб, ҳал қилиб қўйгандик. Лекин ҳали у ерга боришга вақтим бўлади. Вазият ижобий томонга ўзгариб, халқаро авиарейслар яна очилгач, сафаримни амалга ошираман.
Сиз мени биласиз, доим ўрганишни хоҳлайман. Ким нима дейиши билан менинг ишим йўқ. Муҳими, хотиржам равишда ўз ишим ва ўз йўлим билан юрибман.
Қизиқ, Усмон Тошевнинг “Атлетико”га сафари қандай ва қай тариқа амалга ошаркин? Бу борада унга кимлар ёрдам беряпти? Ҳар холда бундай катта клубларда амалиёт ўташнинг ўзи бўладими?
- Ўзимнинг алоқам бор. Исталган мамлакатга бориб, ишим юзасидан ўрганиб келсам бўлади, - дея гапини давом эттирди Тошев. - Ҳамма жойда дўстларимиз бор. Боз устига 2009 йилдан бери ФИФАда ишлаяпман. Шунингдек, ОФКдаги фаолиятим ҳам давом этяпти. Демак, танишларим кўп. Асосийси, инсоннинг ўзида иштиёқ кучли бўлиши керак. Мен борганга яраша шунчаки дам олиш учун эмас, балки ўз устимда ишлаб, мураббийлик соҳаси бўйича билимларимни янада оширмоқчиман. Керакли саволларимга жавоблар топмоқчиман. Ҳозирги замонда қаергадир бориб ўрганиш борасида қийинчилик йўқ. Агар истагингиз бўлмаса, яқин вилоятга ҳам бора олмайсиз.
Фикрлар