Маррей Вавринкани тўхтатиб, Нисикорини ярим финалга олиб чиқди
Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида Профессионал теннисчилар уюшмасининг - АТР якуний чемпионати гуруҳ беллашувлари тугади.
Мукофот жамғармаси етти ярим миллион АҚШ доллари бўлгани мусобақанинг Жон Макинрой гуруҳида қизиқарли вазият юзага келди. Гуруҳ пешқадами - мезбон теннисчи Энди Маррей барча учрашувларни ўз фойдасига ҳал қилиб, плей-офф босқичига йўлланма олди.
Бироқ, иккинчи йўлланма тақдири охирида ҳал бўлди. Қизиғи, Маррей муддатидан олдин ярим финалга чиққан бўлса-да, иккинчи йўлланма эгаси тақдири айнан унга боғлиқ бўлиб қолди. Турнирда учинчи рақамда сараланган швейцариялик Станислас Вавринка иккинчи йўлланмага асосий даъвогар эди. Бироқ у британиялик теннисчига осон мағлубиятга учради – 4:6, 2:6.
Иккинчи учрашувда япония Кей Нисикори хорватиялик Марин Чилич билан рақобатлашди. Буни қарангки, бунгача икки учрашувни бой берган хорват теннисчиси япон самурайини 3:6, 6:2, 6:3 ҳисобида таслим қилди.
Гуруҳда, уч нафар теннисчи биттадан ғалаба ва иккитадан мағлубият қайд этди. Қўшимча кўрсаткичларга кўра плей-офф йўлланмаси Кей Нисикорига насиб қилди.
Фикрлар