Максим Шацких: "Бизда майдонлар сифатли бўлишини хоҳлардим"
Ўзбекистон Суперлигаси 22-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Қўқон-1912" учрашуви ниҳоясига етди. Унда мезбонлар йирик 5:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Беллашувдан сўнг ҳар иккала жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қуйида "шерлар" устози Максим Шацкихнинг фикрлари билан танишиб чиқинг:
"Биринчи бўлимда кўп вазиятлар яратдик, бироқ рақиб икки зарбаси билан ҳисобни тенглаштириб кетди. Иккинчи бўлимда тезлик қўшсак, барчаси жойида бўлишини сезиб тургандик. Янада кескинроқ ўйнай бошладик ва буни натижада акс эттирдик.
Чемпионлик учун кураш давом этади. Олдинда бизда яна 4та тур кутиб турибди. Биз ўз ўйинларимизга эътибор қаратиб, уларга жиддий тайёрланишга уринишимиз керак.
Бизда майдонлар сифатли бўлишини хоҳлардим. Нафақат асосий жамоалар, балки ёшлар, академия тарбияланувчилари ҳам яхши майдонларда шуғулланиши зарур. Шунда уларнинг маҳорати ортиб боради.
Футболчи майдонга чиққанда фақат рақиб билан курашиш ҳақида ўйлаши лозим, бошқа нарсаларни эмас. Бизнинг шароитда 8-9 ой қуёш чарақлаб туришини ҳисобга олсак, бемалол сифатли майдонларни кўпайтирса бўлади. Бунга пул сабабми ёки яхши агрономлар етишмаяптими, билмайман. Бу ҳар бир клубнинг алоҳида муаммоси", - деди амалдаги чемпионлар бош мураббийи.
Манба: "Пахтакор" ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар