Маҳмуд Мурадов навбатдаги жангини ҳам Чехияда ўтказади
Ads

Ўзбекистонлик ММА жангчиси Маҳмуд Мурадов (15-6, КО9) ўзининг навбатдаги жангини кўпчилик кутгандек Bellator’да эмас, балки Чехияда ўтказади. Жанг 28 июн куни Прагада жойлашган энг катта аренада бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Бундан олдинги жанг ҳам Прагада ташкил этилиб, ҳамюртимиз 41 ёшли Эрвалдо де Оливейрани (35-22-0) иккинчи раундда нокаутга учратган эди.

Бундан олдин XFN (X Fight Nights) турнири доирасида ўтган жангдан сўнг ўзимни яхши ҳис қиляпман. Болдир суягимда бироз оғриқ бўлсада, унчалик жиддий эмас. Навбатдаги жангни Чехиядаги энг йирик “O2 Арена”да бўлиб ўтади. Ушбу жангда Давид Рамирес билан учрашишни ва реванш олишни истардим, бироқ у икки марта мен билан жанг қилишдан бош тортди, – дейди Маҳмуд Мурадов Sports.uz интернет порталига.

Ҳозирда Лас-Вегасда машғулотларни давом эттиряпман. Шу кунларда Флойд Мейвезер Лос-Анжелесга келади. Биз у билан кўришиб, режаларни муҳокама қиламиз. Унинг сўзларига кўра, мен UFCда жанг қиламан, бироқ шартнома бўйича ҳозирча ҳеч нарса дейишганича йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Маҳмуд Мурадов 2016 йил декабр ойида жароҳати билан бразилиялик Давид Рамиресга қарши рингга чиққан ва мағлуб бўлган эди.

Маълумот учун: Маҳмуд Мурадов World Kickboxing Network ташкилоти талқини бўйича қитъалараро чемпион, Cавеам талқини бўйича жаҳон чемпиони ва ХФН талқини бўйича жаҳон чемпиони ҳисобланади.